Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2019, Тошкент вақти: 17:50

“Илҳом” театри режиссёрини ўлдиргани учун 19 йилга кесилган маҳкум Тожикистонга топширилди


Тошкентдаги "Илҳом" театри раҳбари, режиссёр Марк Вайлни 2007 йилда ўлдирганликда айбланиб, 2010 йили суд ҳукми билан 19 йилга кесилган 46 яшар Ëқуб Ғафуров, расмий Душанба сўровига асосан, Тожикистонга экстрадиция қилинган. Тожикистондан олинган бу хабарни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мулозими тасдиқлади.

Марк Вайлнинг ўлими билан боғлиқ 2010 йилнинг бошида бўлиб ўтган суд жараёни тўғрисида Озодлик ўз вақтида хабар қилган эди.

Мустақил тожик журналисти Мирзо Салимпур, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги мулозимидан олгани маълумотларга таяниб, Ёқуб Ғафуровнинг Тожикистонга бу мамлакатда содир этган бошқа жинояти учун экстрадиция қилинганини Озодликка билдирди.

“Жинжак лақабли Ëқуб Ғафуров бундан 20 йил олдин Тожикистонда амалга оширган қотиллиги ва қуролли талончилиги боис экстрадиция қилинган”.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбаси Ëқуб Ғафуров Тожикистон ИИВ расмий сўрови ва суд қарорига асосан жорий йил февралида экстрадиция қилинганини айтди.

Манбанинг айтишича¸ “Ëқуб Ғафуров 2010 йилнинг февраль ойида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳукми билан 19 йил озодликдан махрум қилинган”.

Суҳбатдошга кўра¸ айни маҳкама ҳукми билаан қотиллик иштирокчилари Қаҳрамон Пўлатов ва Алишер Сатторовлар 17 йилга қамалган.

Озодликнинг аниқлашича¸ Қаҳрамон Пўлатов ва Алишер Сатторовга нисбатан амнистия қўлланилиб, улар ўтаëтган жазо муддатининг чорак қисми қисқартирилган.

Озодлик танишиб чиққан суд-тергов ҳужжатларида таниқли режиссёр Марк Вайлга суиқасднинг ташколотчиси деб кўрилган Умид Исҳақов қочиб кетган ва шундан сўнг халқаро қидирувга берилган.

“Илҳом” театри раҳбари ва асосчиси Марк Вайль 2007 йилнинг 6 сентябрида пичоқлаб кетилгани ортидан касалхонада жон берганида 55 ëшда эди.

“Илҳом” театри бадиий раҳбари Оксана Хрипуннинг ўз вақтида “Озодлик” мухбирига айтишича, қотиллик тунда, Марк Вайль кечки соат 11.30 ларда репетициядан қайтаётган пайтда содир этилган.

“Қотиллар Маркни яшайдиган уйи кираверишида олдиндан кутиб турган. Уйнинг даҳлизида аввалига бошига мушт туширилган, сўнгра эса қорнига пичоқ урилган. Шовқинни эшитган қўшнилар "Тез ëрдам" чақирган. "Тез ëрдам" келганида ҳали Маркнинг ҳуши жойида бўлган. У Тошкентдаги 16-шифохонада жарроҳлик амалиëти пайтида оламдан ўтган эди”, - деган эди Хрипун.

Марк Вайль “Илҳом” театрининг 32-мавсуми очилишидан бир кун олдин ўлдирилган эди.

Тошкентлик мунаққид Абдумалик Турдиевнинг Озодликка билдиришича¸ Марк Вайль “Илҳом” театрида саҳналаштирган "Подражание Корану" ("Қуръонга тақлид") спектали ортидан диний радикаллар нафратига нишон бўлган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги мулозимнинг айтишича¸ Ëқуб Ғафуров суд мажлисида Марк Вайлни айнан шу спектаклни саҳналаштириб "шаккоклик қилгани учун ўлдирдим", деб айтган.

Мунаққид Турдиевнинг таъкидича¸ бу жиноят “спектаклни тушунмаган жоҳиллар қилмишидир”:

- Спектакль Пушкин асари асосида саҳналаштирилган. Пушкин ижоди билан таниш ва Қуръон талқинларини биладиган одамлар мени қўллаши мумкин. Бу спектаклда Ислом дини, Қуръонга нисбатан салбий муносабат йўқ. Қайтангга, Пушкин Қуръони-шарифни улуғлаган.

Диний мухолифат жангариси. Қотил ва маҳкум

2 апрель куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати баëнот тарқатиб “Жинжак" лақабли Ëқуб Ғафуров бошчилик қилган талончи гуруҳ ҳақида тафсилотларни очиқлади.

Баёнотда айтилишича, Тожикистоннинг ҳозирги Ваҳдат (собиқ Янгибозор) туманида туғилган Ëқуб Ғафуров ўтган асрнинг 80- йиллар охирида қуролли диний радикал тўда тузиб босқинларни амалга оширган. Кейинчалик бу тўда Тожик оппозицияси диний қанотидан ўрин олган.

Тожикистон ИИВ га кўра, 1997 йилда Тожикистондаги ëвлашган мухолиф гуруҳлар сулх тузган пайтда¸ Ғафуров отряди Тожикистон қуролли кучларининг Мухаммад Тўражонзода (диний уламо Акбар Тўражонзоданинг укаси - таҳр) бошчилигидаги ҳарбий қисмга қўшиб юборилади.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матрбуот хизмати баëнотига кўра¸ 2000 йилда Ғафуров Ўзбекистонга қочиб ўтиб исëнчи полковник Махмуд Худойбердеиев батальонига қўшилишга уринади.

Худойбердиев уни қабул қиллмагани ортидан Ғафуров Ўзбекистонда майда ўғирлик¸ буюртма қотиллик каби жиноятлар билан шуғуллангангани айтилган Тожикистон ИИВ баёнотида.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матрбуот хизматига кўра, Ёқуб Ғафуров устидан тергов давом этмоқда.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG