Линклар

АҚШ суди Сайфулло Соиповга айблов билдирди. Трамп унга ўлим жазоси беришни таклиф қилди

  • Озодлик

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ прокурорлари Нью-Йоркда 8 одам ўлимида гумонланиб қўлга олинган Ўзбекистон ватандоши Сайфулло Соиповга 1 ноябрь куни террорчилик билан боғлиқ айблов билдирди. Сайфулло Соипов қўлга олиш жараёнида қорнидан яралангани учун Манҳетен федерал судига ногиронлар аравачасида кишанбанд қилинган ҳолда олиб келинди. Соипов қотилликдан ташқари “Ислом давлати” гуруҳига моддий ёрдам кўрсатганликда, зўравонликда ва автомобилларни вайрон қилганликда ҳам айбланмоқда.

Прокурор: У ўз ҳаракатидан роҳатланмоқда

Манҳеттен судида прокурорлар Сайфулло Соиповни террор ҳаракатини содир этишга “Ислом давлати” гуруҳи “илҳомлантирган”, деган хулосага келганларини билдирдилар.

Прокурорларнинг айтишича, қўлга олиш жараёнида қорнидан яраланган сўнг касалхонага олиб борилган Соипов палатасига қора байроқ илиб қўйишни илтимос қилган. “У ўз қилган ҳаракатидан роҳатланаётгани билиниб турди”, деди прокурор суд жараёнида.

Нью-Йорк полицияси расмийси Жон Миллер ҳам 1 ноябрь куни матбуот анжуманида Соипов террор ҳаракатини Ислом давлати номидан амалга оширганини билдирган эди.

-Дастлабки тергов материалларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Сайфулло Соипов бу ишни бир неча ҳафта мобайнида режалаштирган. У бу ишни "Ислом давлати" номидан амалга оширди. Воқеа жойида бошқа ашевий далиллар қаторида мана шунга ишорат қилувчи ёзувлар топилди, -деди Миллер.

Соипов айбланувчи ҳуқуқларидан воз кечди. Қидирилаётган яна бир ўзбек топилди

Прокурорлар судга касалхонада ўтказилган дастлабки сўроқ пайтида Соипов айбланувчи эга бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқлардан воз кечганини ҳамда айбловни тан олганини билдирдилар.

Суд томонидан Соиповга берилган адвокат Дэвид Паттон ўз ҳимоясидаги одам “бемор эканидан келиб чиқиб” уни қамоқхона касалхонасида даволашни давом эттиришни талаб қилди.

Прокурорларга кўра, Соиповдан мусодара қилинган иккита телефонда асосан “Ислом давлати” гуруҳи тарғиботидан иборат бўлган 90та видео ва 3800та сурат топилган.

Суд ҳужжатларида Соипов “кўпроқ одамларни ўлдириш мақсадида Хэллоуин кунини ҳужум учун махсус танлаб олгани”, бу ҳужумга “бир йил давомида тайёргарлик кўргани” ҳам қайд этилди.

Федерал тергов бюроси агенти Амбер Тайрининг билдиришича, Соипов воқеа жойида пичоқлар, араб ва инглиз тилидаги ёзувларни қолдирган.

Федерал Тергов Бюроси мазкур иш юзасидан сўроқ қилиш мақсадида қидирилаётган АҚШда яшаётган 32 ёшли ўзбекистонлик Муҳаммадзоир Қодировтопилганини маълум қилди. Бироқ Қодиров қандай мақомда – гумонланувчи ёки гувоҳ сифатида кўрилаётгани тўғрисида очиқ айтилмади.

Трамп Соиповга ўлим жазоси берилишини талаб қилди

АҚШ президенти 1 ноябрь куни кечқурун ўзининг Твиттер саҳифасида “Нью – Йорк террорчиси ўзини бахтиёр ҳис қилмоқда экан... у 8 одамни ўлдирди, 12 одамни оғир жароҳатлади. У ўлим жазосига ҳукм қилиниши керак”, деб ёзди.

АҚШнинг айрим таниқли қонунчилари Оқ уйни Соиповни Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасига жойлаштиришга чақирмоқда.

Президент Трамп 1 ноябрь куни бу маслаани ўрганаётганини, лекин бунинг учун аввал Соиповни “душман жанггари” сифатида тан олиш тўғрисида қарор чиқариши кераклигини айтди.

АҚШнинг Кубадаги ҳарбий – денгиз базасида жойлашган Гуантанамо қамоқхонасида АҚШ ҳарбийлари томонидан Ироқ ва Афғонистонда асирга олинган жанггарилар сақланган.

Президент Барак Обама Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш тўғрисида кўрсатма бергани ортидан бу қамоқхонага 2008 йилдан бери янги маҳбус келтирилмаган эди.

Бундан ташқари Сайфулло Соипов АҚШга 2010 йилда грин карта билан келгани боис у одил судлов тизими доирасида АҚШ ватандошлари эга бўлган ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир.

Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс Соиповни “ҳайвон” деб атаган Трамп уни “душман жанггариси”, сифатида кўра бошлагинини, аммо ҳозирча бу борада расман қарор чиқармаганини айтди.

Нью - Йоркдаги террор ортидан Грин карта дастури бекор қилиниши мумкин

АҚШ президенти Дональд Трамп Нью-Йоркда содир этилган террактдан сўнг Грин карта бериш дастури бекор қилинишини маълум қилди. Соипов 2010 йилда Грин карта билан АҚШга кириб келгани айтилмоқда.

-Мен бугун лоторея дастурини бекор қилиш жараёнини бошлайман. Мен Конгрессдан бу дастурни бекор қилиш масаласида зудликда иш бошлашни илтимос қиламан, -деди Дональд Трамп.

Айни пайтда Трам иммигрантларни қатъийроқ текшириш ва экстремистик руҳдаги муҳожирларни аниқлаш дастурини кучайтириш тўғрисида кўрсатма берганини 1 ноябрь куни ўзининг Твиттер саҳифасида билдирган эди.

Ўзбекистон ватандошларининг АҚШга кириши тақиқланиши мумкин

Ўзбекистон АҚШга ватандошлари кириши тақиқланган давлатлар рўйхатидан жой олиши мумкин. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс 1 ноябрь куни Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Журналистларнинг “Ўзбекистонни тақиқланган давлатлар рўйхатига киритиш масаласи ўрганиладими” қабилидаги саволларига Сара Сандерс "Биз ҳозирча бунга чақирмаймиз, лекин эҳтимолдан соқит ҳам қилмаймиз”, деб жавоб берди.

31 октябрда Нью-Йоркнинг Қуйи Манҳеттен минтақасида Сайфулло Соипов пикап автоуловида 8 одамни босиб ўлдирган ва 12 одамни жароҳатлаган эди. У воқеа жойида қўлга олинган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG