Линклар

Шошилинч хабар
26 июл 2021, Тошкент вақти: 19:16

Тожик милиционери қариндошлари 26 минг доллар товон талаб қилмоқда


Меҳроншо Жумаев. Оилавий архив сурати.

Эҳтиётсизлик оқибатида ўз ҳамкасби Меҳроншо Жумаевни ўлдиргани учун судланган Тожикистон милициясининг собиқ ходими Насим Амирзоданинг қариндошлари жабрланган томон улардан 300 минг сомоний (26500 доллар) товон талаб қилишаётганидан нолимоқда.

Марҳум Жумаевнинг яқинлари эса, ўз навбатида, товон пули миқдори масаласида улар Амирзоданинг қариндошларига эмас, судга мурожаат қилишганини айтишяпти.

Насим Амирзоданинг укаси Салим Аҳмадовга кўра, суд ўлдирилган Меҳроншо Жумаевнинг қариндошларига тўлаш учун 100 минг сомоний товон пули белгилаган, бироқ жабрланган томон улардан 300 минг сомоний талаб қилмоқда.

“Ҳамма иш Аллоҳдан, тақдирда битилган экан, шу иш бўлди... Аммо Жумаевнинг қариндошлари суд ҳукмидан кейин ҳам 300 минг сомоний тўлайсизлар, деб оёқ тираб олишган. Шу пулни берганимиздан сўнггина даъводан воз кечишармиш. Лекин бизда бунча пул йўқ”, дейди Салим Аҳмадов.

Марҳум милиционернинг амакиси Холиқназар Жумаев эса Салим Аҳмадовнинг иддаосини “туҳмат” демоқда.

“Ўз вақтида судга қотил милиционердан 300 минг сомоний ундириб бериш илтимоси билан мурожаат қилганмиз. Суд эса атиги 100 минг сомоний тўланиши ҳақида қарор чиқарди. Биз қарор устидан Хатлон вилояти маҳкамасига шикоят бердик”, дейди Жумаев.

Хатлон вилояти, Панж тумани суди жорий йилнинг май ойида Панж тумани ИИБ ходими, Тожикистон ИИВ Академиясининг сирқи бўлими 4-курс курсанти Насим Амирзодани ўз ҳамкасби Меҳроншо Холиқназаровни “эҳтиётсизлик сабабли” ўлдиргани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилган, муддат манзил-колонияда ўталишини белгилаган эди. Унинг зиммасига товон пули сифатида марҳумнинг қариндошларига 100 минг сомоний тўлаш мажбурияти ҳам юкланган.

Маҳкум Насим Амирзоданинг қариндошлари суд қарорига рози ва маҳкама тайинлаган 100 минг сомоний миқдордаги товон пулини тўлашга тайёр. “Акам айбига иқрор бўлгач, суд қарор чиқариб, жумладан 100 минг сомоний товон пули белгилаганидан сўнг жабрланган томон бошқача гапира бошлади. Энди улар 300 минг сомоний талаб қилишмоқда, айтишларича, шу пулни бермасак, шикоят билан Олий судгача чиқишар эмиш”, дейди Салим Аҳмадов.

Холиқназар Жумаев маънавий зарар миқдори юқори маҳкамага шикоят беришларининг ягона сабаби эмаслигини билдиради. “Биз нафақат товон пули миқдоридан, умуман биринчи инстанция суди ҳукмидан норозимиз ва уни адолатсиз, деб ҳисоблаймиз”, дейди у.

Воқеа 2021 йил 7 февраль куни эрталаб соат 4:00 ларда юз берган. Панж туманидаги Кабут Сайфиддинов жамоати участка нозири, милиция лейтенанти Меҳроншо Жумаев туман ИИБ биносида навбатчиликни қабул қилиш олдидан ўқотар қурол олаётганида ўлган. Панж тумани прокуратураси Калашников автоматидан унга қарата икки марта ўқ узган Панж тумани ИИБ ходими, милиция старшинаси Карим Амирзодага қарши иш қўзғатган.

Хатлон вилояти жиноий ишлар бўйича суди ҳайъати 9 июнь куни Меҳроншо Жумаев қариндошларининг кассация шикоятини кўриб чиқиб, Панж тумани суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Марҳум милиционернинг амакиси Холиқназар Жумаевга кўра, энди улар вилоят суди қарори устидан шикоят қилишмоқчи.

XS
SM
MD
LG