Линклар

Тожикистон 1990-йиллардаги шов-шувли қотилликларда Эронни айблади

  • Озодлик

Душанбе шаҳри, 1990- йиллар бошидаги вазият.

Тожикистон 8 август, сешанба куни 1990- йиллардаги фуқаролар уруши даврида содир этилган шов-шувли қотилликлар, жумладан Тожикистон парламентининг собиқ раиси Сафарали Кенжаевнинг 1999 йилда ўлдирилиши Эрон томонидан қўллаб-қувватлангани борасида баёнот берди.

45 дақиқали ҳужжатли фильм Тожикистон давлат телевидениеси орқали намойиш этилди. Унда Тожикистон ИИВ раҳбари баёнот бериб, Теҳрон Тожикистонда фуқаролар уруши аланга олишидан манфаатдор бўлганини ва гўёки Тожикистон Ислом партиясини молиявий қўллаб-қувватлаганини ва Эрон ҳудудларида бу партия учун жангариларни тайёрлаб берганини таъкидлади.

Вазирлик маълумотларига кўра, молиявий ёрдам ва қотиллик борасидаги кўрсатма Ислом партияси жангариларига Хожи Ҳалим Назарзода орқали берилган. Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари бўлмиш бу шахс 1990-йилларда Ислом партиясининг қўмондонларидан бири бўлган эди. Назарзода 2015 йилнинг ноябрь ойида исёнга бўлган уринишни бостириш мақсадида Душанбе яқинида ўтказилган махсус амалиёт мобайнида ўлдирилган эди.

1997 йилдан 2004 йилларга қадар Тожикистонда бир қатор жамоатчилик намояндалари ўлдирилган эди. Тожикистон ва Эрон ўртасидаги кескинлик авваллари ҳам кузатилган, бироқ намойиш этилган ҳужжатли фильмда илк бор Душанбе очиқчасига Эронни 20 йил муқаддам содир этилган сиёсий қотилликларни уюштириш ва молиялашда айбламоқда.

Ўз навбатида фильм намойиш этилганидан сўнг, Эрон элчихонаси тожик томонига мурожаат қилиб, тушунтириш берилишини талаб қилди. Эрон дипломатик ваколатхонасининг матбуот хизмати 9 август куни “айни дамда Эроннинг Тожикистондаги элчиси мамлакат ташқарисида эканини, элчихона раҳбарияти яқин орада мазкур фильмнинг намойиши билан боғлиқ масалани муҳокама қилиши” хақида хабар берди. "Биз, бу каби ёлғон маълумот қаердан пайддо бўлгани ва унинг манбасини ойдинлаштиришимиз керак” дейилади элчихона хабарида.

XS
SM
MD
LG