Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2024, Тошкент вақти: 02:51

"Энди рўмолни тожикча ўрайсан!" Тожикистонда ҳижоб тақиқландими?


Тожикистон, ҳижоб. Иллюстратив сурат.
Тожикистон, ҳижоб. Иллюстратив сурат.

Тожикистон парламенти “Тожикистон Республикасида урф-одатлар, байрамлар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритди ва “миллий маданиятга зид бўлган кийим” кийишни тақиқлади.

Бу кийимлар қонунда кўрсатилмаган, бироқ экспертлар фикрича, шу кунгача амалда бўлган сиёсатга қаралса, бу мусулмон аёллар кийими бўлишини тахмин қилиш мумкин. Бундан ташқари, нафақат ҳижоб, балки сатр ҳам тақиқланган.

Қонунга кўра, эндиликда Тожикистонда бундай кийим-кечакларни мамлакатга олиб кириш, сотиш ва жамоат жойларида кийиш расман тақиқланади, қонунбузарлар жаримага тортилади. Тақиқни бузган шахслар 7920 сомоний ёки амалдаги курс бўйича 733 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилиши мумкин, мансабдор шахслар эса 39600 сомоний ёки 3668 доллар миқдорида жаримага тортилади.

Ўзгартиришлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилмасдан қабул қилинган.

Тузатишлар ҳали қонуний кучга киргани йўқ, бироқ қонун қабул қилингандан сўнг дарҳол ижтимоий тармоқларда видео тарқала бошлади. Унга қараганда, у тиббиёт муассасаларидан бирига кираверишда суратга олинган. Видеода муассаса ходими аёлларни сатр – муслималар бош кийими учун 3,5 минг сомоний жарима билан таҳдид қилмоқда.

"Бу ёққа кел, энди рўмолни тожикча ўрайсан!" дейди ходим видеода боши ёпилган аёлларга.

Мутахассислар таъкидлашича, тузатишлар "миллий маданиятга зид кийим" ибораси нимани англатишини аниқ кўрсатмайди. Бундан ташқари, Тожикистонда "миллий кийим" ҳақида аниқ фикр йўқ.

“Миллий либосларнинг европа либосларидан асосий фарқи шундаки, унда тожик миллий безаклари бор, – дея тушунтиради Тожикистон миллий либослари дизайнери Ромиш Одиназода – Яна бир фарқ, кийим қисқа ёки узун бўлмаслиги керак”.

“Миллий кийимларимиз доимий ўзгариб турган, унга турли унсурлар қўшилди, масалан, совет даврида русча унсурлар қўшилди, – дейди маданиятшунос Мунира Шаҳидий, – агар мен Европага борсам, бир кун миллий кийим кияман, иккинчи куни европача. Қандай кийиниш эркин бўлиши керак. Маълум чегаралардан ташқари чиқишга йўл қўйилмайдиган қатъий қоидалар ёки қонунларни қабул қилишимиз керак дегани эмас».

Тожикистонлик аёллар ҳам ўзларига ёққан кийимни кийишни хоҳлашади ва буни қандайдир тарзда тартибга солиш керак эмас деб ҳисоблашади.

"Шахсан мен камтарона кийинишни хоҳлайман", дейди бири.

“Тожикистонлик аёл учун ҳижоб ва сатр унинг бўйнини ёпиш дегани, лекин баъзилар ўзларини ҳаддан ташқари буркаб олади”, дейди яна бири.

"Менга ёқадиган нарса – ҳар ким ўзига ёққан кийимни кисин", дейди бошқа бир аёл.

Тожикистон ҳижобга қарши кураш бошлайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:37 0:00

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тожикистон расмийларини мусулмонча либос кийган аёлларга босим ўтказаётгани ва уларни камситгани учун бир неча бор танқид қилган. Ўтган даврда ҳуқуқ-тартибот идоралари диний либос кийган аёллар, шунингдек, соқол қўйган эркакларга қарши оммавий рейдлар ўтказган. Уларни полиция бўлимларига олиб кетишган, диний кийимларини ташлаб кетишга мажбурлаганлар, эркакларнинг эса соқоллари олинган.

Форум

XS
SM
MD
LG