Линклар

Шошилинч хабар
17 октябр 2019, Тошкент вақти: 10:29

Тожикистон “троллар фабрикаси”: асосий шахслар ва ижрочилар


Тожикистон Таълим ва илм-фан вазирлиги тизимида ишлайдиган камида беш ходимнинг ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтлар очиб¸ турли сайтларни изоҳлар билан тўлдирадиган “троллар фабрикаси”да ишлагани тасдиқланди. Бироқ таълим муассасасидагилар “троллар фабрикаси”ни ташкил қилишда қўли борлигини инкор этмоқда.

«Ҳаммаси жонимга тегиб кетди… Худонинг берган куни ишларимни бир четга йиғиштириб қўйиб, у ёки бу кишига қарши обрўни тўкадиган мақола ёзишим ёки Фейсбукдаги бирор мақолага “лайк” босишим, ёки изоҳ ёзишим керак. Ўзимга тез-тез савол бераман: наҳотки бу ҳеч қачон тугамаса?” – дейди Тожикистон олий таълим муассасаларидан (ОТМ) бирининг ўқитувчиси. Унинг иддао қилишича, Тожикистон Таълим ва илм-фан вазирлиги ижтимоий тармоқларда кимнидир ёмонотлиқ қилиш ёки бирор вазир билан Тожикистон президентини ҳимоялаш учун ўқитувчилар ва талабаларга тез-тез топшириқ бериб туради.

«Троллар фабрикаси»: оммани бошқаришнинг янги воситаси ортида кимлар турибди?

«Троллар фабрикаси» ‒ кўпинча ҳукуматлар сиёсий мақсадда фойдаланадиган гуруҳларнинг шартли номланиши. Ушбу гуруҳлар мамлакати ёки ташкилотига қараб турли номларга эга, масалан, Россияда улар «кремлеботлар», «веб-бригадалар», «бригадниклар», «троллар фабрикалари» деб аталади. Тожикистонда эса «Фабрикаи чавоб» («Жавоб фабрикаси») номи ўрнашиб қолди. Тожик «троллари» ва «ботлари» вазифасига интернет-форумлар учун мавзу ва хабарлар тайёрлаш, блог ва ижтимоий тармоқларга пост ва изоҳлар қўйиш, Интернет ахборот воситаларида кўпинча мухолифларнинг иззат-нафсига тегувчи изоҳлар қолдириш киради.

«Троллар»дан бири (унинг кимлигини аниқладик ва ҳар томонлама ўргандик) «Озоди» радиосига юборган хатида тожик «троллар фабрикаси»ни мамлакатнинг кучишлатар тизимлари ташкил қилгани, лекин унинг ишига Тожикистон Таълим ва илм-фан вазирлигига бўйсунувчи муассасалар: олий ўқув юртлари ва умумтаълим мактаблари ўқитувчилари жалб қилинишини ёзди. Унга кўра, тролл қилиш учун, асосан, ОТМ ўқитувчилари мажбурланади.

“Троллар” топшириқни вазирликдан олади, у ерга эса Тожикистон кучишлатар тизимларидан тушади, дейди суҳбатдош. Сўнгра буйруқ қуйи гуруҳларга жўнатилади ва унда тез орада ёки маълум бир кун фуқаролик жамияти фаоллари ёки мухолифат тарафдорларини бадном қилиш бўйича ижтимоий тармоқларда кампания бошлаш топшириғи бўлади.

“Троллар фабрикаси”ми¸ “таҳлилий ахборот гуруҳи”ми?

«Тролл»нинг хатидан сўнг «Озоди» радиоси сайти ўқувчиларидан бири бизга хат билан бирга тожик «троллар фабрикаси» фаолиятидан ҳикоя қилувчи бир неча ҳужжатни жўнатибди. Улардан бири Тожикистон таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Р.Мирбобоевнинг муассасалар қошида “таҳлилий ахборот гуруҳлари” тузиш ҳақидаги буйруғи экан. Ҳужжатларда вазирликнинг бошқа масъул ходими номидан гуруҳлар олдига қайси мавзуда мақола ёзиш ҳамда ижтимоий тармоқлардаги қайси муҳокамаларда қатнашиш бўйича вазифалар қўйилади... Таҳлилий ахборот гуруҳлари раҳбарлари олдига яна “бажарилган ишлар бўйича ҳисобот тайёрлаш” вазифаси ҳам юклатилган. Хат муаллифининг айтишича, ҳар бир гуруҳ 10 кишидан таркиб топади. “Ушбу гуруҳларга яна ижтимоий тармоқларда сохта исмлар билан саҳифалар очган 10 кишидан қўшилади. “Таҳлилчилар”нинг жами миқдори – тахминан 400 киши. Агар улардан ҳар бирининг 10 та сохта исми борлиги ҳисобга олинса, интернет-форумларда мавзу ва хабарлар тайёрлаш, блоглар ва ижтимоий тармоқларга пост ва изоҳлар ёзиш, интернет ахборот воситаларидаги саҳифаларда изоҳлар қолдириш ишида тахминан 4000 киши иштирок этмоқда”, деб ёзади хат муаллифи.

Айни чоқда Тожикистон таълим ва илм-фан вазирлиги “троллар фабрикаси” ташкил этилишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини иддао қилмоқда. Таълим вазирлиги матбуот котиби Эҳсон Сафарзоданинг айтишича, вазирлик фақат бир марта олий таълим муассасалари (ОТМ) ходимларини “Биз экстремизмга қаршимиз” деб номланган акцияда иштирок этишга жалб қилган. Уни “Ховар” миллий ахборот агентлиги ташкил этган ва хат ушбу агентликка юборилган.

− Хат талабалар радикал оқимларга кираётган, айримлари “Ислом давлати” террорчилик ташкилоти сафига қўшилаётган кунларда юборилган эди. Биз ўша хатда ОТМларга тарғибот гуруҳлари ташкил этиб, талабалар билан тушунтириш суҳбатлари ўтказишни тавсия қилганмиз, − дейди Эҳсон Сафарзода.

Кабирийга ҳужум, вазир ҳимояси ва митинглардан огоҳлантириш

Бироқ «Озоди» радиоси ихтиёридаги ҳужжатлардан маълум бўлишича, “таҳлилий ахборот гуруҳлари” аъзоларидан Тожикистон таълим ва илм-фан вазирлиги номидан Фейсбукда вазир Нуриддин Саидни ҳимоя қилиш сўралган. Бошқа ҳужжатда эса “бугун соат 21:00 да фойдаланувчилар билан навбатдаги суҳбатни ўтказадиган” Тожикистонда фаолияти тақиқланган Ислом уйғониш партияси (ТИУП) етакчиси Муҳиддин Кабирийга қаршилик кўрсатиш сўралган.

Мана бу эса яна бир хатнинг бўлаги: “Маълумки, айрим манфаатдор гуруҳлар чет эллардаги хўжайинларининг кўрсатмасига биноан интернет тарифлари оширилиши баҳонасида пойтахт аҳолиси, жумладан, ёшларни пойтахтимизда норозилик намойишларига чиқишга даъват қилмоқда. Хат муаллифи гуруҳлар аъзоларидан “сергак бўлишга ва тинчликни бузувчиларга зарба беришга, гумонлари ҳақида ҳуқуқни муҳофаза этувчи ташкилотларга хабар қилиш”ни сўрайди.

“Таҳилий ахборот маказлари”дан бирининг собиқ аъзоси Р. М.нинг (исм-фамилияси ўзгартирилган) айтишича, топшириқларни бажармаган “троллар” қаттиқ жазога тортилади, ҳатто ишдан бўшатилади.

Суҳбатдошимизга кўра, мухолифларга қарши обрўни тўкувчи мақолалар “Алик Малик” ёки “Лаку Пак” сингари “бир марталик” сохта исмлар билан эълон қилинади. “Аксарият “троллар”нинг журналистлик кўникмаси йўқ, шунинг учун уларнинг “иншолари”да ғиж-ғиж услубий ва имло хатоларни кўриш мумкин. Оқибатда уларнинг ўзи кўпинча тармоқ фойдаланувчиларии танқиди ва мазахига нишон бўлмоқда”, дейди Р.Маҳмадов.

Маҳмадовга кўра, ТИУП, унинг етакчиси Муҳиддин Кабирий ва Тожикистондан ташқарида яшаётган мухолифат вакиллари “троллар фабрикаси” танқидига учрамоқда.

‒ ОТМлар ва давлат муассасаларининг расмий сайтларини очиб қаранг, улардан мухолифларнинг чиқишлари ёки мақолаларига буюртма билан тайёрланган “жавоблар” ва “фикрлар”ни топасиз. Барчасини “троллар фабрикаси” тайёрлаган, ‒ дейди суҳбатдшимиз.

Сўкиш ва ҳақоратга йўл берилганда...

«Троллар фабрикаси» иши билан таниш бўлган манбаларимизга кўра, мухолифлар билан мунозара чоғида “троллар”га барча воситалар, жумладан, сўкиш ва ҳақоратдан фойдаланишга рухсат этилади.

Улар мамлакатда эришилган муваффақиятлардан ҳикоя қилувчи барча видеороликлар ва фотосуратлар ҳаволасини улашиш ва изоҳлашга мажбур.

Бироқ “троллар фабрикаси” фақатгина таълим ва илм-фан вазирлигидагина мавжуд эмас. Тожикистон Божхона измати ходимининг исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапириб беришича, барча вазирликлар ва давлат муассасалари бунақа гуруҳларга эга. Мамлакат ОТМларидан бири ўқитувчисининг хатида ушбу гуруҳларнинг давлат хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат кураторлари борлиги айтилади. “Кураторлар вазирлик ва муассасаларнинг бошқарма раҳбарларидан мухолифат вакилларининг чиқишларига салбий муносабат тайёрлашни талаб қилади. Ходимнинг ушбу талабни бажармаслиги жамоа кўз ўнида бадном бўлиши ва ишдан бўшатилишига сабаб бўлади”, дейди у.

Бироқ унинг фикрича, “троллар” бажараётган “иши” учун пул ёки имтиёз олади, деган гап мутлақо ёлғон.

“Озоди” радиоси суҳбатдошлари таъкидлашича, радикал оқимларга қарши кураш ғоясидан бошланган “троллар фабрикаси” бугун фақат давлат раҳбарини мақташ ва режим мухолифларини қоралаш билан овора. “Троллар”га берилган сўнгги тавсиялардан бирида айтилишича, улар оналари Ироқ қамоқхоналарида ўтирган аёлларнинг 84 нафар тожик фарзандини Бағдоддан Душанбега қайтариш мамлакатнинг Қувайтдаги элчиси Зубайдзоданинг эмас, миллат пешвоси Эмомали Раҳмоннинг хизмати эканини таъкидлаш учун ҳамма ишни қилиш керак бўлган.

Суҳбатдошларимизга кўра, Агар Тожикистон ҳокимият идоралари халқ фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти ҳақида қайғурса, фақат жамиятда нафрат ўтини ёқиб, нифоқ солаётган “троллар фабрикаси”га умумун ҳожат қолмас эди.

(Бу Озод Европа/Озодлик радиоси тожик хизмати ўтказган журналистик суриштирувга оид мақола таржимаси - таҳр.)

XS
SM
MD
LG