Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:52

Ўзбек-тожик чегарасидаги "Каримов девори” бузиб ташланди


Жартепа- Саразм чегара ўтиш нуқтаси.
Жартепа- Саразм чегара ўтиш нуқтаси.

18 февраль куни Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятини Тожикистоннинг Суғд вилояти билан боғлаб турувчи Жартепа- Саразм чегара ўтиш нуқтасидаги улкан девор бузилиб ташланди.

Икки давлат ўртасидаги деворни бузиш маросимида тожик ва ўзбек чегарачилари делегациялари иштирок этди.

Тожикистон халқи орасида “Ислом Каримов девори” номи билан танилган баландлиги 3 метр ва узунлиги 10 метрдан кўпроқ бўлган бу девор 2010 йилда Ўзбекистон томонидан қурилган.

Тожикистон расмийларининг Озодликка маълум қилишича, мазкур чегара ўтиш нуқтасида икки томондан терминал, меҳмонхона ва транспорт воситалари турадиган жой қурилиши режалаштирлиган.

Айни ўтиш нуқтаси яқинида жойлашган Панжикент тумани Саразм қишлоғида яшовчи Осим Жамоловнинг айтишича, маҳаллий аҳоли бундай ўзгаришларни икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада яхшилашга қаратилган қадамлар дея баҳоламоқда.

“Олдин биз асосан Ўзбекистондаги қўшни минтақалар билан борди-келди қилиб, уй-рўзғор маҳсулотларини Самарқанддан сотиб олардик. Негаки, Сўғд вилояти маркази Хўжанд шаҳри биздан жуда узоқ. Агар Самарқандгача 36 километр бўлса, Хўжандгача 250 километр йўлни босишга тўғри келади,”дейди Осим Жамолов.

Айни дамда, панжакентлик журналист Шоҳин Равшаннинг фикрича, Ўзбекистоннинг Жартепа ва Тожикистоннинг Саразм минтақасидаги ўтиш нуқтасини расман очиш маросими келгуси ойнинг иккинчи ярмига белгиланган.

Шоҳин Равшанга кўра¸ айни кунларда Панжикент туманида Наврўз байрамига тайёргарлик бошланган ва бу тадбирларда Ўзбекистон делегациясининг ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

“Шаҳардаги Наврўз байрамида икки давлат президентларининг қатнашиши ҳақида шов-шувлар бор. Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг икки давлат ўртасидаги чегара нуқтасини расмий тарзда очилишлари айтилмоқда,” -деди журналист.

Ҳар йили Наврӯз байрамининг расмий маросими Тожикистонинг турли минтақаларида мамлакат президенти иштирокида нишонланади.

Жорий йилда ушбу байрамнинг Панжакент туманида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Март ойининг иккинчи яримида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг Тожикистонга расмий ташрифи кутилмоқда.

Ушбу ташриф чоғида икки давлат орасидаги кўп масалалар борасида келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG