Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 10:56

ИШИДчи тожик полковнигининг икки акаси ва жиянлари ўлдирилди


Полковник Гулмурод Ҳалимов.

Тожикистон-Афғонистон чегарасидан 25 км масофада жойлашган Восе туманининг Ибрати қишлоғида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги махсус қўшинлари полковниги Гулмурод Ҳалимовнинг икки акаси ва икки жияни отиб ўлдирилди.

Восе туман милицияси Озодлик мухбирига Ҳалимов қариндошларининг Тожикистон хавфсизлик кучлари билан 4 июль куни юзага чиққан қуролли тўқнашувда ўлдирилгани ва ҳозирда улар жасадининг Кўлоб моргида эканини билдирди.

Расмий манба иддаосича¸ 42 яшар Гулмурод Ҳалимов қариндошлари унинг 53 яшар акаси Султонмурод Ҳалимов бошчилигида милиция ходимларига қаршилик кўрсатгани ортидан хавфсизлик кучлари уларга ўт очишга мажбур бўлган.

Ҳалимов қариндошларининг ўзлари яшаб келган Варзоб туманидан тожик-афғон чегараси томон ҳаракатланиши ИИВ ходимлари томонидан кузатиб турилган. Тахминларга кўра¸ ишидчи полковник яқинлари Афғонистонга ўтиш мақсадида чегара ҳудудига келган бўлиши мумкин.

Озодликка маълум бўлишича¸ Воседаги амалиëтга бошчилик қилган Тожикистон ИИВ полковниги Анвар Ҳусейнов тўқнашув пайтида енгил жароҳат олган.

2015 йил апрелида ғойиб бўлган полковник Гулмурод Ҳалимов бир ой ўтиб¸ Суриядаги “Ислом давлати” экстремистик гуруҳи сафига қўшилганини эълон қилди ва ўз ватандошларини ҳам YouTube орқали жиҳодга қўшилишга даъват этди.

Қочқин полковник¸ экстремистлар сафига қўшилганини Тожикистон ИИВнинг ўз диний эркинлигини чеклагани¸ намоз ўқишни тақиқлаши билан изоҳлаган эди.

Душанбе ҳукумати томонидан давлатга хиëнатда айбланган Ҳалимовга¸ Жиноят Кодексининг уч моддаси бўйича жиноий иш очилиб¸ халқаро қидирувга берилган.

АҚШ ҳукумати Тожикистон хавфсизлик кучлари билан ҳамкорлик дастури доирасида Америкада махсус машғулотларда қатнашган полковникнинг қаерда эканига оид ахборот учун 3 миллион долларлик мукофот пули ваъда қилган. Ҳалимов ўтган йил ëзида “Ислом давлати” ҳарбий вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

XS
SM
MD
LG