Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:15

Хўжанд колониясида содир бўлган исёнда камида 20 одамнинг ўлгани айтилмоқда


Сўғд қамоқхонаси.
Сўғд қамоқхонаси.

Сўғд вилояти маъмурий маркази Хўжанд шаҳрида жойлашган қаттиқ режимли колонияда кўтарилган исён оқибатида камида 22 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизматига мамлакат ҳуқуқ идоралари мулозимлари маълум қилди. Ҳозиргача икки соқчи ҳалок бўлгани тасдиқланди. Хўжанднинг 16-микрорайонида жойлашган колонияда маҳбуслар 8 ноябрга ўтар кечаси исён кўтарган.

Колонияда ҳалок бўлган соқчиларининг бири туғилиб ўсган қишлоғида дафн қилинди.

Исённи бостириш пайтида бир нечта маҳбус ва соқчи яраланган. Озодлик радиосининг ҳуқуқ тизимидаги манбасига кўра, колониянинг 6 нафар яраланган соқчиси шифокорлар назорати остида қолмоқда.

Ҳалок бўлган соқчиларнинг бири 29 ёшли Эҳсон Ёқубов 8 ноябрь куни Мастжоҳ туманининг Оббурдон жамоатида жойлашган Пастигав қишлоғида дафн қилинган.

Эҳсон Ёқубов армияда хизматини ўтаб бўлганидан кейин, қаттиқ режимли колонияда ишлай бошлаган. Айтилишича¸ ўлган аскарнинг икки ёш фарзанди етим қолган.

Пайшанба куни Озодлик билан шахси очиқланмаслиги шарти билан гаплашган ҳуқуқ-тартибот идораси мулозими колониядаги фавқулодда ҳолатни тергов қилиш учун учун махсус тергов гуруҳи тузилгани ва унга Тожикистон Бош прокурорининг ўринбосарларидан бири бошчилик қилишини айтди.

Исён сабаби ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Ҳодиса ортидан қамоққа милиция махсус кучлари юборилган ва исён бостирилган.

- Исёнчилар совуқ қурол билан қуролланган бўлган. Фавқулодда ҳолат сабабларини ўрганиш учун тергов бошлаб юборилди, - деди Озодлик суҳбатлашган мулозим.

Унинг сўзларига кўра, исённи бостириш жараëнида жазо муддатини ўтаётган маҳбуслар ҳам ҳалок бўлган.

- Ҳозиргача ўлганлар ва жабрланганлар сони маълум эмас. Билишимча, бир неча маҳбус қочишга уриниш пайтида жабрланган. Айримлар колония ҳудудидан қочиб чиқишга муваффақ бўлган, - деди у.

Йўллардаги текширувлар

Маҳаллий аҳолига кўра, колония ҳудудида тунги соат 10:30 дан то 11:00 гача отишма овози эшитилган. Аммо Хўжанд шаҳри ахлоқ тузатиш муассасаси бошқармасида бу маълумотни инкор қилишди, лекин тревога эълон қилинганини тасдиқлашди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, шаҳардаги барча автомобиль йўллари, жумладан, қўшни Ўзбекистон ва Қирғизистонга элтувчи йўлларда хавфсизлик хизмати кучлари назоратни кучайтирган.

Бундан икки йил олдин исфаралик Амонуллоҳон Носири Хўжанднинг 3/3-сонли колониясидан қочиб кетган¸ аммо икки кундан кейину Исфара туманида қўлга олинган эди. Ўша йилнинг ёзида, Рамзуллохон Дадохонов, Ҳабибжон Юсуфов ва Мирзозариф Қаюмовлар қамоқхонадан қочишга уринган эди. Қамоқхона бошқарув ва тарбиялаш бўлими бошлиғи Ёрмамад Алимамадов қочишга уринганлар томонидан яралаган ва Алимамадов касалхонага олиб кетилаётганида вафот этган эди. Қочишга уриниш пайтида Ироқдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани учун 14 йилга кесилган 30 ёшли Мирзозариф Қаюмов ўлдирилган. Хўжанд шаҳрида туғилган Ҳабибжон Юсупов эса жароҳатланган ва қўлга олинган. Покистондаги жангларда қатнашгани учун 20 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Рамзуллохон Дадохонов қочишга муваффақ бўлган, аммо уни ҳам тез орада қўлга олишган эди.

Тожикистон МХДҚ изоляторидан қочиш

2010 йилнинг 23 августида Тожикистон тарихидаги энг катта қочиш амалга оширилган эди. Ўшанда 25 нафар ўта хавфли жиноятчи Тожикистон Давлат хавфсизлик миллий қўмитасининг бир неча соқчисини ўлдириб, қочиб чиққан. Улар орасида 14 Тожикистон фуқароси ва 11 нафар чет эллик, жумладан, Россия, Афғонистон ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Шунингдек, улар орасида собиқ Гуантанамо маҳбуси Иброҳим Насреддинов ҳамда Тожикистоннинг собиқ Фавқулодда вазиятлар вазири Мирзо Зиёевнинг икки яқин қариндоши – Азамшо ва Жонибек Зиёевлар бўлган.

Йил давомида ҳуқуқ-тартибот органлари ва хавфсизлик кучлари қатор махсус операция ўтказиб, қочқинларнинг барчасини қўлга олди ёки йўқ қилди. Етти қочқин Афғонистон махсус хизматлари ёрдами билан қўлга олинди. Амалиётлар давомида Тожикистон хавфсизлик ходимлари зарар кўрмади.

Ўшанда маҳбуслар қочиб кетганидан бир неча кун ўтиб, Тожикистон МХДҚ раҳбари Хайриддин Абдураҳимов ва унинг уч нафар ёрдамчиси истеъфо берган эди.

2011 йилнинг май ойида қочоқларнинг бири Абдурасул Мирзоев 30 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

XS
SM
MD
LG