Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2023, Тошкент вақти: 09:36

Тожикистон президенти касаллик юқтирадиган тиш дўхтирларини қамашни талаб қилди


Тожикистон президенти мижозларга юқумли касалликлар юқтирган стоматологлар, гўзаллик салонлари ходимлари ва сартарошларни жиноий жавобгарликка тортишни таклиф қилди.

Шунингдек, Имомали Раҳмон сифатсиз, яроқилик муддати ўтган, қалбаки ва контрабанда йўллари билан Тожикистонга келтирилган дори-дармонларни сотадиган дорихоналар эгаларини ҳам жазолашни талаб қилди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 1 сентябрь куни Тожикистон тиббиёт университетида сўзга чиқиб, стоматолог, сартарош, гўзаллик салонлари ходимлари томонидан юқумли касалликлар юқтириш ҳолатларнинг олдини олиш йўлида Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритишни талаб қилди:

“Стоматологлар, гўзаллик салонлари ходимлари ва сартарошларни мижозларга юқумли касалликлар юқтирганликлари учун жазолаш лозим. Менга бундай муассисаларда жиддий касалликка йўлиққан ва ҳатто ўлган шахслар яқинларидан шикоятлар келган. Қалбаки ва сифатсиз дори сотадиган дорихоналар эгалари ҳам жавобгарликка тортилиши лозим”.

Президент Раҳмонга кўра, бугунги кунда мамлакатда 250дан ортиқ стоматология клиникаси бўлиб, “уларнинг кўпида санитария ва стерилизация қоидаларига риоя қилинмайди ва бу вазият одамларнинг турли юқумли касалликларга чалинишига сабаб бўлмоқда”.

2008 йилда Тожикистон Соғликни сақлаш вазирлиги сартарошхона ва гўзаллик салонларида соқол олиш ва қош теришда қайта ишлатилидиган асбоблардан фойдаланишни тақиқлаганди.

2013 йилда эса вазирлик ВИЧ вируси тарқалишининг олдини олиш учун сартарошхонада соқол олишни бутунлай тақиқлаган.

Аммо ушбу вазирликка кўра, бундай чора-тадбирларга қарамай, ҳалиям сартарошхона ва гўзаллик салонларида юқумли касалликлар, айниқа, гепатит хасталиги юқиши ҳолатлари юз бериб туради.

Жорий йил февралида Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария қоидаларига риоя қилмагани учун 22 стоматология шифохонасини беркитди.

Исмини фош этмаслик шарти билан Озодлик билан суҳбатлашган душанбелик бир стоматолог 10 йиллик фаолияти давомида тиш шифохонасида юқумли касалликларни юқтириш ҳолатларига дуч келмаганини айтди.

Унинг қўшимча қилишича, мижоз қаерда бундай касалликка чалинганини аниқлаш жуда қийин ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари Жиноят кодексига киритилган ўзгартишлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкин.

Тожикистон президенти Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотларидан мамлакатга келаётган дори-дармон ва тиббий жиҳозларни жиддий назорат қилишни талаб қилди.

Имомали Раҳмононинг айтишича, ўтган йил Тожикистонга хориждан 450 миллион сомоний ёки 45 миллион АҚШ доллари миқдорида дори-дармон келтирилган.

92 тонна сифатсиз ва яроқлилик муддати ўтган дори-дармон йўқ қилинган.

XS
SM
MD
LG