Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:00

Тирик товуқларни қайноқ сувга ташлаб овқат тайёрланадиган ошхона ёпилди


Тожикистон назорат идоралари Сўғд вилоят, Бобожон Ғофуров туманидаги «Мурги ором» ошхонасини ёпди, бу ерда тирик товуқлар иссиқ сувга ташланган ҳолда овқат тайёрланарди.

Хўжанд яқинидаги «Мурги ором» ошхонаси уй товуқларидан тайёрланадиган мазали овқатлари билан донг таратган эди. Ижтимоий тармоқларда ошхона ошпази даҳшатли санитария шароитларида тирик товуқларни сув қайнаб турган қозонга ташлаб, ундан кейин товуқни тозалаётгани ҳақида видеоролик тарқатилганидан сўнг вазият ўзгарди.

Давлат санитария-эпидемология назорат Маркази Бош врачи ўринбосари Фурқат Шариповнинг 1 май куни айтишича, тармоқда мана шу видео пайдо бўлганидан кейин улар зудлик билан ошхонада текширув ўтказишган. Унинг сўзларига қараганда, текширув вақтида ошхона ходимлари ҳар бир товуқдан 50 дирам тежаб қолиш мақсадида тирик жониворлар учун “ўлдириш машинаси”ни уюштиришган. Текширув давомида санитария билан боғлиқ бошқа салбий ҳолатлар ҳам аниқланган.

Шариповнинг айтишича, 20 апрелдан бошлаб ўтказилган текширувлар ва санитария меъёрларининг қўпол бузилиши аниқланганидан сўнг ошхона фаолияти тўхтатилган. Амалдорнинг айтишича, «Мурги ором» деб номланувчи, аслида “Муҳаммад” номи остида рўйхатдан ўтган ва Файзуллло Олимовга тегишли бўлган ошхона раҳбариятига нисбатан протокол тузилди ва чора кўриш мақсадида туман прокуратурасига юборилди.

Шариповнинг айтишича, унга қадар санэпидемназорат идораси «Муҳаммад» ошхонасини 2017 йил, декабрда текширган ва қайд қилинган камчиликлар боис унинг раҳбарияти 1 минг сомони (110 доллар) миқдорида жаримага тортилган эди.

XS
SM
MD
LG