Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2024, Тошкент вақти: 08:45

Руминиялик сайёҳ Тожикистон ДАН ходимининг тамагирлигини фош қилди


Миҳай Сика дўсти билан Тожикистонда
Миҳай Сика дўсти билан Тожикистонда

Руминиялик сайёҳ Миҳай Сика дўсти билан мотоциклда 5 мамлакатни кесиб ўтиб, фақат Тожикистоннинг Кўлоб шаҳрида Давлат автомобиль назорати (ДАН) ходимлари тамагирлигига дуч келгани маълум бўлди.

Миҳай Сика ўтган йил июлида Помир тоғларига саёҳати асносида юз берган ДАН ходимлари томонидан пора талаб қилинган видеони Интернетдаги ижтимоий тармоқларда нашр этди.

34 яшар руминиялик сайёҳ 2017 йили ёзда дўсти билан мотоциклда Россия, Муғулистон, Қозоғистон, Қирғизистонни кесиб ўтиб, Тожикистон пойтахти Душанбедан Помир тоғларига сафар қиларкан, йўлда ДАН ходимларига пора тўлашга мажбур бӯлган.

Миҳай Сиканинг 30 май куни Озодликка айтишича, Тожикистон жанубидаги Кўлоб шаҳрининг Гулистон постида ДАН ходимлари уларни тўхтатиб, тезликни оширгани учун пул тама қилган.

“Қизиғи шундаки, биз бир-биримизни тушунмасдик. ДАН ходимлари инглиз тили ва биз эса рус ёки тожик тилини билмасдик. Кейин милиционер инглиз тилини биладиган дӯстига телефон қилиб, гўшакни менга узатди. У тезлик чекловига риоя қилмаганлик учун 500 сомоний ёки 55 доллар жарима тўлаш лозимлигини айтди”,- деди Миҳай Сика.

Унинг қўшимча қилишича, ДАН ходимлари билан баҳслардан кейин 200 сомоний тўлаб, бу минтақани тарк этган.

Миҳай Сиканинг таъкидлашича, ДАН ходимлари дўстининг шлемидаги камера ишлаётганини кўрмаган ёки эътибор бермаган.

Руминиялик сайёҳ Тожикистон ДАН ходимининг тамагирлигини фош қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:55 0:00

Хорижий сайёҳлар чўнтакларида пул қолмагани, Тожикистон йӯлларида банкомат йўқлиги боис жиддий қийинчикларга дуч келган.

Айни дамда, Кўлоб шаҳар ички ишлар бўлими ходимининг 31 май куни Озодликка хабар беришича, минтақадаги коррупцияга қарши кураш идораси видеода кўрсатилган ДАН ходимлари билан юз берган ҳодисани текширмоқда.

Миҳай Сика ӯтган йили 50 кун ичида минтақадаги 5 мамлакатнинг 25 минг километр ҳудудини мотоцикл билан кесиб ўтиб, Помир тоғларини ҳам томоша қилган.

Тожикистонда милиция ходимларининг хорижий сайёҳлардан пул тама қилиш ҳоллари тез-тез юз бериб туради.

2017 йил августида олмониялик профессор Стоҳр Уве Интернетдаги ижтимоий тармоқларда Душанбега сафари жараёнида тамагирлик қурбони бўлганини айтганди.

Стоҳр Увега кўра, Душанбе марказидаги Исмоил Сомоний ҳайкалини суратга олиш учун милиция ходимлари хорижий сайёҳдан пул талаб қилган.

2016 йили айни шундай ҳодиса қозоғистонлик журналист ва туркиялик фуқаро билан ҳам юз берганди.

Жорий йил Тожикистонда туризм йили эълон қилинган. Ҳукумат дастурларида мамлакатни тарихий ва диққатга сазовор жойларини тарғиб қилиш ва хорижий сайёҳларни Тожикистонга жалб этиш кўрсатилган.

Аммо маҳалий таҳлилчиларнинг фикрича, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг тамагирлиги ҳукуматининг бундай хатти-ҳаракатлари ва умуман, Тожикистон обрўсига катта путур етказиши мумкин.

XS
SM
MD
LG