Линклар

Шошилинч хабар
23 май 2018, Тошкент вақти: 21:49

Толиблар Кобулдаги меҳмонхонага ҳужум қилди, камида 30 киши ўлди (ВИДЕО)


Hotel International меҳмонхонасига ҳужум, 21 январь тонги, 2018 йил

Қуролланган бир гуруҳ жангари 20 январь оқшом Кобулдаги муҳташам меҳмонхоналардан бирига ҳужум қилди. Афғонистон Ички ишлар вазирлиги берган хабарга кўра, 12 соат давом этган отишмадан камида уч ҳужумчи ўлдирилган, меҳмонхонада қолиб кетган 150 киши қутқарилган.

22 январь куни эрталаб берилган расмий хабарга кўра, Hotel Interсоntinental меҳмонхонасига ҳужум қилган Толиб жангарилари билан отишмада тинч аҳолидан 30 киши қурбон бўлган.

Қурбонлар орасида 14 чет эллик, меҳмонхона ва хавфсизлик кучлари ходимлари бор.

Ҳалок бўлган хорижликлардан 6 нафари Украина ватандошидир. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳалок бўлганлар орасида қозоғистонликлар борлигини билдирди. Бироқ уларнинг сони қанча экани хабар қилинмади.

Хабарда айтилишича, ҳалок бўлган хорижликларнинг 11 нафари KamAir авиаширкатининг ходими бўлган.

Бу ҳужум учун масъулиятни Толиблар ўз зиммасига олди.

20 январь маҳаллий вақт билан оқшом соат 9лар атрофида қилинган ҳужум чоғида меҳмонхонада 150 нафардан ортиқ одам бўлган, булар сирасида 40 нафар хорижлик ҳам бор эди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Нажиб Донишга кўра, аввалига қуролланган ҳужумчиларнинг сони 4 нафар экани ҳақидаги хабарлар келгани учун, хавфсизлик кучлари меҳмонхонани бирма-бир текшириб чиққан.

Ички ишлар вазири Ваис Бармоқнинг Озод Европа/Озодлик радиосига билдиришича, ушбу меҳмонхона хавфсизлигини таъминлаш 2 ҳафта муқаддам хусусий ширкатлардан бирига берилган эди.

Жароҳатланган ҳолда қочишга муваффақ бўлган меҳмонхона менежери Аҳмад Нарис Ноёбнинг Reuters агентлигига айтишича, қуролланган шахслар, аввалига, меҳмонхонанинг ошхонасига бостириб кирган ва меҳмонларни ўққа тутган.

AFP агентлигига телефон орқали маълумот берган меҳмонлардан бири, отишма овози биринчи қаватдан келаётгани, уларнинг ўзи эса хонага беркиниб, махсус кучларнинг қутқаришига умид қилаётганини айтди.

Ички ишлар вазирилиги расмийси Нусрат Раҳимийга кўра, ўша кезда меҳмонхонада тўй ўтказилаётган бўлган ва отишма пайтида тўйга келганларнинг ҳаммаси соғ-омон жон сақлаган.

Раҳимийга кўра, жангарилар меҳмонхонанинг ошхонаси ва 3 қаватига ўт қўйган. Афғон телеканалларида берилган видеода 21 январь тонгида Hotel International меҳмонхонасидан кўкка ўрлаётган олов аралаш тутун акс этди.

Бу меҳмонхона 2011 йилнинг июнь ойида ҳам жангарилар ҳужумига учраган ва ўшанда 21 киши ўлган, уларнинг камида 10 нафари тинч аҳоли вакили эди.

XS
SM
MD
LG