Линклар

Шошилинч хабар
27 сентябр 2021, Тошкент вақти: 22:00

Афғонистон: Бир кунда уч вилоят маркази - Толибон йирик шаҳарларни босиб олмоқда


Толибон музокараларга чақириқни рад этган ва АҚШни Афғонистонга қайта ҳарбий аралашув оқибатларидан огоҳлантирган. 

Якшанба кунги жангларда Толибон Афғонистон шимолидаги муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган Қундуз вилояти маъмурий марказининг катта қисмини босиб олди ва унга қўшни яна икки вилоят марказлари - Сарипул ва Толуқонни қўлга киритгани хабар қилинмоқда.

Шу тариқа бир кунда Афғонистоннинг уч вилояти Толибон назоратига ўтган, жума кунидан буён эса толиблар беш вилоят марказини босиб олган.

Қундуз вилоят кенгашининг икки нафар расмийси Associated Press агентлигига толиблар маҳаллий ҳоким қароргоҳи, полиция идораси ва Толибон жангарилари дохил 500 нафар маҳкумлар сақланаётган қамоқхонани босиб олганини айтишган.

Озодликнинг Кобулдаги мухбири Олим Кўҳканнинг ҳукумат расмийларидан олинган хабарларга таяниб маълум қилишича, 8 август куни Афғонистоннинг жами учта вилоят маркази Толибон назоратига ўтган.

Олим Кўҳкан билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:44 0:00
Бевосита линк

Маҳаллий ҳукумат вакили Би-би-си радиосига шаҳарнинг аэропортдан бошқа барча мавзелари “Толибон” назоратига ўтганини маълум қилган.

Хорижлик айрим мухбирлар тинч аҳоли орасида қурбонлар борлиги, жумладан аёллар ва болалар нобуд бўлгани ҳақида хабар қилишган. Ушбу маълумот расман тасдиқланган эмас.

8 август куни Қундуз таслим бўлгани ҳақида хабар қилган CNN телеканали ушбу шаҳарни толиблар томонидан жорий йил май ойида ҳужум амалиёти бошланганидан бери улар қўл остига ўтган дастлабки муҳим вилоят маркази, деб атаган.

Бу Қўшма Штатлар Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий иштирокини якунлаши ортидан бошланган Толибон ғалабаларининг навбатдагисидир.

Associated Press агентлиги қўлга киритган видеода Толибон жангарилари Қундуз шаҳрининг бош майдонига ўз байроғини тикканини кўриш мумкин.

Шу билан толиблар бир ҳафтадан камроқ вақт ичида бешта вилоятни ўз назоратига олмоқда, айни пайтда пойтахт Кобулда толибларнинг суиқасд ҳужумлари давом этаётир.

Қундузнинг босиб олиниши Толибон учун жиддий ғалаба бўлиши билан бирга, ушбу экстремистик ҳаракат ўзи қўлга киритган ҳудудларда ўз ҳокимиятини қанчалик ўрната олиши йўлидаги жиддий синов ҳамдир.

340 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган Қундуз Афғонистоннинг энг йирик шаҳарларидан бири ва йиллар давомида Ғарб коалиция кучлари томонидан Толибон ҳужумларидан ҳимоя қилиб келинган.

Кобулдаги афғон ҳукумати Қундузни буткул қўлдан бой берганини рад этмоқда, Ички ишлар вазирлиги Мирвайс Станекзай ҳукумат кучлари жангларни давом эттираётгани ва айрим ҳудудларни толиблардан қайтариб олганини айтган.

Толиблар якшанба куни шунингдек, Қундуз вилоятига қўшни Таҳҳор вилояти маркази Толуқонни ҳам қўлга киритгани хабар қилинмоқда. 200 минг аҳоли яшайдиган Толуқон шаҳри 2001 йилда Толибонга қарши АҚШ бошчилигидаги кампанияга қўшилган шимолий кучларнинг муҳим базаларидан ҳисобланади.

Афғонистон парламентининг Таҳҳор вилоятидан бўлган депутати Сайид Шарофуддин Айнийнинг Associated Press агентлигига айтишича, уч ойлик ҳужумлардан сўнг якшанба куни толиблар шаҳар устидан назорат ўрнатишга муваффақ бўлган.

Таҳҳорлик яна бир парламент аъзоси Назифа Юсуфий Бег вилоят ҳокими, полиция бошлиғи ҳамда вилоят кенгаши аъзоларининг ҳаммаси қочишга мажбур бўлганликларини айтган.

Толуқон сўнги ҳафталарда Толибон томонидан қамал қилинган ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан узиб қўйилган эди.

Толибон ўтган жума биринчи маҳаллий пойтахт- жануби-шарқдаги Нимроз вилоятининг маъмурий маркази бўлган Заранж шаҳрини босиб олган эди.

Толибон ҳужумлари авж оларкан, ҳукумат кучлари АҚШ ёрдамидаги ҳаво зарбалари билан жавоб қайтармоқда. Бу эса тинч аҳоли ўртасидаги талафот билан боғлиқ хавотирларни янада кучайтирган.

"Толибон” янги ҳудудларни ишғол этиши манзарасида Пентагон ҳаракатни “ҳалол музокаралар”га чақирмоқда.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Афғонистондаги вазиятга баҳо берган ва “Толибон” ҳаракатининг ҳукумат қўшинларига ҳужумлари шароитида АҚШ миссиясини аниқлаштирган ҳолда баёнот тарқатди, дея хабар қилди “Америка овози”.

Афғонистондаги АҚШ миссияси, президент Жо Байден кўрсатмасига мувофиқ, ҳали-ҳамон Америка қўшинларини хавфсиз ва тартиб билан олиб чиқиб кетишда ифодаланади, дейилган мақолада. Айни пайтда АҚШ Афғонистон ҳукумати кучларини молиявий ва техник жиҳатдан, шунингдек, мумкин бўлганда, “ҳаводан ҳимоявий зарбалар бериш” орқали дастаклашда давом этади.

Мирзиёев ҳукумати ва Толибон мулоқоти. Ўзбекистон эртаси таҳликадами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:18 0:00

“Толибон” томонидан инсон ҳуқуқлари бузилаётгани, жумладан унинг ноҳукумат ташкилотлар биноларига зўрлик билан киргани ва тинч фуқаролардан тирик қалқон ўрнида фойдаланганига оид кўплаб хабарлар Вашингтон расмийларини “ларзага солган”.

Пентагон “Толибон” ҳаракатини ҳужум операцияларини тўхтатиб туришга ва можарони музокаралар йўли билан ҳал этиш учун “виждонан мулоқотга киришиш”га чақирган.

Толибон ҳужумлари давом этаркан, АҚШ ва Британия Афғонистондаги ўз фуқароларини мамлакатни тарк этиш ҳақида огоҳлантирди.

Зўравонликлар кучайганига қарамай, президент Жо Байден маъмурияти АҚШ кучларини олиб чиқиб кетиш бўйича белгиланган жадвал - шу ой охирида якунланиши кутилаётган муҳлатга қатъий амал қилишини айтмоқда.

Айни пайтда Толибон вакили музокараларга чақириқни рад этган ва АҚШни Афғонистонга қайта ҳарбий аралашувнинг эҳтимолий оқибатларидан огоҳлантирган.

XS
SM
MD
LG