Линклар

Ҳокимлик лицензия бермаëтган Тошкентдаги 63 аптека банкротлик ëқасига келиб қолди

  • Озодлик

«Ягона дарча» марказига лицензияси узайтирилишини сўраб мурожаат қилган Тошкент шаҳридаги 63 та хусусий аптека эгаси¸ қонунда белгиланган муддат тугаганига қарамай¸ ўз аризасига жавоб ола олмай¸ ишсиз ўтиришга мажбур қолмоқда.

Лицензиясиз қолган аптекачиларнинг Озодликка айтишича¸ президент Мирзиëев томонидан тадбиркорлик фаолиятини расмийлаштиришни тезлаштириш ва соддалаштириш мақсадида ваколатлари кенгайтирилган "Ягона дарча" маркази¸ бундай чўзилишга идоралараро маъмурий чалкашликларни рўкач қилмоқда.

«Аптекаларга лизенция бериш 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтди. Олдинлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги берарди¸ унда муаммо бўлмаган. 1 апрелдан бошлаб лицензия бериш фактически тўхтатилди. Шаҳар ҳокимлиги 1 июлдан лизенция учун ҳужжатларни «Ягона дарча» орқали расмийлаштиришни йўлга қўйди. 6 июлдан бошлаб “Ягона дарча” ҳужжат қабул қилишни бошлади. Қонун бўйича¸ аризага 15 кун ичида жавоб берилиши керак. Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтди¸ ҳеч қандай жавоб йўқ. Бу дарчага кунига 2-3 марталаб бораяпмиз¸ “паспорт йўқ¸ ҳоким қўл қўймаган¸ йўқ”¸ дейишдан нарига ўтмаяпти”¸ деди лизенцияси тугагани боис¸ аптекасини ëпиб уйида ўтиришга мажбур қолган тадбиркорлардан бири Озодлик билан 16 август кунги суҳбатда.

“Аптекам ëпиқ қолаëтган ҳар бир кун менга миллионлаб зарар келтирмоқда”

Озодлик суҳбатлашган хусусий аптека эгаларидан бири¸ ҳокимият идораларидаги маъмурий сансалорлик ортидан¸ ўзи ва ўзига ўхшаган аптекачилар кўраëтган зарарни тасвирлашга уринди.

Банкдан кредит олганман¸ уни фоизи билан ойма-ой қайтаришим керак. Аптекам арендага олинган бинода¸ ишласа-ишламаса¸ ижара пулини тўлашим керак. Тўртта ишчим уйида ўтирипти¸ уларга ойлик бериш керак. Лекин буларнинг бирортасига пул йўқ¸ чунки аптекам қулфлоғлиқ¸ савдо йўқ¸ даромад йўқ. Бундан ташқари¸ аптеканинг ўз ички зиëнлари бор. Асосийси¸ дорилар муддати ўтиб кетади ва уларни кейин ахлатга ташлашим керак. Уже икки миллионлик дорини ташладим. Ўтаëтган ҳар бир кун бизга ниҳоятда қимматга тушмоқда¸ шунақа чўзишни давом эттиришаверса¸ бутунлай банкрот бўламан. Бундан давлат ҳам зарар кўраяпти¸ чунки солиқ ҳам¸ банкка пул ҳам тушмаяпти”¸ дейди тошкентлик тадбиркор.

“Паспорт тайëр¸ 17 августдан лицензия беришни бошлаймиз”, деган ваъда бажарилмади

16 август куни Озодлик мухбири тошкентлик хусусий аптекачилар шикоятига муносабат билдиришни сўраб¸ Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилди.

Ҳокимликнинг аптекаларга лицензия бериш жараëнига бевосита алоқадор расмийси¸17 августдан бошлаб лицензияси узайтирилишини сўраб “Ягона дарча”га ҳужжат топширганларга жавоб берилишини билдирди.

Бугун (16 август – таҳр.) ниҳоят тўртта ташкилот – Тошкент шаҳар ҳокимлиги¸ Адлия вазирлиги¸ Савдо-саноат палатаси ва Ахборот технологиялари вазирлиги томонидан қўл қўйдириб¸ “Ягона дарча” марказининг аптекаларга лицензия бериш бўйича паспортини (ҳужжатлар рўйхати – таҳр.) ишлаб чиқиш тугади. Бунинг устида тўртта идоранинг ўндан ошиқ юристи ишлади¸ юзлаб қонун ва қонун ости ҳужжатлари мувофиқлаштирилди. Ҳозир президент томонидан тасдиқланган комиссия йиғилиши бўлаяпти¸ ҳоким рухсатномаларга қўл қўяди¸ эртадан лицензияси тугаган 63 та аптекага кенгашдан ўтган-ўтмагани ҳақида хабар берамиз. 25 аптека мутахассислар гуруҳи томонидан нормага мувофиқ эмас¸ деб топилиб¸ уларга лицензия бермасликка қарор қилинди¸ қолган 38 таси эртадан лицензиясини олиб¸ ишини давом эттиради”¸ деди ҳокимлик расмийси.

Озодлик бу ваъда ижросини кузатиш мақсадида¸ аптекачилар шикоятини эълон қилишни бир кунга тўхтатиб¸ жараëн ривожини кутди.

18 август куни Озодлик қайта боғланган аризачи аптекачилар¸ 17-18 август кунлари ҳам “Ягона дарча”дан ҳеч қандай аниқ жавоб бўлмагани¸ улар эски гапни такрорлашдан нарига ўтмаëтганини маълум қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийсининг 17 августдан хусусий аптекачилардан 38 таси ўз лицензиясини олиб¸ ишни бошлаши мумкин¸ аризаси қондирилмаган 25 аптека эса¸ ўз фаолиятини талаб даражасига кўтарса¸ уларга ҳам берамиз¸ деган ваъдаси ижро этилмади.

Давлат органи лицензия беришни чўзса¸ тадбиркор лицензиясиз ишлашга ҳақли - Қонун

Шавкат Мирзиëев президент сифатида қўл қўйган илк ҳужжатларидан то сўнггилари (2017 йилнинг 18 августига қадар – таҳр.)га қадар хусусий тадбиркорлик йўлидаги маъмурий тўсиқларни камайтириш¸ улар фаолиятига назорат органлари аралашувини тўхтатиш ва тадбиркорлик субъектини расмийлаштиришни соддалаштириш ва тадбиркор ҳақларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Президент тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш ҳақида кунора гапириб турган бир пайтда¸ биргина пойтахтнинг ўзида 63 та хусусий аптеканинг маъмурий лоқайдлик боис синиш ëқасига келганидан¸ Озодликка маълум бўлишича¸ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармасининг ҳам хабари бор.

“Бундай вазиятда тадбиркор ҳақларини ҳимоя қилиш мақсадида нима қилаяпсизлар”¸ деган Озодлик саволига жавоб берган бошқарма расмийси¸ “жараëннинг кузатилаëтгани¸ бундай кечикиш учун чора кўрилганини” айтди¸ аммо бу чоралар тафсилотини айтишга ваколатли эмаслигини таъкидлаш билан кифояланди.

Айни пайтда¸ бу расмий¸ лицензияси узайтирилишни сўраб¸ тегишли ҳужжатларни “Ягона дарча”га топширганидан 15 кун ўтиб ҳам жавоб ола олмаëтган аптекачиларнинг¸ ўз фаолиятини лизенциясиз давом эттиришга ҳаққи борлигини билдирди.

Улар бизга хат ëзса¸ биз ҳам уларга “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун асосида¸ жавоб берамиз. Ҳокимиятга лицензияси узайтирилишини сўраб ҳужжат топширган бўлсаю¸ қонунда белгиланган муддатда унга жавоб берилмаган бўлса¸ “бизга жавоб берилмади¸ қонунга кўра¸ фаолиятимизни бошлаймиз”¸ деган хабарномани “Ягона дарча”га бериб¸ ишларини бошлашлари мумкин. Бундай вазиятда назорат органларининг уларга лицензиянг йўқ¸ деб эътироз билдиришга ҳаққи бўлмайди¸ бизнинг хатимиз фаолиятини давом эттиришлари учун асос бўлади”¸ деди Адлия вазирлигининг Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси расмийси.

XS
SM
MD
LG