Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 09:06

"Тошкент-нон" раиси буханка тақчиллашганини свет ўчиши ва ремонт билан изоҳлади

  • Садриддин Ашур/Озодлик

Озодликка мурожаат қилган тошкентликларга кўра¸ пойтахтнинг айрим туманлари дўконларида буханка нон тақчиллашган. “Тошкент-нон” уюшмаси раҳбари айрим нон заводларида свет ўчганлиги ёки ремонт ишлари олиб борилаётгани сабабли, буханка чиқариш камайган бўлиши мумкинлигини эътироф этди¸ аммо муаммо кўлами катта эмаслигини таъкидлади.

Озодликка Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ мавзесидан мурожаат қилган шаҳарликлардан бири дўконларда буханка нон тушга бормай тугаб қолаётгани ҳақида ёзди:

“Кеча 29 ноябрь куни, соат 12 дан кейин Қўйлиқ бозорида буханка нон қолмади. Бозорнинг атрофидаги дўконларда ҳам йўқ. Бугунам шу аҳвол. Ҳамма ноннинг нархи ошади, шунга йўқ экан, деб айтаяпти”, деб ёзди шаҳарликлардан бири.

Тошкентнинг Фарғона йўли кўчасида яшайдиган шаҳарликлардан бири ҳам дўкондан буханка нон топа олмаётганини айтди:

- Уч-тўрт кундан буён бўлка нон камайиб кетди, жуда кам. Мана ҳозир ҳам магазинга чиқсам 30-40 та нон кепти. Одатда, бизнинг дўкон 200-250 та нон оларди. Сотувчи ҳар бир одамга “иккитадан олинглар, ҳаммага етмайди”, деяпти. Бизлардан сал наридаги Қўйлиқ бозорида камида беш-олтита нон дўкони бор. Борсам, ҳаммасига нон йўқ, деб ёзиб қўйибди. Эртадан ойлик-пенсиялар ошадику, дўкончилар ҳам, шунинг учун кам келаётган бўлса керак, дейишяпти. Тўғри ҳар сафар ойликлар ошишидан олдин нон тақчил бўлиб қолади, дейди шаҳарликлардан бири.

Бу суҳбатдошнинг айтишича, кам таъминланган оилаларнинг бозордаги ёпган нонни сотиб олишга қурби етмайди:

- Шайхонтоҳур туманидаги қариндошларимга телефон қилиб сўрасам, улар ҳам соат 8-9 дан кейин буханка нон тугаб қолаяпти, дейишаяпти. Бизга ўхшаган камбағал оилаларнинг бозордан нон сотиб олишга қурбимиз етмайди. Ёпган ноннинг энг арзони 1000 сўмда, бўлмаса 1500. Бизнинг оилага бир кунда тўрт буханка оламиз. Ёпган нондан ўнта олсак ҳам етмайди, бизга. Буханканинг нархи эса арзон, 650 сўм, дейди тошкентликлардан бири.

Тошкентнинг Ал-Хоразмий мавзесидаги дўконлардан бирининг исми сир қолишини сўраган сотувчиси буханка ноннинг нормадагидан икки баравар кам келаётганини тасдиқлади.

“Ҳар куни икки маҳал буханка олардик. Мана беш кун бўлди¸ гоҳ бир марта олиб келишади, гоҳ шу ҳам йўқ. Сабабини сўрасак, билмаймиз дейишади”, деди сотувчи.

Бектемир туманида яшайдиган Аброр 30 ноябрь куни Озодликка бундай деб ёзди:

"Бир ҳафтадан бери нон кам кевотти. Ишонмасангиз келиб сўранг. Бектемир туманидаги Бинокор маҳалласидаги магазин. Одамларга нон етмай қолаяпти, бозордан қимматга ёпган нон сотиб олишга мажбур бўлишаяпти".

Озодлик суҳбатлашган шаҳар маркази ва Яшнобод туманида яшайдиган тошкентликлар ўз атрофларидаги дўконларда буханка нон етарли эканини билдирди.

Тошкентнинг айрим туманларида буханка ноннинг тақчил бўлиб қолганлиги сабабини билиш мақсадида Озодлик боғланган “Тошкент-нон” уюшмаси раиси Мақсуд Қосимов нон нархи ошиши мумкинлигини инкор қилар экан, буханка тақчиллиги сабабини ойдинлаштирмади:

- Ҳеч қанақа, нон қиммат бўлмайди. Ҳаммаси жойида, ҳамма корхоналарга ун етарли. Проблема йўқ. Тортилиб қолгани сабаби, заводлар бузилган, авария бўлган, темир-терсак бўлганидан кейин уни ремонт қилади. Бизлар бугун комиссия бўлиб ТТЗни, Северный востокни, Мирзо Улуғбек томонни айландик, ҳамма жойда нон етарли, ваҳимага асос йўқ, деди "Тошкент-нон" уюшмаси раиси.

Айни пайтда¸ Мақсуд Қосимов Тошкентдаги қайси нон заводларида техник муаммолар билан ишлаб чиқариш тўхтаб қолганига аниқлик киритмади.

"Тошкент-нон" уюшмаси пойтахтдаги энг асосий нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхонадир. Унга бириктирилган 40 дан ортиқ заводда ҳар куни 500-550 тонна ун қайта ишланиб, турли хилдаги нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Нархи давлат томонидан белгиланган буханка нонни "Тошкент-нон" уюшмасига қарашли корхоналаргина ишлаб чиқаради.

Ўзбекистонда сўнгги бор буханка ноннинг нархи 2014 йилнинг 15 сентябрида оширилган эди. Ўшанда бу ноннинг нархи 600 сўмдан 650 сўмга кўтарилганди.

Ўзбекистонда 1 декабрдан бошлаб ойлик иш ҳақи ва пенсияларнинг ошиши ортидан буханка ноннинг нархи кўтарилиши эҳтимоли борлиги аҳолида хавотир уйғотмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG