Линклар

Трамп Эронда янги ракета синовидан сўнг ядро бўйича битимни шубҳа остига олди

  • Озодлик

Эроннинг IRIB телевидениеси намойиш қилган "Хуррамшаҳр” ракетасининг учирилиши

Эрон расмий телевидениеси 23 сентябрь куни фазога учирилаётган “Хуррамшаҳр” ракетасини намойиш қилди. Бу ракета 1 кун аввал ўтказилган дабдабали ҳарбий парадда кўрсатилган эди. АҚШ президенти Доналд Трамп бу ракета синови ядро дастури бўйича Эрон билан эришилган битимни шубҳа остига қўяди, деб баёнот берди.

Twitter тармоғидаги саҳифасида АҚШ президенти ракета синовларини ўтказаётган Эрон билан Шимолий Корея дунёга фитна солаяпти, деб ёзди.

"Эрон Исроилга етиб бора оладиган баллистик ракетани синовдан ўтказди. У Шимолий Корея билан ҳамкорлик қилмоқда. Ўртадаги битим нима бўлади?" деб ёзди Трамп 23 сентябрь куни Twitter тармоғидаги саҳифасида.

Эрон расмийлари 23 сентябрь куни янги баллистик ракетани муваффақиятли синовдан ўтказганини маълум қилди.

АҚШ маъмурияти расмий Теҳронни ядро қуроли бўйича тузилган кўп томонлама битимдан чиқарилиши мумкинлиги хусусида огоҳлантирган эди.

23 сентябрь куни IRIB давлат телерадиокомпанияси “Хуррамшаҳр” ракетаси синовига оид видеолавҳани намойиш этди. Ушбу видеодаги ракета илк марта Теҳрон шаҳрида 22 сентябрь куни бўлган ўтган дабдабали ҳарбий парад чоғида кўрсатилган эди.

Эфирга узатилган видеолавҳада айтилишича, “бу Эроннинг 2000 км радиусни қамраб олувчи учинчи ракетасидир”.

Давлат телевидениеси синов қачон ўтказилганини айтмади, лекин Эрон расмийлари 22 сентябрда у “тез орада” синовдан ўтказилади, деб баёнот берган эди.

Ракетанинг синовдан ўтказилгани ХХ асрнинг 80-йилларида Ироқ билан Эрон ўртасидаги урушга бағишланган ҳарбий парад чоғида ошкор қилинди.

Президент Ҳасан Руҳоний парад вақтида Теҳрон ракета дастурини ва мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини кучайтиришни давом эттиришини айтди. АҚШ президенти Доналд Трамп эса Эрондан “хавфли ракеталар”ни такомиллаштиришни бас қилишни талаб қилмоқда.

У 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Бош Ассамблеясидаги маърузасида Эронни террорчиларни қўллаб-қувватлашда айблаб, Теҳрон ҳукуматини “коррупциялашган диктатура”, деб атади.

Шунингдек, у БМТга аъзо бошқа мамлакатларни Эронга қарши қаттиқроқ позицияда туришга даъват этди ҳамда “Биз қотил режимнинг ушбу хавфли ракеталар ишлаб чиқаришга қаратилган беқарорлаштирувчи хатти-ҳаракатларига бефарқ қараб тура олмаймиз”, деди.

Трамп маърузасида Эроннинг олти етакчи мамлакат, жумладан, Қўшма Штатлар билан 2015 йили имзолаган ядро дастури бўйича битимига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, Вашингтон “ядро дастурига пана бўлиб хизмат қиладиган битимга риоя қила олмайди”.

Руҳоний 20 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Бош Ассамблеясидаги маърузасида Трампнинг фикрларига жавоб қайтарди ҳамда унинг нутқи “нодонларча, бемаъни ва нафрат оҳанги”да бўлганини айтди.

У Эрон ҳеч қачон биринчи бўлиб ядро дастурига оид битимни бузмаслиги ҳақида баёнот берди.

Трамп Эрон билан эришилган ядро дастурига оид битим талабларини бажаришга оид қарор қабул қилгани ёки қилмагани аниқ эмас. Ўша битимга кўра, Эрон халқаро санкциялар бекор қилиниши ҳисобига ядро дастурини тўхтатишга рози бўлган эди.

Трамп маъмурияти икки марта Эрон ядро дастурига оид битим талабларини бажараётганини тасдиқлади. Шу билан бирга Теҳроннинг ракета синовлари дастури ядро қуроли бўйича битим руҳига зид эканини билдирди.

Вашингтон энди 15 октябрь куни Эрон ҳали ҳам ўша битим талабларини бажараётгани ёки бажармаётганини эълон қилиши керак.

Эрон билан битимни яна Россия, Хитой, Британия, Франция ва Германия имзолаган.

Вашингтон Эроннинг ракета синовлари БМТ қарорига зид эканини айтиб, ушбу мамлакатга қарши бир томонлама санкциялар жорий қилди. Ушбу халқаро ташкилот 2015 йили ядро дастури бўйича битимни маъқуллаган ва Эронни ядро қуроли ташиши мумкин бўлган ракеталарни ишлаб чиқармасликка чақирган эди.

Теҳрон БМТ қарорида ракеталар ҳақида ҳеч нарса дейилмаганини ва улар ядро қуроли ташишга мўлжалланмаганини айтиб келади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG