Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2021, Тошкент вақти: 08:54

Трамп тарафдорлари Конгрессга бостириб кирди. Вашингтонда комендантлик соати жорий қилинди (ВИДЕО)


АҚШ Президенти Дональд Трамп тарафдорларининг Конгресс биноси олдидаги зўравонликларга айланиб кетган намойиши - Вашингтон, 6 январь, 2021
  • 6 январь куни Президент Трампнинг қуролли тарафдорлари Вашингтонда полиция билан тўқнашди ва АҚШ Конгресси биносига бостириб кирди.
  • Конгресс Жо Байден ғалабасини тасдиқлаши кутилган ялпи мажлисини тўхтатди, мажлисга раислик қилаётган вице-президент Майк Пенс эвакуация қилинди.
  • Аввалроқ Трамп ўз тарафдорлари қаршисида нутқ сўзлаган ва яна бир марта сайлов натижаларини тан олмаслигини айтган эди.
  • Жо Байден Трампни телевидение орқали чиқиш қилиб, "қамалга барҳам бериш"га чақирди.
  • Вашингтон мэри Мюриэл Боузер маҳаллий вақт билан 18.00дан эътиборан АҚШ пойтахтида комендантлик соати жорий қилди.
  • Капитолийда тартиб ўрнатиш учун Миллий гвардия кучлари сафарбар қилинди. Сўнгги хабарларга кўра, Конгресс биносида хавфсизлик қайта тикланган.
  • Айни пайтда Жоржия штатидаги Сенат учун ҳал қилувчи сайловларнинг иккинчи босқичида демократлар - Жон Оссофф ва Рафаэл Уорнок республикачи рақибларини мағлубиятга учратди.

АҚШ президентлик сайловларида мағлуб бўлган амалдаги президент Дональд Трампнинг бир гуруҳ тарафдорлари 6 январь куни Капитолий олдидаги намойишлар ортидан Конгресс биносига бостириб кирди. Бу вақтда Конгресснинг ҳар икки палатаси аъзолари сайловларда демократ Жо Байденнинг ғалабасини тасдиқлаш учун йиғилганди.

Трамп тарафдорларининг митингида қатнашган бир неча юз киши полиция кордонини ёриб ўтиб, Капитолий биносига бостириб киргач, Конгресс сессияси ўз ишини тўхтатган ҳамда Вакиллар палатаси ва Сенатга кириш ёпилган. Сессияда раислик қилаётган вице-президент Майк Пенс эвакуация қилинган. Хабарларга кўра, зўравон намойишчилар Вакиллар палатасининг мажлислар зали ва бошқа хоналарга киришга муваффақ бўлган.

Охирги хабарларга кўра, Федерал қидирув бюросининг махсус кучлари Конгресс биносига етиб келган.

CNN телеканали ўз манбасига таяниб, бир аёлнинг кўксидан ўқ егани ҳақида хабар қилди. Вашингтон мэри Мюриэл Боузер маҳаллий вақт билан 18.00дан эътиборан АҚШ пойтахтида комендантлик соати жорий қилди. Президент Дональд Трамп намойишчиларни осойишталикни сақлаш ва зўравонликлардан тийилишга чақирди.

Вице-президент Майк Пенс намойишчиларни зудлик билан бинони тарк этишга чақириб, қонунни бузганларни жавобгарликдан огоҳлантирди.

Майк Пенс Трампнинг талабига қарамасдан Жо Байден ғалабасини сертификация қилиш жараёнига тўсқинлик қилмаслигини айтган. Айрим республикачилар баъзи штатлардаги сайлов натижаларининг қайта кўриб чиқилишига эришмоқчи, аммо улар етарли дастакка эга эмас.

Айни пайтда Жоржия штатидаги Сенат учун ҳал қилувчи сайловларнинг иккинчи босқичида демократлар - Жон Оссофф ва Рафаэл Уорнок республикачи рақибларини мағлубиятга учратди. Бу амалда АҚШ Конгрессининг юқори палатаси демократлар назоратига ўтаётганини англатади. Бу ҳолатда Жо Байденга ўз кун тартибини илгари суриш осон бўлади.

Зўравонликлар бошланганидан кўп ўтмай АҚШ жамоатчилигига жонли тарзда мурожаат қилган Жо Байден¸ президент Трампни зудлик билан ўз тарафдорларини зўравонликни тўхтатиб¸ уйига қайтишга чақиришга даъват қилди.

Байден чиқишидан кўп ўтмай Трамп Twitter орқали ëйинланган видеомурожаатида “сайловларнинг ўзидан ўғирлангани” ҳақидаги асоссиз баëнотини такрорлади¸ айни пайтда ўз тарафдорларидан “уйига қайтиш”ни сўради.

АҚШ демократиясининг рамзи бўлган Капитол Ҳилл олдидаги зўравонликлар АҚШдаги аксар телеканаллар орқали жонли намойиш қилинмоқда.

Етакчи кабель телеканаллари шарҳловчилари бу воқеани Америка демократиясига ҳужум сифатида баҳоламоқда ва Дональд Трампни ҳокимиятнинг тинч йўл билан алмашинувига тўсқинлик қилаëтганликда айбламоқда. Республикачи сенатор Адам Кинзингер 6 январь кунги воқеаларни “давлат тўнтариши уриниши” деб атади.

Аввалроқ Оқ уй ёнида Трамп тарафдорларининг кўп минг кишилик митинги бўлиб ўтди. Намойишчилар ўтган йил охиридаги президент сайлови натижаларини қайта кўриб чиқишни талаб қилишди. Намойишчилар олдида нутқ сўзлаган Дональд Трамп "Биз ҳеч қачон чекинмаймиз" деб айтди.

Трамп тарафдорлари полиция билан тўқнашган - Вашингтон, 6 январь, 2021
Трамп тарафдорлари полиция билан тўқнашган - Вашингтон, 6 январь, 2021

Ўз нутқида Трамп яна бир бор оммавий ахборот воситаларини ўз фаолияти ва сайловолди тарғиботларини нохолис ёритишда айблади. Трампнинг сўзларига кўра, АҚШдаги сайлов жараёнлари "учинчи дунё давлатларидагидан ҳам ёмон". Трамп ҳануз мағлубиятни тан олишдан бош тортмоқда. "Биз сизнинг овозларингиз ўғирланишига йўл қўймаймиз", деб айтди у тарафдорлари олдидаги чиқишида.

15 декабрь куни Сайловчилар ҳайъати демократ Жо Байденнинг ғалабасини тасдиқлаганди. Байденга 306 сайловчи, Дональд Трампга эса 232 сайловчи овоз берган. Ғалаба учун 270 та овоз тўплаш керак .

6 январь куни Конгресснинг ҳар икки палатаси сайловчилар ҳайъати томонидан тасдиқланган президент сайлови натижаларини маъқуллаш учун тўпланди. Бу янги сайланган президентнинг қасамёд маросимидан олдинги энг сўнгги процедура ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG