Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 23:11

Трамп иккинчи марта Конгрессга мурожаат қилади


5 февраль куни АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатдаги вазият хусусида Конгрессга мурожаат қилади. Мурожаатда иммиграция, Яқин Шарқдаги можаролар, АҚШнинг кучли иқтисодиёти масалаларига эътибор қаратилади.

Унинг маърузаси Конгрессдаги демократлар билан мунозаралари чуқурлашиб бораётган паллага тўғри келмоқда.

Конгресс икки палатасининг қўшма мажлисидаги маърузадан бир неча кун олдин ҳукуматнинг АҚШ тарихидаги энг узоқ – 35 кунлик шатдауни тугаган эди.

Шатдаунга Трампнинг АҚШ билан Мексика ўртасидаги чегарага девор тиклашга маблағ ажратиш талабини ҳам Намоёндалар палатаси, ҳам Конгрессдаги демократлар рад этгани сабаб бўлди. Президент айни талабини ноқонуний иммиграция ва наркотикларнинг мамлакатга кириб келиши йўлини тўсиш истаги билан изоҳламоқда.

Лекин шатдаунни вақтинча бекор қилиш бўйича келишув муддати 15 февралда тугайди. Трамп Конгрессга, агар девор учун 5,7 миллиард доллар ажратмаса, фавқулодда вазият жорий этиш билан таҳдид қилди.

Аслида мурожаат 29 январга мўлжалланган эди, бироқ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси урф бўлмаган ишга қўл урди – президентга бунинг учун рухсат бермади.

Трамп 1 февралда журналистларга фавқулодда ҳолат жорий этиши мумкинлигини айтди.

АҚШ Конституциясига кўра, Конгресс бюджетдан маблағ сарфлаш бўйича умумий қарорлар қабул қилади, солиқ тўловчилар маблағининг йирик харажатларини тасдиқлайди.

Юз минглаб давлат хизматчиларини маошсиз қолдирган шатдаун Трампнинг обрўсига путур етказди. Бунга унинг мамлакатдаги етакчи разведка хизматларининг дунёдаги таҳдидлар хусусидаги хулосаларига ишонмаслигини ошкора айтгани ҳам яна бир сабаб бўлди. Қолаверса, президентнинг Сурия ва Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш ҳақидаги буйруғидан ҳатто партиядошларининг ҳам норози эканини яшириб ўтирмади.

Бундан ташқари, махсус прокурор Роберт Мюллер Россиянинг 2016 йили президент сайловига аралашгани ва Россия ҳукумати вакиллари билан Трампнинг ёрдамчилари ҳамкорлик қилгани ҳақидаги гумонларни тергов қилмоқда.

Гарчи Мюллернинг тергови ниҳоясига етиб қолгани хусусида олди-қочди гаплар юрган бўлса-да, сўнгги кунларда муҳим айбловлар эълон қилиндики, айбланувчилар орасида Трампнинг узоқ йиллардан бери ҳамкори Рожер Стоун ҳам бор.

Мюллер ўтказаётган терговдан ташқари АҚШ прокурорлари Манҳеттенда Трампнинг президентлик лавозимига киришиш маросимининг ташкилий қўмитасига молиявий ҳужжатларни бериш талаби билан чақирув қоғози юборди. Прокурорлар бошқа нарсалар баробарида инаугурацияга чет элликлар ҳомийлик қилгани ёки қилмагани билан ҳам қизиқмоқда.

Ноябрь ойидаги оралиқ сайловдан сўнг Вакиллар палатасини назоратига олган демократлар Трамп бошлиқ Оқ Уйнинг Россия билан боғлиқ ишларини тергов қилиш ва бошқа масалалар бўйича муросасиз муросасиз йўлни танлади.

Трамп нутқида икки йиллик президентлиги чоғида эришган энг катта ютуғи сифатида АҚШ иқтисодиётининг кучайгани тўғрисида гапириши кутиляпти.

Умуман олганда, Трампнинг солиқларни 1,5 триллион долларга камайтиришга эришгани шарофати билан мамлакатда ишсизлик даражаси 4 фоизга тушди, пулнинг қадрсизланиши 2 фоиз атрофида бўлди. Бироқ иқтисодчилар ушбу ютуқлар жорий йилда йўққа чиқишидан хавотир билдирмоқда. Трампнинг савдо сиёсати, айниқса, Хитой, Мексика ва Канадага қарши эълон қилган тариф урушлари иқтисодий ўсиш йўлига тўғаноқ бўлмоқда.

Яна Трампнинг маърузасида АҚШнинг Сурияда ИШИД устидан ғалаба қозонгани ҳам алоҳида таъкидланиши тахмин этилмоқда.

XS
SM
MD
LG