Линклар

Трамп сайлов кампанияси раҳбари чет эл агенти сифатида рўйхатга олинди


Пол Манафорт Трампнинг сайлов кампаниясини 2016 йил август ойига қадар беш ой бошқарган

АҚШ президенти Дональд Трамп сайлов кампаниясининг собиқ раҳбари Пол Манафорт хориждаги ҳукуматга ишлаган агент сифатида рўйхатга олинди. Маълум бўлишича, у Украина собиқ президенти Виктор Янукович бошчилигидаги сиёсий партияга маслаҳатчилик қилган.

Манафорднинг айтишича, Адлия вазирлиги ҳужжатларида унга тегишли «DMP International» фирмаси Украинанинг «Партия регионов»дан 17 миллион доллардан ошиқ пул олгани қайд этилган.

Чунки фирма 2012-2014 йилларда ушбу россияпараст собиқ ҳукмрон партияга маслаҳатлар бериб турган.

Манафорт Трамп сайлов кампаниясининг чет элга ишлаган агент сифатида рўйхатга олинган иккинчи аъзоси бўлди. Март ойида Адлия вазирлиги президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинни ҳам унга қарашли консалтинг фирмаси бир турк бизнесменининг манфаатини кўзлаб иш юритгани учун рўйхатга олган эди.

Манафорт Трампнинг сайлов кампаниясига ўтган йил август ойига қадар 5 ой раҳбарлик қилди. Аммо, Ассошиэйтед Пресс агентлиги унинг фирмаси Вашингтон шаҳрида Украинанинг ҳокимиятдаги сиёсий партияси манфаатларини кўзлаб иш олиб борганини фош қилгач, дарҳол истеъфога чиқиб кетди.

У Трампнинг сайлов кампаниясида қатнашган бошқа кишилар қаторида махсус комиссиялар ва Конгресс қўмиталарининг назоратига тушиб қолди. Маълумки, ушбу комиссиялар ва қўмиталар Россиянинг 2016 йилги сайлов кампаниясига аралашувини тергов қилмоқда.

Манафорт Россия билан бирор алоқаси борлигини рад этди ва Украинадаги фаолиятининг 2016 йилги президент сайловига мутлақо алоқаси йўқлигини айтди.

АҚШ қонунчилигига кўра, чет мамлакатларнинг сиёсий манфаатларини тамсил қилувчи ҳамда АҚШдаги жамоатчилик фикри ва сиёсатга таъсир ўтказишга интилаётган кишилар бирор иш қилишдан олдин Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиши шарт. Манафорт эса ишини битириб бўлгандан сўнг орадан уч йил ўтиб, рўйхатга олинмоқда.

Вазирлик камдан-кам ҳолларда ватандошларни «Чет эл агентларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги қонунни бузгани учун жавобгарликка тортади.

Манафортдан ташқари унинг собиқ ўринбосари Рикк Гейтс ҳам Украина манфаатларини кўзлаб иш юритгани учун чет эл агенти сифатида руйхатга олинган. У ҳам Трампнинг сайлов кампаниясида хизмат қилган эди.

Адлия вазирлиги ҳужжатида қайд этилишича, Манафортга тегишли фирма Янукович партиясига ёрдам бераётганда, асосан, Украинанинг ички сиёсий масалалари билан шуғулланган.

Янукович 2014 йил февраль ойида президентлик лавозимидан кетишга мажбур бўлди. Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик келишувини имзолашдан бош тортиб, бунинг ўрнига Москва билан савдо-сотиқ алоқаларини ривожлантиришга урингани Украина халқининг кескин норозиликларини келтириб чиқарди ва у Россияга қочишга мажбур бўлди.

Манафортга тегишли ҳужжатда фирмаси «Украина билан Ғарб мамлакатлари ўртасида улкан сиёсий ва иқтисодий интеграциясини кўзлаб» фаолият юритгани қайта-қайта таъкидланади.

Манафортга тегишли фирма вакилларининг яна тан олишича, улар Брюсселда жойлашган ва «Европанинг замонавий Украина маркази» билан ҳамкорлик қилган ва унга «маслаҳат бериб турган».

XS
SM
MD
LG