Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:28

Турк лираси 5 фоизга тушди, инфляция ўсиши эътибор марказида


“Reuters” хабар беришича, Туркияда лира душанба куни 5 фоизга арзонлади. 2021 йил Туркия учун Президент Тоййиб Эрдўғон ҳокимиятга келганидан буён ўтган энг ёмон йил бўлди. Инфляция ва ноодатий пул-кредит сиёсатидан хавотирлар ҳали ҳануз давом этмоқда.

Лира жума куни долларга нисбатан 13.1875 дан 13.92 қадар заифлашди.

Дам олиш кунларидаги маълумотлардан сўнг, Истанбулдаги чакана нархлар декабрь ойига нисбатан 9.65 фоизга ошиб, йиллик 34.18 фоизга ўсганини кўрсатди. Шундан сўнг, бор эътибор эртаси куни эълон қилиниши кутилган декабрь ойи учун инфляция кўрсаткичларига қаратилди.

“Reuters” сўровига кўра, йиллик инфляция декабрь ойида 30.6 фоизни ташкил этиб, 2003 йилдан бери биринчи марта 30 фоиздан ошиб кетди.

Шанба кунги мълумотларга кўра, ўтган ой Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбулда инфляция камида ўн йил ичида энг юқори чўққига кўтарилди. Камига Эрдўғон ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб янги йил учун электр энергияси ва табиий газ нархларини кескин оширган.

Нархлар ўсиши бензин, автомобил суғуртаси ва пуллик йўл тўловлари учун ҳам кузатилган. Бу ўсиб бораётган инфляция ва бир қатор ноанъанавий фоиз ставкаларининг пасайиши натижасида юзага келган валюта инқирозидан азият чекаётган Туркия иқтисодиётига яна бир зарба бўлди.

Энергия бозори регулятори юқори глобал энергия инфляциясига таяниб, 2022 йилда юқори талабга эга бўлган тижорат истеъмолчилари учун электр энергияси нархи 125 фоизга ва кам талабга эга уй хўжаликлари учун тахминан 50 фоизга ошганини маълум қилди.

Энергия, нефт ва ёқилғи қуйиш шохобчалари иш берувчилари иттифоқи (ЕPGIS) жума куни бир литр бензин нархи ярим лирадан кўпроққа, дизел нархи эса 1.29 лирага кўтарилганини эълон қилди.

Лира ортда қолган йилда, сўнгги бир неча йил ичида ривожланаётган бозорларда энг ёмон кўрсаткични қайд этди. Турк лираси йил давомида АҚШ долларига нисбатан ўз қийматининг 44 фоизини йўқотди. Биргина ўтган ҳафтанинг ўзида лира 19 фоизга заифлашган.

Марказий банк лиранинг қулаши ва инфляция ортишига қарамай, кредит ва экспортга қаратилган “янги иқтисодий дастур”ни илгари сураётган Эрдўғоннинг босими остида сентябрь ойидан бери ставкани 500 базавий пунктга пасайтирди.

Лира заифлигини жиловлаш учун Эрдўғон уч ҳафта олдин конвертация қилинган маҳаллий омонатларни хориж валюталарга нисбатан йўқотишлардан ҳимоя қиладиган схемани эълон қилди ва бу марказий банк кўмагида лиранинг 50 фоизга кескин кўтарилишига туртки бўлди.

Бироқ, лира ўтган ҳафта яна тушиб кетди. Бу эса 2023 йилги сайловлар арафасида рейтинги пасайиб бораётган Эрдўғонни жума куни туркларни барча жамғармаларини лирада сақлашга ва олтинни банкларга ўтказишга чақиришига ундади.

Туркия Статистика институти декабрь ойи инфляция маълумотларини январ ойида эълон қилиши режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG