Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:12

Туркия ИДга қарши курашда Россия билан ҳамкорлик қилишга тайёр


Чавушўғли Россия Инжирлик авиабазасидан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида бирор гап айтмаганини билдирди.
Чавушўғли Россия Инжирлик авиабазасидан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида бирор гап айтмаганини билдирди.

Туркия Сурияда “Исломий давлат” экстремистик гуруҳига қарши курашда Москва билан ҳамкорлик қилишни таклиф қилди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли 4 июль куни Истанбулда: “Биз Даишга қарши курашувчи ҳамма билан ҳамкорлик қиламиз”, деди. “Даиш” – “Исломий давлат”нинг эски номи – “Ироқ ва Шом ислом давлати”нинг арабча қисқартмаси бўлиб, жангарилар бу сўзни ҳақорат ўлароқ қабул қиладилар.

Чавушўғли Туркия “Исломий давлат”га қарши курашаётган давлатлар билан аллақачондан бери ҳамкорлик қилаётганини айтди ва “биз Инжирлик ҳаво базасини Даишга қарши курашга қўшилишни истайдиганлар учун очдик”, деди.

Бу билдирув ортидан айримлар Анқара Россияга Туркия жанубидаги Инжирлик ҳаво базасидан фойдаланишга изн бермоқчи, дея хулоса қилди.

Аммо кейинроқ Чавушўғли журналистларга: “Биз келажакда Даишга қарши курашда Россия билан ҳамкорлик қилишимиз мумкин, дедик. Мен Россия учоқларининг Инжирлик ҳаво базасига келиши ҳақида бирор изоҳ айтмадим”, деди.

Туркиянинг Инжирлик ҳаво базасидан АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция кучлари Суриядаги ҳаво амалиётларини амалга оширишда фойдаланиб келади. Булар орасида Германия, Британия, Саудия Арабистони ҳамда Қатар бор.

Ҳаво базаси Сурия чегараси яқинидаги Адана шаҳридан 8 км масофада жойлашган.

Россиянинг Туркия билан муносабатлари Эрдўғон 2015 йил ноябрида турк ҳарбийлари томонидан уриб туширилган Россиянинг Су-24 ҳарбий самолётининг ҳалок бўлган учувчиси оиласидан узр сўраб, таъзия билдиргани ортидан яхшилана бошлади.

Самолёт уриб туширилганидан сўнг Туркия ва Россия муносабатлари ёмонлашган, Москва Туркия билан деярли барча иқтисодий алоқаларни узиб, россиялик сайёҳларнинг Туркияга боришига чек қўйганди.

Чавушўғли учоқ уриб туширилиши ортидан келиб чиққан тангликни назарда тутиб, Туркия расмийлари Москвага Анқара билан ҳамкорлик қилиш учун яна бир таклиф қилишганини айтди.

“Салбий ҳодисаларнинг олдини олиш учун ҳамкорликда чора кўриш муҳимдир”, деди у.

Москва Анқаранинг билдирувини олқишлади.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 4 июль куни: “Табиийки, бу жиддий билдирув бўлиб, уни ҳарбий ҳамда сиёсий жиҳатдан кўриб чиқиш керак”, деди.

Туркия ҳам, Россия ҳам “Исломий давлат”га қарши, лекин улар Суриядаги можаронинг қарама-қарши тарафидадир. Анқара Сурия президенти Башар ал-Ассадга қарши кучларни қўллайди. Ассадни эса, ўз навбатида, Россия ва Эрон дастаклайди.

Россия ҳарбий учоқлари ўз ҳужумларини Суриянинг Латакия вилоятида жойлашган Хмеймим ҳаво базасидан туриб амалга оширади.

XS
SM
MD
LG