Линклар

Шошилинч хабар
21 феврал 2020, Тошкент вақти: 23:03

Туркияда зилзила қурбонлари 31 нафарга етди, ҳукумат ва гувоҳлар кўрсатмасида зиддият кузатилмоқда


Қутқарувчилар зилзиладан кейин вайроналар остида қолиб кетганларни қидирмоқда, 25 январь, 2020 йил

Туркия расмийлари 24 январь куни содир бўлган зилзила қурбонлари сони 31 тага етганини маълум қилди.

Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса аҳолини мамлакат ҳалокатга тайёр эмаслиги ҳақидаги “пропаганда”га ишонмасликка чорлади.

26 январь куни қутқарувчилар вайроналар орасидан тирик қолганларни излашни давом эттирди.

Ташқи ишлар вазирлиги зилзилада ўлган ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаганини билдирди.​

Расмий маълумотларга кўра, зилзила туфайли 1 минг 243 одам жароҳат олган. Рихтер шкаласи бўйича 6,5 - 6,8 магнитудали зилзила Элазиғ вилоятидаги Сивриже шаҳри яқинида содир бўлди.

Туркия Ички ишлар вазири Сулайман Сойлу Элазиғ вилоятида 18 нафар, қўшни Малатя вилоятида 4 одам одам нобуд бўлганини айтди. Кейинроқ ўлганлар сони яна ошгани хабар қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа жароҳат олганларнинг 34 нафари интенсив даволанаётгани, аммо уларнинг аҳволи оғир эмаслигини билдирди.

25 январь куни президент Эрдўғон зилзилада ҳалок бўлган она-бола дафн маросимида қатнашди.

Президент Туркия зилзилаларга тайёр эмаслиги ҳақидаги “салбий оҳангдаги гапларга” ишонмасликка чорлади.

- Миш-мишларга ишонманг, ҳеч кимнинг салбий, тескари пропагандасига ишонманг ва биз сизнинг хизматкорингиз эканимизни билинг, — деди президент.

Президентнинг бу гапларидан олдин пойтахт Анқарада прокуратура ижтимоий тармоқлардаги “провокацион постлар” тергов қилинишини эълон қилган эди.

Уйи вайрон бўлган минглаб одам кўчада тунаётгани ҳақидаги хабарлар фонида президент:

- Ҳеч кимни кўчада қолдирмаймиз, - дея таъкидлади.

Зилзила туфайли қўшни Диярбакир ҳамда Салиурфа вилоятларида ҳам айримлар жароҳат олган.

45 ёшли Суат унинг шаҳрида расмийларнинг фақат тўрт одам вайроналар остида қолгани ҳақидаги билдирувлари ёлғон экани, аслида беш қариндоши вайроналар остида қолганини айтди:

- Тўрт этажли уй, ҳар бир этажда уч квартира бор. Ҳар бир квартирада беш одам бўлганида ҳам, қанча одам бўлади? Нега ёлғон гапиришади?

Эрдўғон Сивриже ҳамда Элазиғ шаҳарларига қилган ташрифи давомида жабр кўрганларга ёрдам ваъда қилди.

4000 киши яшайдиган Сивриже сайёҳлар орасида машҳур бўлган Ҳазар ороли бўйида жойлашган.

Туркия ҳалокат ва фавқулодда вазиятларни бошқариш маъмурияти асосий тебраниш ортидан 398 та тебраниш қайд этилганини билдирди.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш одамлар ҳалок бўлганидан “чуқур қайғуда” эканини билдирди.

Бу орада Туркиянинг кўп йиллик рақиби - Греция турк қутқарувчиларига ёрдам таклиф қилди.

Аммо президент Эрдўғон четдан ёрдамни рад этди.

- Бизнинг давлатимизга ҳеч нима керак эмас, - деди президент журналистларга берган интервьюсида.

Туркияда тез-тез зилзила содир бўлиб туради.

2010 йил Элазиғда 6 магнитудали зилзила 51 киши ёстиғини қуритган эди.

Ташқи ишлар вазирилиги (ТИВ) Консуллик-ҳуқуқий департаменти Туркиянинг шарқидаги кучли зилзила оқибатида вафот этган ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаганини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, вазият Анқара шаҳридаги элчихона ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхона назоратида.

Консуллик ҳуқуқий департаменти Туркия ҳудудида бўлиб турган ватандошлардан зарур вазиятда Ўзбекистоннинг Aнқара шаҳридаги элчихонаси (тел.: +90 312-441-17-46, +90 312-441-38-71/72) ёки Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.: +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75) мурожаат қилишни сўрамоқда.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG