Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:55

"Уйлар қандай қурилган?!" Зилзиланинг Туркия учун иқтисодий ва сиёсий оқибатлари


Хатай вилоятидаги Искандарун тумани. Туркия, 7 февраль, 2023
Хатай вилоятидаги Искандарун тумани. Туркия, 7 февраль, 2023

Туркия ва Сурияда рўй берган кучли ер силкиниши даҳшатли вайронагарчиликка олиб келди. 8 январь куни эрталаб олинган маълумотга кўра, Туркиянинг ўзида 7100 кишидан зиёд қурбон бўлди – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қурбонлар сони саккиз карра ортиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ярадорлар сони эса ҳозирда салкам 41 кишини ташкил қилади.

Табиий офат кенг кўламли гуманитар офатни келтириб чиқарди. Иккала мамлакатда ҳам қутқарувчилар харобалар остидан тирик қолганларни қидиришмоқда. Туркиянинг “Анадолу” агентлиги хабарига кўра, мамлакатда 5600 дан ортиқ бино тамоман вайрон бўлган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатда бир ҳафталик мотам эълон қилди.

Қаҳрамонмараш шаҳрида бутун бошли турар-жой даҳаси кунпаякун бўлди. Диёрбакирда ҳам вайронагарчилик кўлами жуда катта. Бундан ташқари, Газиантепда Хетт подшолиги давридан қолган қўҳна тарихий қалъа яксон бўлди.

Эрдўғонга кўра, 45 дан зиёд давлат Туркияга ёрдам ваъда қилган. Оқ уй АҚШ ҳар бири 79 кишидан иборат иккита қутқарувчилар гуруҳи жўнатилганини билдирди. 7 февралга ўтар кечаси Россиядан 100 дан ортиқ қутқарувчи Туркияга етиб борди.

Озодлик радиоси рус хизмати табиий офат ва унинг Туркия учун оқибатлари ҳақида сиёсатшунос ва шарқшунос Михаил Шерешевский билан суҳбатлашди.

Кўп нарса ҳукумат ўзини қандай тутишига боғлиқ. Бугун Туркияда кучли лидерга талаб мавжуд – аввало халқаро омиллар, ташқи сиёсий масалалар шуни тақозо этмоқда. Бинобарин, кўп нарса ҳукуматнинг ўз қўлида. Агар ҳукумат одамларга ўз вақтида ва етарлича ёрдам бера олса, Эрдўғон ва ҳукмрон гуруҳ, яъни Адолат ва тараққиёт партияси ҳатто ушбу вазиятдан қўшимча очко ишлаб олиши мумкин. Қулоққа ғалати эшитилади, лекин, начора, ҳақиқат шу. Чунки вазият оғир, одамлар ҳукумат мададига муҳтож, уларга озиқ-овқат, сув, тиббий ёрдам, бошпана керак. Барча жабрдийдаларнинг умидвор нигоҳлари турк давлатига қаратилган.

Ражаб Эрдўғон буни тушунади, деб ўйлайман. Катта эҳтимол билан, у жабр кўрган ҳудудларга катта ёрдам жўнатади ва ўз фаолиятини ОАВларда иложи борича кенгроқ ёриттиради. Акс ҳолда, Эроннинг Хой шаҳрида бўлгани каби, аҳоли ҳукуматга қарши намойишларни бошлаб юбориши ҳеч гап эмас.

Турк мухолифатига келсак, у ҳам жабрдийдаларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. Боз устига, мамлакатнинг энг йирик шаҳарларида муниципал маъмурият мухолифатчилар қўлида ва улар каттагина маблағларни бошқарадилар. Аммо иш бу билан тугамайди. Зилзила мавзуси Туркияда жуда ҳам сиёсийлаштирилиши турган гап.

– Қандай қилиб?

Бир япон сейсмологининг турк ТВсидаги чиқишини кўрдингизми? Япония сейсмик жиҳатдан энг хатарли ҳудудда жойлашган, у ерда тез-тез кучли силкинишлар бўлиб туради. Хуллас, ўша эксперт “бизда уйлар ҳатто 9 баллик зилзилада ҳам қуламайди”, деди. Тўғри, Япония иқтисодий ва илмий-техник жиҳатдан тараққий этган мамлакат, махсус технологияларга эга. Лекин Туркия ҳам аллақандай "банан республикаси" эмас, балки ривожланган замонавий давлат ҳисобланади. Бинобарин, эртами ё кеч айбдорларни қидира бошлайдилар. Мухолифат ҳукуматга ноқулай саволлар бериш имкониятига эга бўлади.

Эрдўғон даврида, – у эса 20 йилдан бери иқтидорда, – Туркияда кенг кўламли турар-жой қуриш сиёсати олиб борилди. Ҳукумат бунга катта эътибор беради, чунки бу Эрдўғон мамлакатга таклиф қилган ижтимоий пакетнинг муҳим қисми ва унинг халқ томонидан қўллаб-қувватланишини таъминлаган омиллардан биридир. Давлатнинг қурилиш буюртмаларини бажарадиган нуфузли йирик хусусий ширкатлар бор – кўпчилиги иқтидордаги партия ва унинг раҳбарларига “бегона” эмас. Вақти-вақти билан у ёки бу мулозим қурувчи тадбиркорлар билан коррупцион алоқаларда айбланади. Аммо мана бу воқеалардан сўнг мухолифат ҳукуматни қаттиқ итобга олиши тайин. “Қандай қургансизларки, уйлар тўкилиб тушса? Нега бу қадар кўп одам ўлди? Нима учун махсус технологиялардан фойдаланмадингиз?” деган саволлар албатта айтилади.

Ахир бу минтақадаги биринчи зилзила эмас-да. 1999 йилги ер силкинишидан сўнг Туркия қурилиш меъёрларини кучайтирганди. Бироқ мухолифат тарафдорлари қурилиш протоколларига риоя қилинмаганини ёки талаблар кескин юмшатилганини, энг катта қурилиш шартномалари Эрдўғоннинг бадавлат дўстларига ҳадя қилинганини, улар эса даромад кетидан қувиб хавфсизлик қоидаларига панжа орасидан қараганини айтишмоқда. Туркияда машҳур журналист ва блогер Асли Айдинтасбас ҳам тахминан шу мазмунда фикр билдирди. “Туркиянинг ер силкинишига доир қонунлари анчайин талабчан, бироқ сўнгги ўн йилда улар тўла-тўкис қўлланилмаган”, деб ёзди у “Твиттер”да. У, шунингдек, “ҳали кўп нарса муҳокама қилинади, лекин бугун эмас, бугун барчамиз бутун кучимизни одамларни қутқаришга сафарбар қилишимиз лозим”, дея қўшимча қилган.

Туркия президенти 3 ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:21 0:00

– 14 майга кўчирилган сайловлар нима бўляпти ўзи?

Охирги олти ойда Туркияда жамият кайфияти билан боғлиқ анчагина жиддий ўзгаришлар юз берди. Эрдўғон ва иқтидордаги партияга зарар келтирадиган бир неча омил мавжуд.

Энг катта омил – тийиқсиз инфляция. У баъзи ойларда 85 фоизга чиққан эди, йил охиридагина бир оз пасайди. Бу батамом Эрдўғон сиёсати “шарофати”, чунки Туркия президенти паст фоиз ставкалари инфляцияни пасайтиришга олиб келади, деган янглиш назарияни қаттиқ тутиб олган. Ҳолбуки, аксар иқтисодчилар бунинг тамом аксини уқтиришади. Эрдўғон Туркия Марказий банки раҳбариятини бир неча марта алмаштирди, монетар сиёсатига бурнини суқиб, ставкалар камайтирилишига эришди. Бу нарх-наво жадал ошишига сабаб бўлиб, айниқса аҳолининг камбағал қатламига қаттиқ зарба берди, зеро инфляция юки ҳамиша камбағаллар гарданига тушади. Пул қанча қадрсизланса, даромадининг салмоқли қисмини еб-ичиш ва коммунал хизматларга сарфловчи одамлар шунча кўп қийналишади. Туркия шаҳарларида арзон нонга узун навбатлар пайдо бўлгани бежиз эмас. Туркларнинг тақрибан ярми, жумладан армия офицерлари ҳам минимал иш ҳақи оладилар.

Дарвоқе, бошида июнга белгиланган сайлов 14 майга кўчирилиши ҳам қисман шу омил билан боғлиқ. Эрдўғон энг кам ойлик иш ҳақини 50 фоиздан зиёдга ошириш ва арзон кредитлар бериш ҳисобига давлат харажатларини кўпайтирмоқда. Бу қисқа вақтга вазиятни юмшатади, Эрдўғон эса пайтдан фойдаланиб сайловни ўтказиб олмоқчи.

Иккинчидан, Катта Яқин Шарқ ва мусулмон Осиёсидан келган мигрантлар ҳам улкан муаммога айланган. Мигрантлар мавзусидан сўз очилганда негадир аввало Европани эга олишади. Ҳолбуки, ушбу муаммо Яқин Шарқнинг ўзида оғирроқ қайтага. Туркияга қўшни Эронда афғонистонлик бир неча миллион қочқин – шиа-ҳазарийлар яшамоқда. Улар мутлақо ҳуқуқсиз одамлар, яъни фуқаролик ва меҳнат ҳуқуқларидан бутунлай маҳрум. Туркиянинг ўзида ҳам чамаси 3,7 миллион нафар суриялик ва яна бир неча юз минг афғонистонлик, ироқлик ва бошқа юртлик қочқинлар бор. Туркия фуқароларининг аксарияти уларни мутлақо хушламайди, 60-80 фоиз аҳоли улар тезроқ мамлакатни тарк этишини истайди, гоҳ-гоҳида жиддий тўқнашувлар юз бермоқда. Туб аҳоли мигрантларни биринчи галда иш ўринларини тортиб олаётгани учун ёқтирмайди.

Боз устига, мигрантлар, хусусан, сурияликлар халқаро алоқаларини ишга солиб Туркияда ўн минглаб корхона очишган. Бу рақобатни ошириб, маҳаллий тадбиркорларнинг ғашига тегмоқда. Айни манзарада – миграцияга қарши шиорлар билан чиқаётган ва Эрдўғонни танқид қилувчи мухолифатдаги Яхши партия (Iyi Parti) тарафдорлари ортаётир. Қолаверса, мамлакатдаги энг йирик мухолиф куч бўлмиш Республика халқ партияси (РХП) ҳам иқтидорга келган тақдирда суриялик ва бошқа мигрантларни ватанларига жўнатиб юборишга ваъда бермоқда.

Эрдўғонга қарши ишлайдиган бошқа омил ҳам бор. Унинг партияси асосан консерватив қатламга – қишлоқликлар ва кичик шаҳарлар аҳолисига суянади. Бироқ тобора кўпроқ одамлар мегаполисларга кўчиб бормоқда, катта шаҳарда эса, маълумки, дунёқараш ўзгаради. 2019 йилги сайловда мухолифат қатор йирик шаҳарлар, жумладан 16 миллион аҳолига эга Истанбул ва пойтахт Анқарада ғолиб чиққани тасодиф эмас. Айтганча, РХПдан сайланган мазкур икки шаҳар мэрлари – Акрам Имомўғли ва Мансур Яваш яқинда ўтказилган ижтимоий сўровда Эрдўғонни ортда қолдиришган эди.

Юз бераётган воқеаларнинг ёшлар муаммосига, тўғрироғи авлодлар муаммосига дохил жойи ҳам бор. Қўшни Эронда бўлгани каби, Туркияда ҳам ёшлар – интернет вояга етказган қатлам – ҳукуматдан рози эмас. Кўплаб турк ёшлари Эрдўғоннинг консерватив диний қоидалари ва қадриятларини тушунишмайди. Катта авлод Эрдўғоннинг ижтимоий сиёсати – кенг кўламли уй-жойлар қурилиши, сифатли йўллар, мактаблар ва замонавий жиҳозланган касалхоналар учун ундан миннатдор бўлса, ёшлар “бу зотан ҳукуматнинг вазифаси ва бизнинг ҳаққимиз”, деб ҳисоблашади. Жадал модернизация ва интернет кекса авлоднинг консерватив қарашларини ҳазм қила олмайдиган янги авлодни вояга етказди. Мегаполисларда бунақа кайфиятдаги одамлар сони кун сайин кўпаймоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG