Линклар

Шошилинч хабар
26 июл 2021, Тошкент вақти: 18:29

Туркманистон Афғонистон билан чегарасига ҳарбий техника юбормоқда


Туркманистон оғир қурол-яроғ, вертолёт ва бошқа ҳарбий техникани Афғонистон билан чегарасига жойлаштира бошлаган. Пойтахтда эса захирадаги аскарлар ҳушёр ҳолатга келтирилган. Бу ҳолат Толибон ҳарбий ютуқларга эришар экан, Марказий Осиё бўйлаб хавотир ошиб бораётганидан далолат беради.

Туркманистон хавфсизлик идорасининг юқори лавозимли мулозими Озодликка интервью бериб, Мари шаҳри яқинидаги армия гарнизонидан қўшимча кучлар чегара қўриқлаш бўлинмаларини кучайтириш учун чегарага юборилганини айтди. Мари Афғонистон яқинидаги Сарҳадободдан 400 километр шимолда жойлашган.

Оммавий ахборот воситалари билан суҳбатлашиш ҳуқуқига эга бўлмаган мансабдорнинг айтишича, чегарага юборилган қўшимча ҳарбийлар орасида офицерлар, шунингдек, қирувчи учоқлар ва вертолётлар бор.

Чегарага неча ҳарбий ёки учоқ юборилгани маълум эмас.

Turkmen.News нашри ҳам ўтган ҳафта оғир ҳарбий техника Сарҳадобод туманига юборилганини хабар қилган эди.

Айни пайтда пойтахт Ашхободда баъзи захирадаги аскарлар чақиртирилган ва уларга ҳарбий хизматга шай туриш буюрилган. Расмийнинг сўзларига кўра, ҳозирча фақат Ашхободдаги захирадаги аскарлар огоҳлантирилган.

Туркманистон ҳукумати хавфсизлик кучайтирилгани тўғрисида ҳеч қандай баёнот бергани йўқ.

Аҳолиси 100 минг кишига яқин деб ҳисобланадиган Мари шаҳрида маҳаллий амалдорлар давлат хизматлари ходимлари учун ватанпарварлик маърузаларини ташкил қилишни бошлаган.

8 июль куни шаҳарнинг Маргуш туманидаги коммунал хизмат ходимлари иш куни тугаганидан кейин бир соатлик йиғилишда қатнашишга мажбурланган. Иштирокчилардан бирининг Озодликка айтишича, ишчилар маъруза тинглашга мажбурланаётганидан мамнун эмас.

Яна бир ишчи ўша куни тонгги соат 7 дан бери ишлаганидан кейин, йиғилишга қатнашишга мажбурланганидан шикоят қилди.

Ишчининг айтишича, маърузада мамлакат нақадар обод экани ва одамлар қандай қилиб ҳукуматга содиқ бўлиши кераклиги ҳақида сўзланган.

Туркманистон Афғонистон билан 800 километрга чўзилувчи чегарага эга. Афғонистонда Толибон тобора кўпроқ туманни қўлга киритар экан, мамлакатда хавфсизлик вазияти кескин ёмонлашмоқда.

Хабарларга кўра, юзлаб Афғонистон ҳукуматига содиқ ҳарбий, жумладан, аскарлар ва маҳаллий полиция ходимлари Тожикистон сингари қўшни Марказий Осиё мамлакатларига қочиб ўтган.

Тожикистон расмийлари ўтган ҳафта Толибон ҳужумига жавобан ўз чегарасига қўшимча 20 минг аскар юборишини эълон қилди. 5 июль куни чегарани қўриқлаш хизмати ўтган 24 соат ичида 1 000 дан ортиқ афғон аскари Тожикистонга ўтганини хабар қилди.

АҚШ президенти Жо Байден АҚШ қуролли кучларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш 31 августга қадар якунланишини айтган.

Бу орада Толибон тезкор ҳужумларни амалга ошира бошлади ва бугунга келиб мамлакатдаги 421 туман ва туман марказларининг учдан бир қисмини эгаллаб олган.

Жорий ой бошида АҚШ қуролли кучлари Афғонистондаги энг катта база бўлмиш Баграмни бўшатган эди.

АҚШ кучлари тезда чиқиб кетаётгани ва Толибоннинг жанг майдонидаги ютуқлари Ғарб дастаклаб келаётган Кобулдаги ҳукумат қулаши ҳақида хавотирга сабаб бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG