Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 02:04

Туркманистонда аёл ҳайдовчилар гувоҳномалари тортиб олинмоқда


"Золотой век"да 1 апрель куни босилган карикатура
"Золотой век"да 1 апрель куни босилган карикатура

Туркманистон Давлат ахборот агентлиги назоратидаги “Золотой век” онлайн газетаси 1 апрель – ҳазил ва мутойиба куни аёл ҳайдовчилар мазах қилинган карикатурани чоп этди.

Бу карикатурани кўриб, туркман эркаклари кулган бўлиши мумкин, лекин у хотин-қизларнинг кулгисини қистатди, холос.

Карикатурада йўл ҳаракати белгилари, хусусан “Кириш тақиқланади”, “Бошқа хавф-хатарлар” ҳамда “Асосий йўл” белгилари акс этган тақинчоқларни тақиб олган аёл ҳайдовчини кўриш мумкин.

Озодликнинг Ашхободдаги мухбирларидан бири исмини ошкор қилмаслик шарти билан интервью бериб, карикатура муаллифи Атажан Аширов ўз ишида аёлларнинг автомобиль ҳайдашига истеҳзо билан ёндашишини изҳор қилганини айтди.

- Бу карикатура расмийларнинг аёлларни автомобиль ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳаракатларига мос тушади. Суратдаги аёл “Кириш мумкин эмас” белгиси тасвирланган мунчоқ тақиб олганингга эътибор қилинг. Бу билан улар аёллар ўта олмаслигини айтмоқчи, - деди мухбир.

Туркманистонда аёлларга транспорт воситаларини ҳайдашни ман этувчи расмий қонун ёки қарор йўқ. Гувоҳнома олишда ҳам аёллар ҳеч қандай юридик тўсиқларга дучор бўлмайди.

Аммо узоқ йиллардан бери аёллар расмийлар уларга камситиб келаётганидан нолиб келади.

Ҳатто ҳукуматнинг қуйи қатламларида президент маъмурияти аралашувисиз бирор чора кўрилмайдиган мамлакатда аёлларнинг машина ҳайдашини чеклаш буйруғи президент Гурбангули Бердимуҳамедов ташаббуси эканлигини тахмин қилиш мумкин.

2016 йилнинг мартидан Озодлик радиоси ҳайдовчилик синовлари давомида аёлларга эркакларга нисбатан қатъийроқ талаблар қўйилаётгани ҳақида хабар қилган эди. 2018 йилнинг бошида эса Озодлик ҳайдовчилик гувоҳномасига эга аёллар ўз ҳужжатларини узайтиришда муаммоларга дучор бўлаётгани ҳақида хабар қилди.

Жорий йилнинг февралида эса туркман полицияси пойтахт Ашхободда гавжум чорраҳаларда асосан аёл ҳайдовчиларни тўхтатиб, уларнинг автомобилларини текшира бошлади. Февраль якунида пойтахт кўчаларидан бирида полиция бирданига 20 нафар аёл ҳайдовчини тўхтатгани хабар қилинди. Кунига 120 га яқин аёл машинаси чала аптечка, носоз эҳтиёт ғилдирак ёки огоҳлантирувчи учбурчак йўқлиги учун жарима майдончасига олиб кетилаётгани хабар қилинди.

Ашхобод турғунларидан бири Озодлик билан суҳбатда полиция ходимлари аптечкасида “Анальгин” ўрнига патентланмаган оғриқ қолдирувчи дори бўлгани учун машинасини жарима майдончасига олиб кетганини айтди.

Бошқа бир ҳолатда ҳайдовчилик гувоҳномаси тортиб олинган аёл полиция ходими ортидан қувлаб бориб, уни сўроқ қилган ва суҳбатни телефонига ёзиб олган. Ўша аёл сўзларига кўра, видео ёзишни бошлашидан аввал полиция ходими унга расмийлардан шаҳарнинг асосий кўчаларида аёллар машина ҳайдашига йўл қўймаслик ҳақида буйруқ келиб тушганини айтган.

Март ойида ҳукумат идораларида ишлаётган аёллар гувоҳномалари тортиб олинмаётган эди. Аммо ўтган ҳафтада Туркманистон Ички ишлар вазирлигида ишлайдиган аёл гувоҳномасини сақлаб қолишни истаса, машина ҳайдамаслиги кераклиги ҳақида огоҳлантирилганини айтди.

XS
SM
MD
LG