Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2021, Тошкент вақти: 04:32

Туркманистон: Нон учун навбатлар ва ахборот устидан назорат


Ашхободдаги давлат дўкони олдида нон учун навбат. Ноябрь, 2021

Туркманистон пойтахтининг кўплаб оддий аҳолиси учун кун давлат озиқ-овқат дўконлари олдида нон учун узундан-узоқ навбатда туриш билан бошланмоқда.

Aшхобод ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида соатлаб давом этадиган навбатларни кўриш мумкин, чунки дўконларга янги озиқ-овқат маҳсулотлари келиши ҳам узоқ вақт олади. Ҳатто баъзида озиқ-овқат етишмаслигидан одамлар уйларига қуруқ қўл билан қайтишга ҳам мажбур.

Нон ёки бошқа арзон озиқ-овқат маҳсулотлари учун навбатда турган оломон орасида вақти-вақти билан жанжалга ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.

Aммо Туркманистон авторитар ҳукумати қашшоқлик ва иқтисодий қийинчиликлар билан боғлиқ вазият жаҳон афкор оммасига ошкор бўлишини истамайди.

Aшхобод полицияси фото ва видеотасвирлар тарқалмаслиги учун навбатда туриш чоғида смартфондан фойдаланганларни ҳибсга олмоқда.

Исмини ошкор қилишни истамаган ашхободликлардан бирининг сўзларига кўра, полиция зобитлари қўл телефони бор одамларни яқиндан кузатиб, навбатни суратга олишда гумонланганларни маҳкамага сўроқ қилиш учун олиб кетмоқда.

Полициядаги манбанинг айтишича, ҳолат тасвирга олинмаслиги учун фуқаролик кийимидаги полициячилар ҳам атайин навбатда турмоқда.

Бу мамлакатда беш йил илгари бошланган озиқ-овқат тақчиллиги ва нархларнинг ошиши одамларни тобора қашшоқлик домига тортяпти, бироқ ҳукумат иқтисодни ўнглаш ўрнига, одамлар устидан ахборот назоратини кучайтирган.

Туркманистон ҳукуматини танқид қилувчи ҳар қандай маълумотга тўсиқ қўйилмоқда.

Озодлик радиосининг Aшхободдаги мухбирлари томонидан яширинча суратга олинган тасвирларда эрта тонгдан ҳукумат дўконлари яқинида тўпланган ўнлаб маҳаллий аҳолини, жумладан, ёш болали аёлларни ҳам кўриш мумкин. Бу нон нархидаги тафовут билан боғлиқ.

Давлат дўконларидаги ноннинг нархи 30-60 цент бўлса, бозор ва хусусий новвойхоналардаги нон эса бундан 10 баробар қимматроқ. “Aшхободдаги аксарият давлат озиқ-овқат дўконларида кунлик нон захираси навбатда турган харидорларнинг тахминан 60 фоизига етади холос. Бошқалар эса шунчаки ҳеч вақосиз кетади ва қайтиб келиб яна кутади” дейди Озодлик мухбири.

Иқтисодий инқироз ёмонлашгани сари Aшхобод ҳам ишсизлик, коррупция ва авторитар мамлакатдаги иқтисодий муаммоларни танқид қилган хориждаги туркманларга қарши кампанияни кучайтирди.

Хавфсизлик хизмати ходимлари Лебап вилоятида хориждаги туркман фаолларининг ҳукуматга қарши ташвиқоти юзасидан аҳоли билан учрашувлар ўтказган.

Фарапда бўлган йиғилишда расмийлар одамларни хориж ОAВларига, жумладан, AҚШнинг ташвиқот воситаси деб аталган Озодлик туркман хизматини кузатмасликка чақирган. Йиғилишларда қатнашганларнинг сўзларига кўра, хавфсизлик ходимлари Озодлик туркман хизматининг нон учун навбатлар ҳақидаги ҳисоботларини айниқса танқид қилган.

Туркманистон аллақачон кўплаб ижтимоий тармоқлар ва мустақил янгиликлар веб-сайтларини блоклаган бўлса‑да, кўплаб туркманлар ушбу сайтлардан бошқа тармоқлар орқали фойдаланиб келарди. Бу ҳам етмаганидек, Туркманистон расмийлари эндиликда бутун мамлакат бўйлаб интернет тезлигини ҳам секинлаштирган.

XS
SM
MD
LG