Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2022, Тошкент вақти: 19:22

Туркманистон раҳбарларининг дабдабали сафарлари қашшоқ яшаётган аҳолига хуш келмаяпти


Туркманистонда "Ҳосил байрами" тантаналари.

Ўтган дам олиш кунлари Туркманистоннинг Мари вилояти расмийлари авторитар собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовни тантанали кутиб олди. Президент ташрифидан олдин кўчалар яхшилаб тозаланди, ранги ўчган бинолар тезда бўялди ва қишлоқ хўжалиги ерлари бегона ўтлардан тозаланди.

Тўқ рангли машиналарга бир неча кун кўздан нарида юриш буюрилди. Бўйсунмаганларнинг автомобиллари транспорт полицияси томонидан олиб кетилди.

2007 йилдан то жорий йилнинг март ойида президентликни ўғли Сердарга топширгунга қадар мамлакатни қаттиққўллик билан бошқарган Бердимуҳамедов оқ рангни ва тозаликни хуш кўриши айтилади.

65 га чиққан Бердимуҳамедов 12 ноябрь куни Марида янги оқ машинада саёҳат қилиб, пахта ва буғдой далаларига ташриф буюрди. Парламентнинг юқори палатаси раҳбари ўлароқ фаолият юритаётган собиқ президент ҳали ҳам авторитар давлатда катта сиёсий таъсирга эга.

Маҳаллий манбаларнинг маълум қилишича, 14 ноябрь куни Болқон вилоятида минглаб одам шунга ўхшаш тозалаш ишларига жалб қилинган, чунки жорий ҳафтада «Бердимуҳамедовлардан бири» вилоятга бориши кутилмоқда.

Вилоят расмийлари мамлакат раҳбарларини ҳайратда қолдиришга уринган бўлса-да, кўпчилик оддий туркманинг иштиёқи анча паст бўлган.

Мари шаҳри турғунларининг айримлари Озодлик билан суҳбатда бундай ташрифлар учун кенг кўламда ва катта маблағ сарфлаб тайёргарлик кўрилиши қашшоқлик ботқоғига ботган одамларга хуш келмаётганини айтишди.

«Биз зўрға рўзғор тебратаётганимизда бу кераксиз юк», — деди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

«[Аянчли иқтисодий шароитга] қарамай, ҳали ҳам Бердимуҳамедовлардан қутула олмаяпмиз».

Бу шахс исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирди, чунки Туркманистон ҳукумати ҳеч қандай танқидга тоқат қилмайди.

Туркманистон табиий газ захиралари бўйича дунёда тўртинчи ўринда туришига қарамай, молиявий инқироз ва озиқ-овқат танқислигига дучор бўлган.

Гурбангули Бердимуҳамедов.
Гурбангули Бердимуҳамедов.

Аммо амалдорлар ҳали ҳам президент ёки унинг отаси бирор ҳудудга ташриф буюрганида ёки йиғилишда қатнашганида зўр бериб фаровонлик фасадини яратишади.

Минглаб одам кўчаларни супуриш, эски биноларни бўяш, эски буталарни тозалаш ва янги дарахт экиш учун сафарбар қилинади. Яна юзлаб одам – болалардан тортиб кексаларгача – турли маросимларда муҳим меҳмонларни кутиб олиш учун анъанавий кийим кийиши керак.

Манбаларга кўра, Туркманбоши порт шаҳрини Бердимуҳамедовлардан бири ташрифига ҳозирлаш учун жорий ҳафтада Болқон вилоятида асосан давлат сектори ишчиларидан иборат 2 500 га яқин одам кундалик ишидан олиб кетилган.

Кўпинча бундай сафарлар давомида кичкина бозорчалар, мева-сабзавот сотиладиган расталар ва бошқа дўконлар хавфсизлик нуқтаи назаридан ёки ҳатто манзарани яхшилаш учун ёпилади. Айрим туркманларнинг сўзларига кўра, президент ташриф буюрганда улар яшаётган шаҳарда вақтинчалик «ҳаёт тўхтаб қолади».

Мари шаҳрида Бердимуҳамедовнинг сўнгги сафари олдидан ҳатто далалар бегона ўтлардан тозаланган ва экинлар орасидаги йўллар супурилган.

Маҳаллий ҳукуматга яқин манбаларнинг Озодликка айтишича, мабодо Бердимуҳамедов вертолётдан далаларни кўрадиган бўлса, далалар бенуқсон кўринишига ишонч ҳосил қилишга уринишган.

Ташриф арафасида турар-жой биноларининг айрим эски томлари яшил рангга бўялган.

Аҳолига ҳамда қишлоқдаги чойхоналар эгаларига собиқ раҳбар шаҳарни тарк этмагунча ўтин ёқмаслик буюрилган. Аксарият қишлоқ аҳолиси уйини иситиш учун ўтин ёқади, аммо одамлар буйруққа риоя қилишларини таъминлаш учун хавфсизлик хизматлари сафарбар қилинган.

Расмий манбаларга кўра, сўнгги кунгача Мари аҳолисига, ҳаттоки кўпчилик расмийларга Бердимуҳамедовларнинг қайси бири – ўғил ёки ота – ташриф буюриши ҳақида хабар берилмаган. Мамлакатда юқори лавозимли раҳбарларининг сафарлари саналари ва бундай ташрифларнинг бошқа тафсилотлари кўпинча сир тутилади.

«Ҳозирча ким келиши ва қачон келиши аниқ эмас. Бизга маълуми шуки, Бердимуҳамедовлардан бири заводнинг илк ғиштларини қўйиш маросимида иштирок этиш учун ташриф буюради», — деди Озодлик манбаси.

Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов дам олиш кунлари Мари вилоятига ташриф буюрди.

Отасидан Туркманистон президенти лавозимини олаётган Сардор Бердимуҳамедов ҳақида 5 факт
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:42 0:00

Эртаси куни давлат телевидениеси тўнғич Бердимуҳамедовнинг фермерлар билан суҳбатини намойиш қилди. Бердимуҳамедов хушбичим кийинган фермер билан суҳбатлашар экан, бир-бирига ўхшаш қора пальто ва қора бош кийимдаги бир неча амалдор бир хил яшил рангдаги дафтарларига қайд ёзиб борди.

Давлат матбуотига кўра, Бердимуҳамедовнинг сафаридан мақсад мамлакатдаги энг муваффақиятли фермерлари билан учрашиш ва унинг ўғли, яъни президент номидан Ҳосил байрами муносабати билан совғалар топширишдан иборат бўлган. Ҳосил байрами бутун мамлакат бўйлаб йиғилишлар, озиқ-овқат ярмаркалари, кўргазмалар ва концертлар билан нишонланди.

Собиқ президент Туркманистон вилоятларига расмий ташрифларини давом эттирмоқда. Июнь ойида у Лебап вилоятига ташриф буюрди ва худди шундай машмаша билан кутиб олинди.

Марига сафар Бердимуҳамедовнинг сентябрь бошидан бери мазкур вилоятга қилган иккинчи ташрифидир. Марига сафаридан бир кун олдин тўнғич Бердимуҳамедов Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этган эди. Самарқанддаги йиғинда деярли барча давлат президенти қатнашди, аммо Туркманистондан президент Сердар Бердимуҳамедов кўринмади.

Форум

XS
SM
MD
LG