Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:18

Узун кўйлак киймаган туркман қизлари жазога тортилмоқда


Туркманистонлик айллар бекатда автобус кутмоқда.
Туркманистонлик айллар бекатда автобус кутмоқда.

Туркманистонда мамлакат хотин-қизларининг ташқи кўринишига оид янги талабларни бажармаган хотин-қизлар маҳаллий расмийлар томонидан сўроққа тутилмоқда ва жазога тортилмоқда.

Апрель ойи охиридан бошлаб Туркманистон давлат муассасалари ходималаридан соч бўямаслик, макияж ва ёрқин маникюр қилмасликлари талаб қилинмоқда. Шунингдек, ерга тегиб турадиган ва баданни кўрсатмайдиган узун кўйлак кийиш тавсия қилинган.

Ашхободда истиқомат қилувчи Шемшат исмли аёл пойтахтдаги “Алтин Аср” бозори яқинида полиция ходимлари томонидан сўроққа тутилди. “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган аёлнинг сўзларига қараганда, полиция ходими ундан сочи, қоши ва тирноқлари нима учун бўялганини сўраган ва маҳаллий полиция идорасига олиб борган.

Унинг айтишича, бўлинмада полиция ходимлари кўйлаги баданини кўрсатиб тургани ва енги жуда ҳам қисқа бўлгани боис жаримага тортилишини айтишган. Аёл бу ҳақдаги тақиқлардан бехабар эканлигини тушунтирмоқчи бўлди ва бундан кейин шу каби либосларни киймасликка ваъда берди.

"Бироқ полиция ходимлари жарима тўлмаганимга қадар қўйиб юбормасликларини айтишганидан сўнг мен столга 150 манат (40 долларга яқин) қўйдим. Жарима тўлаганим тўғрисида квитанция беришмади. Мен озод қилишлари эвазига жарима тўлаганимдан хурсандман. Улар менга жамоат тартибини бузганим учун протокол тузиб, иш жойимга хабар беришларини айтишди", - дейди Шемшат. У сўзига қўшимча қилар экан, полиция ходимларининг талабига биноан уйга бозор қилмасдан қуруқ қайтганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Бундан аввал Туркманистондаги мустақил манбалар ва “Озодлик” радиоси манбалари янги дресс-кодга биринчи навбатда давлат муассасаларининг ходимлари ва олий ўқув юртларининг талабалари риоя этишлари мажбур эканини маълум қилишган эди.

Ўз номини ошкор қилмаслик шарти билан “Озодлик” билан суҳбатлашган пойтахтдаги давлат идораси ходимларидан бирининг айтишича, айрим раҳбарлар аёлларни ишдан бўшатиш мақсадида дресс-коддан фойдалана бошлади. Унинг сўзларига қараганда, Ашхободдаги банклардан бирида ташқи кўриниш талабга жавоб бермагани боис бир нечта аёл ишдан бўшатилган.

XS
SM
MD
LG