Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:54

Туркманистонда президентни “уятга қўймаслик” учун дўконлар олдида навбатга туриш ман этилди


Туркманистон вилоятларида озиқ-овқат маҳсулотларини имтиёзли нархларда сотадиган давлат дўконлари олдида навбат кутиш тақиқланди.

Бунга бош вазир ўринбосари, президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сардор Бердимуҳамедов дўконлар яқинидаги гавжум навбатлар отасини “обрўсизлантиришини” айтгани туртки бўлди.

Озодлик мухбирларининг хабар беришича, Туркманобод шаҳрида давлат дўконларида навбат кутаётганлар сони тўрт кишидан ошмаслиги тўғрисида буйруқ чиқарилган. Буйруқни бузганлар дарҳол навбатдан чиқарилади ва ҳибсга олиниши мумкин.

Ҳукумат танқидчилари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар автократ собиқ президент Сафармурод Ниёзов вафотидан кейин ҳокимият тепасига келган президент Гурбангули Бердимуҳамедов мухолифатни йўқ қилиб, деярли ҳеч қандай ислоҳотларни амалга оширмаганини айтиб келади.

Бердимуҳамедов Ниёзов сингари ҳокимиятни қўлдан бой бермаслик илинжида асосий маҳсулотлар ва коммунал хизматлар нархларига субсидия ажратиб келади.

Дўконлар олдида навбат кутишни ман этувчи буйруқ Туркманистонда кўп йиллик иқтисодий ва озиқ-овқат инқирози манзарасида, субсидия ажратилган озиқ-овқатга муҳтож одамлар сони кескин кўпайтган бир пайтда чиқарилди.

Давлат озиқ-овқат дўконларида озиқ-овқат маҳсулотларини имтиёзли нархларда фақат эрталабки соат 6:00 дан кечки соат 8:00 гача харид қилиш мумкин. Бундай дўконларда ҳар бир харидор ойига 1 литр пахта ва кунгабоқар мойи, 1 килограмм шакар, 1 килограмм гуруч сотиб олиши мумкин. Баъзи дўконларда тухум ва товуқ гўшти ҳам сотилади.

13 апрель куни Мари шаҳрида 1 000 га яқин киши 2 килограммдан музлатилган гўшт сотиб олиш учун соатлаб навбат кутган эди. Бир килограмм гўшт нархи 36 манат бўлиб, бу давлат томонидан белгиланган курс бўйича 10 долларга, қора бозор курси бўйича 1 долларга тенгдир.

Туркманистонда бир неча ойдан бери озиқ-овқат тақчиллиги юзага келгани хабар қилиб келинади. Кўп ҳолатларда давлат дўконларида харидорлар президентнинг портретлари каби қўшимча буюмларни сотиб олишга мажбурланади.

Туркманистон табиий газ захиралари кўлами бўйича дунёда тўртинчи ўринда бўлишига қарамай, сўнгги бир неча йил давомида мамлакат иқтисоди инқироздан чиқмай келади.

Коронавирус пандемияси туфайли вазият янада оғирлашди. Ҳукумат эса на иқтисодий инқироз, на COVID-19 юқтириш ҳолатлари борлигини тан олган.

Human Rights Watch ташкилоти маълумотларига кўра, Бердимуҳамедов, “унинг қариндошлари ва уларнинг шериклари аҳоли турмушининг барча жабҳаларини назорат қилади”.

XS
SM
MD
LG