Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:39

Ucellнинг 100% улушини Усмоновнинг USM ва "Мегафон"ига топшириш қарори саволларни пайдо қилди


Ucell операторининг Тошкентдаги бош офиси
Ucell операторининг Тошкентдаги бош офиси

Ўзбекистон хукумати Россиянинг "Мегафон" ва унинг ягона акционери бўлган "USM Telecom" (Алишер Усмоновга тегишли USM Холдингнинг бир қисми) уяли телефон ширкатларига қарийб 8 миллион абонентга эга Ucell миллий телеком-операторининг 100 фоиз улушини тақдим қилмоқда.

Бунинг эвазига "Мегафон" ва USM Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда тузиладиган янги қўшма корхонага 100 миллион доллар миқдорида инвестиция киритади.

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов 70,32% улушига эгалик қилувчи Россиянинг Мегафон" ва "USM Telecom"и Ўзбекистонда уяли телефон хизмати кўрсатувчи Digital Holding қўшма корхонаси ташкил этиш борасида ўзбек томони билан келишувга эришган.

Маълум бўлишича, янги корхона таркибидан Ўзбекистондаги Ucell компанияси ҳамда USM’нинг Ўзбекистондаги активлари — CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan ўрин эгаллайди.

"Ўзбекистон хукумати Давлат активларини бошқариш агентлиги орқали корхонага Ucell телеком-операторининг 100% улушини топширмоқда. Россия томони Digital Holding ривожланиши учун 100 млн доллар миқдорида инвестиция, шу билан бирга USM’нинг шўъба корхоналари — CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan’ни киритмоқда", - дейилади Ucell ширкати матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Янги корхонада Россия ширкатларининг улуши 51 фоиз, Ўзбекистон томонининг улуши эса 49% фоизга тенг бўлиши маълум қилинган.

"Мегафон" бош директори Геворк Вермишян янги қўшма корхона Марказий Осиёда мобил алоқа соҳасидаги энг йирик операторлардан бири бўлишини айтган.

Мобил телефон алоқаси бозори тез ва кўп даромад келтирувчи соҳалардан ҳисобланади. Қарийб 35 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда 25 миллион одам уяли телефондан фойдаланади.

Мамлакатда Ucell дан ташқари яна уч ширкат - "Билайн", UMS ва "Узмобайл" уяли операторлари хизмат кўрсатади.

Бундан олдин Россиянинг бошқа уяли алоқа операторлари учун Ўзбекистон бозорида ишлаш можароли кечгани маълум.

Ўзбек телеком бозоридаги коррупция можаролари

Ўзбекистонда фаолият юритган Швециянинг TeliaSonera ҳамда Россиянинг МТС ширкатлари йиллар давомида марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага пора бериб келгани фош бўлиши ортидан бир неча миллион долларлик жаримага тортилди.

Телекоммуникация соҳаси мутахассисларининг айтишича, МТС фаолияти тўхтатилганидан кейин Ўзбекистонда мобил алоқа сифати ёмонлашган.

Уларга кўра, мамлакатдаги операторлар 25 миллиондан ортган мобил алоқа фойдаланувчилари босимига дош беришга қодир тизим барпо этишнинг уддасидан чиқолмаяпти.

Россиянинг "Мегафон" ширкати Ўзбекистонда мобил алоқа сифатини яхшилаш ва интернет тезлигини ошириш бўйича нималар қилмоқчи?

Ширкат матбуот котиби Юлия Плехова Озодликнинг бу ва бошқа саволларига "no comment" деган ёзма жавобни йўллади.

Саволлар кўп

Ўзбекистонда илк уяли алоқа ширкати - "Уздунробита" асосчиларидан бири, ҳозирда АҚШда яшаётган тадбиркор ва сиёсатчи Санжар Умаровнинг Озодликка айтишича, 100 миллион долларлик сармоя эвазига 8 миллион абонентига эга уяли телефон операторининг назорат пакетини Россия ширкатларига ҳеч қандай тендер танловларисиз "инъом этилаётгани" кўплаб саволларни уйғотади:

100 миллион доллар инвестиция миллиардлаб доллар фойда кўраётган ширкат учун сариқ чақа ҳам эмас. Ҳали инвестиция киргани ҳам йўқ, ваъда ҳали бу. Очиқ савдода сотилиши керак эди. 8 миллион абонентига эга операторнинг шундоқ бериб юборилишини тушунмаяпман.

"Ucell тарихига қарайдиган бўлсак, бу ширкат 1996 йилда Coscom асосида Америка билан тузилганди. Улар 100 фоиз инвестиция киритганди. Ҳамма ускуналар 100 фоиз Америкадан келтирилган. Кейинчалик Coscom узоққа бормади. 2007 йилда TeliaSonera сотиб олди. Катта пора жанжали бўлди. Ҳозир ҳам бу скандал давом этяпти. Энди ҳукумат буни Россия ширкатларига бериб юборяпти. Ҳеч қанақа тендер бўлгани йўқ. 100 миллион доллар инвестиция миллиардлаб доллар фойда кўраётган ширкат учун сариқ чақа ҳам эмас. Ҳали инвестиция киргани ҳам йўқ, ваъда ҳали бу. Очиқ савдода сотилиши керак эди. 8 миллион абонентига эга операторнинг шундоқ бериб юборилишини тушунмаяпман", - дейди Умаров.

Унинг кўшимча қилишича, қаерда давлат аралашса, ўша соҳанинг "порахўрликка ботиши эҳтимоли кўп".

"Бу ерда ҳам давлат аралашувини кўряпмиз. Давлат аралашган жойда алоқа сифати яхшиланмайди. Давлат бизнес билан шуғулланиши керак эмас. Бу ерда давлатнинг ўзи бизнес билан шуғулланяпти. Ҳозирги вазиятда ҳам 49 фоиз назоратни сақлаб қоляпти. "Ўздунробита" Совет Иттифоқида биринчи алоқа оператори бўлган. Ўшанда ҳаммаси нольдан қилинган. Юз фоиз инвестиция чет элдан келган. 55 фоиз Ўзбекистон, 45 фози Американики бўлган. Ҳозир нима бўляпти, ҳаммасини бериб юборяпти. Бу саволларни туғдиради. Нима эвазига бериб юбориляпти? Тендер орқали сотиш керак эди. Бунақа кинғир-қийшиқ йўллар билан эмас", - дейди Санжар Умаров.

Икки йил аввал Ўзбекистон Uсell бренди асосида фаолият юритиб келган Coscom МЧЖнинг 94% улушини 215 миллион АҚШ долларига сотиб олган эди.

Ўша вақтда Coscom МЧЖнинг 100% улуши камида 228 миллион АҚШ доллари қийматига эга бўлган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги янги ташкил этилгани айтилаётган Digital Holding уставига Coscom МЧЖнинг 100% улушини киритмоқда.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров ўз Телеграм саҳифасида Ucell миллий телеком-операторининг Россия ширкатларига сотилишига шундай муносабат билдирди:

"Янги холдингда Давлат активларини бошқариш агентлигининг улуши 49% бўлади. Қолган 51% "Digital Holding" назоратида бўлади.

Бу дегани, агар Coscom МЧЖнинг 100% улуши қайта баҳоланмаган тақдирда ҳам, "Digital Holding" камида 237 миллион АҚШ долларилик улушга эга бўлиши керак дегани.


"Digital Holding"нинг ичида нима бор? Икки компания - CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan. Биринчи компания қатор имтиёзлар асосида мажбурий маркировка лойиҳасини амалга оширмоқда. Номи шу кунгача очиқ манбаларда қайд бўлмаган ICS Holding Uzbekistan нима билан машғуллигини ва қандай активларга эга эканини кимдир биладими? Мен, масалан, билмайман.

Шу икки компания 237 миллион доллар турадими? Ким бу нархда уларни баҳолади ва янги компания таркибига қабул қилмоқда? Шу саволга албатта жавоб берилиши лозим ва лобуд!", - таъкидлайди иқтисодчи.

Давлат активлари тендерсиз сотилади

11 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган "Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида" фармон эса давлат мулкларини тендер савдоларини ўтказмасдан ҳам сотилишига йўл очади.

Фармонда давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича Давлат комиссиясига давлат активларининг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда сотиш тўғрисида эълонлар бериш ҳамда 2 тадан кам бўлмаган таклифлар орасида энг яхшиси асосида сотиш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколати берилади.

Иқтисодчи Отабек Бакиров Ўзбекистондаги ҳозирги воқеалар Россияда 1996 йилда давлат активларини лоял гуруҳларга шошилинч равишда тақсимлаш жараёнини эсга солади.

"Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясига давлат активларининг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда сотиш тўғрисида эълонлар бериш ҳамда 2 тадан кам бўлмаган таклифлар орасида энг яхшиси асосида сотиш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколати берилади.

Хусусийлаштиришдан мақсад давлат активларини энг юқори нархларда ва энг самарали мулкдорларга топшириш. Буни унутиб қўймоқдамиз.

Кузатаётганимиз Россияда 1996 йилда шошилинч равишда хусусийлаштириш ва иложи борича барча давлат активларини лоял ва садоқатли гуруҳларга тақсимлаб топшириш воқеликларини эсга солмоқда", -
дея фикрини якунлайди иқтисодчи Отабек Бакиров.

XS
SM
MD
LG