Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:08

Алишер Усмоновнинг 50 миллион долларлик мулки мусодара қилинди


Алишер Усмонов
Алишер Усмонов

Украина Олий аксилкоррупция суди Россия олигархи, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг икки миллиард гривналик (48,2 миллион доллар) активларини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Украина адлия вазири ўринбосари Инна Богатихга кўра, бу ўринда гап Усмоновга тегишли 160 минг тоннадан зиёд темир рудасини давлат ихтиёрига ўтказиш ҳақида кетмоқда. Бундан ташқари, аввалроқ Усмонов назоратида бўлган “Петер-Сервис Украина” ширкатининг 100 фоиз устав капитали ҳам мусодара қилинади.

Украина Олий аксилкоррупция судининг қарори ҳали кучга киргани йўқ. Бинобарин, қарор устидан шикоят қилиш мумкин.

2022 йили Украина хавфсизлик хизмати мамлакат денгиз портлари ва яширин омборларда сақланаётан Усмоновга тегишли темир рудаси олиб қўйилгани ҳақида маълум қилганди. Хавфсизлик идорасига кўра, катта миқдордаги хомаёшни яширинча Россияга юбориш ва металлургия ҳамда ҳарбий-саноат йўналишида ишлатиш режалаштирилган.

Алишер Усмонов дунёнинг энг бой одамларидан бири саналади. Forbes нашри унинг бойлиги 13,4 миллиард доллар эканини ёзган.

Россия Украина ҳудудига бостириб киргач, ЕИ, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари унга нисбатан санкция жорий қилди.

Евроиттифоқ ўз қарорини Усмонов Россия президенти Владимир Путин билан “хос алоқалар”га эгалиги ва “Украинани беқарорлаштиришни фаол қўллаб-қувватлагани” билан асослаган. Уcмонов Путин билан хос алоқалари ва Россия раҳбарияти қабул қиладиган сиёсий қарорларга қайсидир шаклда таъсир кўрсата олишини инкор қилган.

XS
SM
MD
LG