Россия армияси Украина портларига ҳужумларни кучайтириши ортидан Киев Халқаро денгиз ташкилотига мурожаатнома йўллади.
Таҳлилчиларга кўра, Москва Украинанинг порт инфратузилмалари, буғдой омборлари ва фуқаровий кемаларини бомбалаш билан глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда.
Киев халқаро ташкилот кузатувчилари Одесса вилояти жанубидаги портларга келиб вазиятни ўрганиши лозим деб ҳисоблайди.
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига журналистларга сўнгги ҳафталарда Россия мамлакатнинг порт инфратузилмаларига ракета ёғдираётганини айтган.
Ҳужумлар оқибатида 6 октябрдан буён 4 та ноҳарбий кема шикастланган.
Таҳлилчиларга кўра, Россия Украинанинг порт инфратузилмалари, буғдой омборлари ва кемаларни бомбалаш билан глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда.
Украина дунёдаги энг йирик буғдой етиштирувчи давлатлардан биридир. 2022 йилда Россия босқини бошлангунга қадар мамлакат Қора денгиз орқали ҳар ойда қарийб 6 миллион тонна буғдой экспорт қилган.
Россия ҳужумлари ортидан Украина буғдойини жаҳон бўйлаб етказиши хавф остида қолган. Маҳсулот суғурта нархи ҳам кескин ошган.
Киев эълон қилган маълумотларга қараганда, сўнгги уч ой мобайнида Россия Украина портларига 60 маротаба ҳужум уюштирган, бунинг оқибатида 300 га яқин порт инфратузилма иншоотлари ва 22 та кема вайрон бўлган ёки шикастланган.