Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2022, Тошкент вақти: 21:12

Халқаро хабарлар

Украина разведкаси: Россия январь-февраль ойларида бостириб кириши мумкин

Россиялик ва беларуслик ҳарбийларнинг шу йил сентябрь ойида ўтказган "Ғарб" машқларидан лавҳа

Россия Украинага қарши фаол ҳарбий ҳаракатларни келгуси йилнинг январь ёки февраль ойида бошлаши мумкин. Бу ҳақда “Military Times” нашрига берган интервьюсида Украина Мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов маълум қилган.

Будановга кўра, ҳозирда Россия Украина билан чегарада 92 мингдан зиёд аскар тўплаган. Унинг айтишича, қиш келиб, совуқ кунлар бошлангач, Россиянинг бостириб кириши хавфи фақат ортади.

Украина разведкаси раҳбари Россия қўшинлари бу сафар 2014 йилдагидан кўра кенгроқ кўламда ҳаракат қилиши мумкинлигини айтган. Буданов фикрича, ҳужум чоғида ҳаводан зарбалар берилиши, Одесса ва Мариуполга десант ташланиши, шунингдек Беларусь тарафидан зирҳли техника ишга солиниши мумкин.

Аммо, ҳарбий разведка бошлиғига кўра, Россия бостириб киришдан олдин, Украинанинг жанговар қобилиятига путур етказиш мақсадида “психологик амалиётлар” ўтказиб, мамлакатда тартибсизликлар чиқаришга ҳаракат қилади.

Россиянинг Украинага ҳужум қилиши эҳтимоли хусусида аввалроқ АҚШ медиаси ҳам хабар қилган эди. Айни пайтда нашрларнинг разведка ва Оқ уйдаги манбалари Кремль ҳозирча якуний қарорга келмаганини билдиришган.

Бир неча кун аввал “New York Times” газетаси Владимир Путин Украина ҳудудининг катта қисмини босиб олиш ёки мамлакатда беқарор вазиятни вужудга келтириш ва россияпараст ҳукумат иқтидорга келишига эришиш учун ҳарбий амалиёт ўтказишни режалаётганига АҚШ ва Британия разведка хизматларининг ишончи тобора ортаётгани ҳақида ёзган.

Кремль Украина ҳудудига бостириб киришга ҳозирлик кўрилаётганини рад этиб, ўз навбатида Ғарбни тарангликни кучайтираётганликда айбламоқда. Путин ўтган ҳафта ТИВ ҳайъати йиғилишида Россия Ғарбдан ўз хавфсизлигига кафолат олиши лозимлигини айтган.

Кун янгиликлари

Байден ва Зеленский йил бошидан буён иккинчи марта телефон орқали сўзлашишди

Байден ва Зеленский ўтган йил сентябрида Оқ уйдаги музокаралар пайти. Вашингтон, 1 сентябрь, 2021

АҚШ президенти Жо Байден Украина президенти Владимир Зеленский билан яна бир бор телефон орқали мулоқот қиларкан, Россия Украина ҳудудига бостириб кирган тақдирда Вашингтон ва иттифоқчилари унга “қатъий жавоб” беришга тайёрлигини тасдиқлади.

Жумладан, Байден Қўшма Штатлар Киевга қўшимча иқтисодий кўмак бериш ҳақида ўйлаётганини айтди. Бу уруш хавфи манзарасида Украинада молиявий вазият ёмонлашгани билан боғлиқ.

Владимир Зеленский “Твиттер”даги саҳифасида Байден билан телефонда узоқ суҳбатлашганини, мулоқот чоғида кескинликни бартараф этишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатларни муҳокама қилишгани ва келгусидаги ҳаракатларни келишиб олишганини билдирди.

“РБК Украина” қайд этишича, икки президент шу билан январда иккинчи ва сўнгги икки ойда учинчи марта телефон орқали мулоқот қилишган. Музокаралар изчил тус олишига Россиянинг Украина билан чегараолди ҳудудларда 100 минг нафардан ортиқ аскар тўплаганига доир маълумот сабаб бўлмоқда.

Сўнгги пайтларда Ғарб Россиянинг Украинага бостириб кириши муқаррарлиги ҳақида баралла гапира бошлади.

Тоқаев “Нур Отан” партияси раислигига сайланди. Олдин бу лавозимни Назарбоев эгаллаган

Тоқаев ўз нутқида “биринчи президентнинг тарихий хизматлари”ни эътироф этган.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев “Нур Отан” партиясининг навбатдан ташқари XXI йиғилишида унинг раиси этиб сайланди. Бу ҳақда Оқўрда “Твиттер”даги саҳифасида маълум қилди.

Айтилишича, Тоқаев номзодини собиқ президент Нурсултон Назарбоев киритган, делегатлар эса уни “бир овоздан” дастаклаганлар.

Тоқаев ўз нутқида “Нур Отан”га раис бўлиш “фавқулодда масъулиятли вазифа” эканлигини, аммо президентнинг конституциявий мажбуриятлари унинг “ҳар қандай партия ва ҳаракатлар фаолиятидан масофаланишини тақазо этиши”ни ва йил охиригача, эҳтимол, раис лавозимини тарк этишини айтди.

У, шунингдек, “биринчи президентнинг тарихий хизматлари”ни эҳтиром қилишга, “унинг шубҳасиз ютуқлари ва фазилатларини олдинги планга суриш”га, “муҳтамал хатоларини эса мамлакатнинг бўлғуси раҳбарларига ибрат учун қолдириш”га чақирди.

Йиғилиш турли шаҳарларда ҳукмрон партия ва амалдаги ҳукумат сиёсатига қарши пикетлар ва танқидлар манзарасида кечди.

Бугунга қадар Нурсултон Назарбоев раҳбарлик қилган “Нур Отан” партияси 1999 йилдан бери иқтидорда бўлиб, унинг фракцияси парламентда кўпчиликни ташкил қилади. Партия сафида кўплаб давлат хизматчилари ва бюджет ташкилотлари ходимлари бор.

АҚШ Украина атрофидаги вазият бўйича БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақиради

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд

АҚШ ташаббуси билан 31 январь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ўтказилиб, унда Россия қўшинларининг Украина билан чегара яқинига жамланиши масаласи муҳокама қилинади.

“Россия 100 мингдан ортиқ аскарини Украина чегараларига келтирган, у Украинага қарши турли беқарорлаштирувчи ҳаракатлар қилмоқда ҳамда бу билан халқаро тинчлик ва хавфсизликка яққол хавф солаётир”, дейилган АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд баёнотида.

АҚШга кўра, Хавфсизлик кенгашига аъзо мамлакатлар фактларни ўрганиши ва Россиянинг Украинага муҳтамал тажовузи халқаро хавфсизлик тизими учун қандай оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини муҳокама қилиши лозим.

АҚШнинг ташаббусига ҳозирча муносабат билдирмаган Россия бунақа мавзуда Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ўтказилишини тўхтатишга уриниши мумкин. Бироқ, Wall Street Journal газетаси маълумотига кўра, Қўшма Штатлар Кенгашнинг камида тўққиз аъзосидан розилик олиб қўйган – бу йиғилиш ўтказилиши учун етарлидир. Ўз навбатида, Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида унинг қарорларига вето қўйиш ҳуқуқига эга.

Қўшма Штатлар Хавфсизлик кенгашидаги очиқ мунозарада Кремль халқаро ҳамжамият қайси томонга рағбат билдираётганини кўриб, Украина билан чегарадаги вазиятни юмшатишга рози бўлишига умид қилмоқда. АҚШ Украина атрофидаги кескинлик масаласини БМТ Бош ассамблеяси кун тартибига ҳам киритмоқчи.

Чегарадаги можарода Тожикистондан икки киши қурбон бўлгани расман маълум қилинди

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида содир бўлган можаро натижасида икки тожикистонлик нобуд бўлган. Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари маълумотига кўра, отишма туфайли Хўжаи Аъло қишлоғи турғуни Обиджон Тўйчиев ҳамда Исфара шаҳри тез тиббий ёрдам хизмати ҳайдовчиси Абдулатиф Шариповлар қурбон бўлган.

Шунингдек, 10 киши турли даражада жароҳатланган бўлиб, улардан 6 нафари – ҳарбий хизматчилар ва 4 нафари тинч аҳоли вакилларидир.

“Айни пайтда чегарада вазият барқарор, иккала томон можаро сабаблари ва омилларини ўрганмоқда”, дея қайд этган Тожикистон чегараларни қўриқлаш идораси.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28 январь куни эрталаб қирғиз томонидан 11 киши жабрланганини маълум қилган. Уларнинг аҳволи ўртача дея баҳоланмоқда. Қирғизистон МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиевга кўра, ярадорларнинг барчаси – ҳарбийлар.

Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият 27 январь оқшомида кескинлашган. Икки мамлакатнинг чегараларни қўриқлаш идоралари можаро келиб чиқишида бир-бирини айбламоқда.

28 январга ўтар кечаси Қирғизистоннинг Боткен вилояти раҳбари Абдикарим Алимбоев ҳамда Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбари Ражаббой Аҳмадзода ўртасидаги музокаралардан сўнг томонлар чегарада ўт очишни тўлиқ тўхтатиш юзасидан келишувга эришганлар.

Германия ТИВ: “Шимолий оқим-2” янги санкциялар туркумига киритилиши мумкин

Россия Украина ҳудудига бостириб кирган тақдирда Европа иттифоқи унга қарши қўллайдиган санкциялар туркуми “Шимоли оқим-2” қувурига нисбатан ҳам татбиқ этилиши мумкин. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 27 январь куни Бундестагдаги нутқи чоғида билдирди.

Вазир бунга оид бошқа тафсилотларни келтирмаган. Германия ҳукумати, Россия Украина атрофидаги вазиятни кескинлаштирган тақдирда унга нисбатан санкцияларни кучайтиришни ёқлар экан, ушбу санкциялар “Шимолий оқим-2” газ қувурига ҳам дахл қилиш-қилмаслиги хусусида ҳануз аниқ бир гап айтмаётган эди.

АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайс бир неча кун олдин Россия Украинага ҳужум қилган тақдирда газ қувурида оқим тўхтатилишини айтган. Бу ерда гап санкциялар ҳақида боряптими ёки Германиянинг лойиҳадан воз кечиши ҳақидами – очиқланган эмас.

АҚШ газ қувуридан фойдаланишга қарши, бироқ Жо Байден маъмурияти айни пайтда Германия билан алоқаларни мураккаблаштирмаслик учун санкциялар қўллашга қарши чиқмоқда. Бироқ Россия тажовузи рўй бергудек бўлса, вазият ўзгариши мумкин.

Болтиқ денгизи туби орқали ўтган “Шимолий оқим-2” газ қувури қурилиши тугалланган, бироқ ҳали ишга тушган эмас, чунки Германия ҳукумати унга сертификат берганича йўқ.

Вашингтон Россияга Норманд форматига қайтишни таклиф қилди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Озод Европа/Озодлик радиосига берган интервьюсида, агар Россия Украинага нисбатан агрессия йўлини танлайдиган бўлса, уни “жиддий оқибатлар” кутажагини билдирди.

“Биз Москвага унинг олдида икки йўл – низоларни тинч ҳал қилиш учун дипломатия ва мулоқот ҳамда агрессия йўли борлигини англатиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз. Биз иккала йўналишда ҳам иш олиб борамиз ва Россиянинг ҳар қандай танловига ҳозирлик кўрамиз”, дея урғулади Блинкен.

Давлат котибига кўра, Норманд форматидаги музокаралар “яхши вариант” бўлиб қолмоқда. Бироқ Россия Минск битимлари бўйича мажбуриятларини бажаришда “Украинага нисбатан анча сусткашлик қиляпти”.

“Россия Минск битимларининг ҳеч бир талабини имплементация қилмади. Бу йўналишда ҳали кўп ишлаш керак, деб ўйлайман”, деди Блинкен.

АҚШ Россия қўшинларининг Украина билан чегара яқинига тўпланишидан ташвишланмоқда. Блинкеннинг айтишича, ҳозирда уларнинг сони 2014 йилдан бери энг кўп миқдорда бўлиб, тез орада икки бараварга ортиши мумкин. Айни вазиятда Кремль ўйинни қандай якунламоқчи эканини америкалик сиёсатчилар ҳануз тушуна олишмаяпти.

“Кремлнинг муддаоси нималигини айта оладиган ягона одам бу президент Путин. Балки, айни дамда у ҳам билмас, чунки илгари унинг ёндашуви шунақа эди ва бу ҳозирда унинг муаммоларни ҳал қилишга ёндашувини белгилаб беради – у кейинги хатти-ҳаракатлар учун мумкин қадар кўпроқ вариантлар яратади”, қўшимча қилди Блинкен.

Давлат котиби Россия очиқ қуролли можародан воз кечиши, аммо киберҳужумлар уюштириш, давлат тўнтариши ёки бегона байроқ остида махсус амалиётлар ўтказишга уриниш каби урушнинг гибрид усулларини қўллаши мумкинлигини истисно қилмади.

Энтони Блинкен АҚШ Россиянинг хавфсизлик кафолатларига доир талабларига ёзма жавоб қайтарганидан бир кун ўтиб интервью берган. Ўтган йил декабрида Москва НАТОнинг шарққа кенгайишини тўхтатиш ва Европада ўрта ва қисқа масофага учадиган ракеталар ҳамда АҚШнинг ядро қуролларини жойлаштирмаслик талаби билан чиққан эди.

Давлат департаменти жавоб мазмуни эълон қилинмаслигини билдирган, айни пайтда АҚШ ва иттифоқчилари НАТОнинг асосий принципларидан бири – унинг янги аъзолар учун очиқлиги принципидан воз кечмаслигини таъкидлаган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ ва НАТОнинг жавоблари президент Владимир Путинга топширилганини ва уларни ўрганиб чиқиш учун вақт кераклигини айтган.

МХДҚ қирғиз-тожик чегарасида вазият барқарорлашганини иддао қилмоқда

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси қошидаги Чегара хизмати 28 январь тонгги соат 08:00 ҳолатига қирғиз-тожик чегарасидаги вазият “барқарор” эканини билдирди.

“Самарқандек, Тўрткўча, Кўктош, Даҳма, Кўчабўйи ва “Головной” ҳудудларида вазият барқарор. Тун тинч ўтди”, дея иқтибос келтирган Озодликнинг қирғиз хизмати Чегара хизмати хабарномасидан.

27 январь оқшомида қирғиз-тожик чегарасида икки мамлакат фуқаролари ўртасида қуролли тўқнашув юз берган, бунинг натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, Тожикистон томонидан 1 киши ҳалок бўлиб, 17 киши яраланган, Қирғизистон томонидан эса 11 киши тан жароҳати олган. Ҳодиса бўйича ҳар икки тараф бир-бирини айбламоқда.

Аввалроқ Озодлик Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари расмийлари 28 январь тонгги соат 4 га қадар давом этган музокарада отишмани тўлиқ тўхтатиб, чегарага тортилган қўшимча ҳарбий ва техникани тўлиқ ортга қайтаришга оид келишувга эришгани ҳақида хабар қилган эди. Расмийлар музокараси чоғида Боткен–Исфана автойўлини тўлиқ очиш ва чегараолди ҳудудида биргаликда назорат уюштириш юзасидан ҳам келишувга эришилган.

Тожикистон ва Қирғизистон Чегара хизматлари раҳбарлари музокарасидан сўнг ҳам отишма тўхтамади

Чегарадаги отишма бўлаётган ҳудуд Тўрткўча деб номланади.

Тожикистон ташаббуси билан маҳаллий вақт билан соат 21:45 да Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати бошлиғи Уларбек Шаршеев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати бошлиғи Режабали Раҳмонали телефон орқали музокара ўтказди. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати билдирди.

Расмий билдирувда Тожикистон ўқ отишни тўхтатиш таклифини киритгани, бироқ маҳаллий вақт билан соат 22:30 да ҳам чегарадаги отишмалар давом этаётгани таъкидланган.

Аввалроқ Тожикистон ҳам, Қирғизистон ҳам отишма ҳудудидаги қишлоқлардан аҳоли эвакуация қилинаётганини билдирган эди. Отишмада томонлар ҳар доимгидай бир-бирини айбламоқда.

Икки давлат ўртасидаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да бошланган.

Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди. Билдирилишича, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отмоқда. Тожикистон томони бу борада маълумот бермади.

Тожикистон Қирғизистон билан чегарада ҳарбийлар ўртасида отишма бўлаётганини расман тасдиқлади

Отишма бўлаётган Тўрткўча ҳудуди.

Тожикистоннинг Исфара шаҳри ҳокимлиги матбуот котиби Зубайдулло Шамодов Озодлик радиоси тожик хизматига Қирғизистон билан чегарада отишма бўлаётганини расман тасдиқлади. Унга кўра, отишма икки давлат чегарачилари ўртасида бўлмоқда.

Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, Чоркуҳ қишлоқ жамоатига қарашли Сомониён қишлоғи отишмалар маркази бўлиб қолаётир. Мазкур қишлоқдан аҳоли эвакуация қилинаётгани тўғрисида билдирилди.

Аввалроқ қирғиз томони Тожикистон фуқаролари йўлни тўсиб қўйгани ва тожик чегарачилари ўқ ота бошлаганини билдирган эди. Зубайдулло Шамодов эса отишмани қирғиз чегарачилари бошлаганини айтмоқда.

Расман билдирилишича, айни пайтда отишмаларни тўхтатиш учун икки давлат чегара хизматлари расмийлари музокаралар ўтказаётир.

Аммо шунга қарамай, чегарадаги вазият кесин бўлиб қолмоқда. Икки давлат ўртасидаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да бошланган.

Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди. Билдирилишича, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отмоқда.

Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари музокара ўтказмоқда. Аммо отишма давом этмоқда

Икки давлат чегарасидаги Тўрткўча ҳудуди

Ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги вакили ўринбосари Маъруфхон Тулаев Фейсбук орқали журналистлар билан жонли мулоқот ўтказмоқда. У айни пайтда Тожикистон расмийлари билан музокаралар олиб борилаётганини, аммо шунга қарамай чегарадаги отишма давом этаётганини айтди.

“Вазият кескинлашмоқда. Отишма ҳудудидан аҳолини эвакуация қилишга уриняпмиз. Ҳозирча ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар тўғрисида маълумот йўқ”,-деди расмий.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг билдиришича, отишма бўлаётган ҳудудда жойлашган Қирғизистонга қарашли Қўқтош қишлоғида яшовчи Ақил исмли фуқаро: “Зенит қуроллари билан отишяпти. Ўқлар Кўктошнинг барча кўчаларига келиб тушяпти. Ҳозирча уйлар ёнмаяпти. Бола -чақани хавфсиз жойга кўчирдик”, -деб айтди.

Икки давлат ўртасидаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да бошланган.

Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди. Билдирилишича, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отмоқда.

Тожикистон ҳукумати ҳозиргача отишма тўғрисида расмий маълумот бермади.

Қирғизистон отишма бўлаётган ҳудудлардан аҳолини эвакуация қила бошлади

Икки давлат чегарасидаги Тўрткўча.

Тожикистон билан отишма бўлаётган ҳудудлардан Қирғизистон фуқароларини эвакуация қилиш жараёни бошланди. Бу ҳақда ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги вакили ўринбосари Маъруфхон Тулаев журналистларга маълум қилди.

Унга кўра, биринчи навбатда отишма ҳудудидаги қишлоқлардан қариялар, аёллар ва болалар эвакуация қилинмоқда.

Икки давлат ўртасидаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да бошланган. Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди. Билдирилишича, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отмоқда.

Тожикистон ҳукумати ҳозиргача отишма тўғрисида расмий маълумот бермади.

Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашди. Миномёт ва гранатомётлардан ўқ отилмоқда

Икки давлат чегарасидаги Тўрткўча.

Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди. Аввалроқ Чегара хизмати икки давлат ўртасидаги Тўрткўча ҳудудида маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да отишма бошланганини билдирган эди.

Дастлабки маълумотларга қараганда, Тўрткўча ҳудудидан ўтувчи Боткен-Исфана автойўлини Тожикистон фуқаролари тўсиб қўйган. Икки давлат чегарачиларининг музокаралари натижасида 19:30 да йўл очилган.

Аммо соат 19:35 да Тожикистон томонидан Қирғизистонга қарата ўқ отила бошланган. Айни пайтда Тўрткўчадан ташқари Чирдўбў қишлоғида ҳам отишма бошлангани, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отаётгани хабар қилинди.

Озодлик радиоси тожик хизмати Исфара туман ҳокими матбуот котиби Зубайдулло Шамодовдан олинган маълумотни эълон қилди.

Шамодов Тўрткўча ҳудудини қирғиз фуқаролари тўсиб қўйганини ва шу муносабат билан маҳаллий ҳокимият шошилинч йиғилиш ўтказаётганини билдирган. Тожик томони чегарада отишма бўлаётгани тўғрисида бирорта маълумот бермади.

Қирғизистон – Тожикистон чегарасидаги Тўрткўчада отишма бошлангани маълум қилинди

Қирғизистон – Тожикистон чегарасидаги Тўрткўча .

Қирғизистон – Тожикистон чегарасидаги Тўрткўча деб аталган ҳудудда икки давлат ҳарбийлари ўртасида отишма бошлангани маълум қилинди. Озодлик радиоси қирғиз хизматига бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизмати Боткен вилояти бошқармаси раҳбари Қиялбек Тўлўнов маълум қилди.

Тўлўнов “отишма бошланди, ҳар икки томон бир-бирига ўқ отмоқда”, деган маълумотни айтиш билан чекланди. Озодлик радиоси қирғиз хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда отишма маҳаллий вақт билан 19:30да (Тошкент вақти билан соат 18:30да) бошланганини билдирди.

Тожикистон томони бу борада расмий маълумот бермажи. Отишмага нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.

Беларусда сиёсий тутқунлар сони мингдан ошди

2020 йилнинг августида Минскда ўтган намойишлар.

Беларусда сиёсий тутқунлар сони мингдан ошгани тўғрисида “Весна” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази маълум қилди.

Ҳуқуқ фаолларининг билдиришича, сиёсий тутқунларнинг камида 9 нафари президент Александр Лукашенко ва бошқа ҳукумат аъзоларини “ҳақорат қилгани” учун қамалган.

Фаоллар сиёсий тутқунларни қамоқдан озод қилишни ва уларни таъқиб этишни тўхтатишни талаб этмоқда.

2020 йилнинг 9 августида президентлик сайловида амалдаги президент Александр Лукашенко ғалаба қилгани билдирилгани ортидан мамлакатда кўп минг кишилик намойишлар бошланиб кетган эди. Намойишлар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан бостирилган ва юзлаб фаоллар қамоққа олинган.

Ғарб давлатлари Лукашенкони Беларуснинг легитим президенти сифатида тан олмайди. Унга ва унинг яқинларига қарши Европа Иттифоқи қатор санкцияларни жорий этган.

Испаниядаги Каталония мухторияти жодугарликда айбланган минглаб аёлларни афв этди

Чехия пойтахти Прагада 2014 йил 30 апрелида ўтказилган "Жодугарлар паради" пайтида олинган фотосурат.

Испаниядаги Каталония мухторияти парламенти бундан 400 йил олдин жодугарликда айбланиб ёқиб юборилган минглаб аёлларни афв этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Каталониядан олдин бундай ҳужжат Шотландия, Швейцария ва Норвегияда қабул қилиннган эди. Бу давлатлар юздан ортиқ европалик тарихчи “Улар жодугар эмас, улар аёллар эди” деб номланган манифестни эълон қилгани ортидан афв этиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилган.

Каталония парламенти ўз қарорида “жодугарлик” айблови билан ёқиб юборилган минглаб аёлларни “хотин-қизларга нисбатан нафрат қурбони” сифатида тан олди. Қарорда уларнинг хотирасини ва тарихий ҳақиқатни тиклаш шартлиги таъкидланди.

Каталония ҳукумати кўчалар, майдонлар ва аҳоли пунктларини ёқиб юборилган аёллар номи билан аташ ниятида эканини билдирди.

Тарихчиларнинг билдиришича, XVI аср охири ва XVII асрнинг бошигача Европада насроний черкови инквизицияси оқибатида камида 50 минг аёл жодугарликда айбланиб тириклай ёқиб юборилган. Каталонияда “жодугарларни тириклай ёқиш” амалиёти XVIII асргача давом этган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG