Линклар

Шошилинч хабар
14 май 2021, Тошкент вақти: 06:45

Россия Қора денгизда Украина кемаларини ўққа тутди. Украина ҳарбий ҳолат жорий қилмоқчи


Керчда ушлаб турилган Украина кемалари.

Украина Радаси депутатлари 26 ноябрь куни ҳарбий кенгаш тавсиясига кўра мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий қилиш масаласини кўриб чиқмоқчи. Бунга Россия қўшинлари Қора денгизда Қрим ярим ороли соҳилларидан нарида сузиб кетаётган Украина кемаларига қарши ўт очгани сабаб бўлди.

Бу ҳақда Украина президенти Петро Порошенко шундай деди:

− Қўлимизда мавжуд рад этиб бўлмас исботларга кўра, ушбу тажовуз, Украина ҳарбий-денгиз флоти (ҲДФ) кемаларига ҳужум хато ҳам, тасодиф ҳам эмас. Бу ҳам, Украина ҳарбий денгизчиларига қарши қурол ишлатиш ҳам қасддан қилинган амалдир.

Хабарларга кўра, 23 нафар украин денгизчиси асир олинди ва ушбу мамлакатнинг 3 та кемаси Керчда ушлаб турилибди. Улар Қора денгиздан Керчь бўғози орқали Азов денгизига ўтмоқчи бўлган.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий вазият кескинлашуви олдини олиш учун БМТ Хавфсизлик Кенгаши 26 ноябрда фавқулодда мажлис ўтказмоқчи экани хабар қилинди. Мажлис ўтказишни Россия ҳам, Украина ҳам илтимос қилмоқда.

Ушбу воқеадан сўнг Россия Керчь бўғозидаги кемалар ўтиш жойини тўсиб қўйди.

НАТО матубот котиби Оана Лунгеску ушбу ҳарбий иттифоқ Азов денгизи ва Керчь бўғозидаги вазиятни “яқиндан кузатиб тургани”ни ва Украина ҳокимият идоралари билан алоқага чиқиб турганини айтди.

Россиянинг Федерал хавфсизлик хизмати Украина ҳарбий кучлари кемалар ушбу мамлакатнинг ҳудудига фитна қўзғаш учун ноқонуний кирганини иддао қилмоқда.

Иккала мамлакат ҳам кейинги пайтларда Азов денгизида ҳарбий кемаларини кўпайтирди. Расмий Киев Москвани Украинанинг Мариуполь сингари портларига йўл олаётган кемаларни таъқиб қилишда айбламоқда.

25 ноябрь куни Россиянинг чегарани қўриқловчи “Дон” кемаси Украинанинг шатакчи кемасига атай бориб урилган ва унга шикаст етказган.

Ўз навбатида Россия томони ушбу тўқнашув учун айбни Украина томонига ағдармоқда. Россия Федерал Мажлиси юқори палатаси бўлмиш Федерал Кенгашнинг Халқаро сиёсат масалалари бўйича қўмитаси раиси Алексей Пушков “Россия 24” телеканалига телефон орқали мана бу фикрни билдирди:

‒ Буйруқни бевосита Украина президенти Петро Порошенко берганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бундай ишлар давлат раҳбари бехабар бўлган ҳолатда, унинг розилигисиз ва ўйланманки, ташаббусисиз қилинмайди. Бу маълум мақсадни кўзлаган фитнадан бошқа нарса эмас.

XS
SM
MD
LG