Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2025, Тошкент вақти: 14:15

Меркель ва Макрон Украина шарқида ўтказилган сайловларни ноқонуний деб атади


Донецк вилоятидаги сайлов постерларидан бири.
Донецк вилоятидаги сайлов постерларидан бири.

11 ноябрь куни Украина шарқидаги Донецк ҳамда Луганск вилоятларининг россияпараст айирмачилар бошқарувида бўлган ҳудудларида ўтказилган сайловларни халқаро ҳамжамият кескин танқид қилмоқда. Франция ва Германия сепаратчилар ўтказган сайловларни “ноқонуний” деб атади.

Расмий Киев ўтказилган сайловлар 2014 йилнинг апрелида бошланган можарони тўхтатишга қаратилган ҳаракатларни янада мушкуллаштиришини айтди.

Россия расмийлари эса, Донецк ва Луганск етакчиси ҳамда маҳаллий вакиллик органлари аъзоларини тайинлаш учун ўтказилган сайловлар можарони ҳал этиш мақсадида 2014 йил сентябри ва 2015 йил февралида эришилган “Минск келишуви” шартларини бузмаслигини таъкидлади.

Россия матбуоти тарқатган хабарларга кўра, деярли барча бюллетенлар санаб бўлинганидан кейин, Донецк вилоятидаги айирмачиларнинг амалдаги етакчиси Денис Пушилин 61 фоиз тўплагани маълум бўлган.

Қўшни Луганскдаги айирмачиларнинг амалдаги етакчиси Леонид Пасечник эса 68 фоиз овоз тўплаган.

Германия канцлери Ангела Меркель билан Франция президенти Эммануэль Макрон эълон қилган қўшма баёнотда “Сайлов деб аталаётган бу ҳодиса Украинанинг ҳудудий бирлиги ҳамда суверенитетига путур етказади”, дейилади.

Икки президент ушбу баёнотни эълон қилишидан аввал 11 ноябрь куни Биринчи жаҳон уруши тугаганининг 100 йиллигига бағишланган маросимлар давомида Украина президенти Петро Порошенко билан учрашди.

Германия, Франция ҳамда Украина можарога ечим топиш бўйича “Нормандия формати”даги музокараларни ўтказиб келади. Россия форматга аъзо тўртинчи давлат бўлиб, кейинги икки йил давомида музокара ўтказилмади.

Донецк вилоятидаги айирмачиларнинг амалдаги етакчиси, 37 ёшдаги Пушилин казино банкомати ҳамда минглаб одамни лақиллатган таниқли рус Понци схемасининг давомчиси МММнинг молиявий хизматларини сотиш билан шуғулланган.

Донецкнинг аввалги етакчиси Александр Захарченко август ойида бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган эди. Унинг ўлимида Москва ва Киев бир-бирини айблади.

Луганскдаги айирмачиларнинг амалдаги етакчиси, ёши 48 га чиққан Леонид Пасечник эса Украина Хавфсизлик хизматининг собиқ ҳудудий етакчисидир.

Пушилин ҳам, Пасечник ҳам Россия билан алоқаларни янада яхшилашни ваъда қилиб келади.

Донецк ва Луганскдаги сайловлар хавфсизлик чоралари кучайтирилган муҳитда ўтказилди.

AFP агентлиги тарқатган хабарларга кўра, Донецк вилоятидаги сайлов постерлари аҳолини “қалбида Россияни тутган ҳолда” овоз беришга чорлаган.

Айирмачиларнинг охирги сайлови 2014 йилда Киев ҳамда ғарб мамлакатлари эътирозларига қарамасдан ўтказилган эди.

Украина, АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи 11 ноябрь куни ўтказилган сайловларни Россия манипуляцияси ўлароқ қоралаб, улар Минск битимларига зид эканлигини айтмоқда.

2013 йили москвапараст президент Янукович ҳокимиятдан четлатилганидан сўнг Украина шарқида россияпараст айирмачилар билан бошланган уруш оқибатида ҳозиргача 10300 дан ошиқ дам ҳалок бўлди.

XS
SM
MD
LG