Линклар

Шошилинч хабар
13 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:28

Ота ўғлининг тобутини кутмоқда - Украина урушида яна бир тожикистонлик маҳкум ҳалок бўлди


Украина урушида ўлдирилган Мақсад Қурбоновнинг отаси Файзулло Қурбонов.
Украина урушида ўлдирилган Мақсад Қурбоновнинг отаси Файзулло Қурбонов.

Украинадаги урушда яна бир тожикистонлик ўлди - Мақсад Қурбонов. У ҳисоб бўйича олтинчи қурбон бўлди.

Мақсад фронтга Россия қамоқхонасидан жўнатилгани ва октябрдан бошлаб ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида бўлгани маълум.

Мақсад Қурбонов 39 ёшда эди. Шундан сўнгги 8 йилни у Архангельскдаги қамоқхоналардан бирида ўтказган. Отаси Файзулло бир неча кун олдин Россиядан қўнғироқ қилишиб, ўғли Бахмут яқинида ҳалок бўлганини хабар қилишганини айтади. Қурбоновнинг жасади эрта-индин ватанига келтирилади.

“Мендан:“Ўғлингизни қаерда дафн қилишни истайсиз: Россиядами ёки Тожикистонда?” деб сўрашди. Мен уни ватанида дафн қилишимни айтдим. Ҳужжатларни расмийлаштириб, жасадни Тожикистонга жўнатишга ваъда беришди”, дейди Файзулло Қурбонов.

Тожикистонда Мақсаднинг тўрт фарзанди етим қолди. Қариндошларига кўра, унинг жазо муддати тугашига оз қолган эди. Мақсад сўнгги марта оиласига ўтган йилнинг октябрида қўнғироқ қилган экан.

“Ўшанда уни Мариуполга ишлагани жўнатишаётганини айтувди. Ўз ихтиёринг билан кетяпсанми ёки мажбур қилишяптими, деб сўрадим. У қамоқхона бошлиқлари Мариуполга йўллаш учун 100 дан ортиқ маҳкумни танлаб олишганини айтди. Ўғлимнинг овозини охирги марта ўшанда эшитгандим”, дейди яна Файзулло Қурбонов.

Шу билан олтинчи тожикистонликнинг Украина урушида ҳалок бўлгани тасдиқланмоқда. Улар барчаси фронтга Россия колонияларидан йўлланган.

Айримларининг қариндошлари бундан олдин қамоқхонага “Вагнер ХҲШ” одамлари келиб, урушга борувчиларга озодлик ва афв ваъда қилганини билдиришган.

Мусибатдан чўкиб қолган Файзулло Қурбонов Россия дарҳол бу урушни тўхтатишини истайди.

“Шунча ўлим етар! Бизнинг кўргиликларимиз бошқа тожик оилаларининг бошига тушмасин!” дейди у.

Икки йил муқаддам Тожикистон расмийлари Россия колонияларида 10 минг нафарга яқин тожик фуқароси жазо муддатини ўтаётганини очиқлашган эди. Бугунги кунда улар қанча қолгани номаълум.

Форум

XS
SM
MD
LG