Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2019, Тошкент вақти: 03:44

Қизиқчининг Украина президенти сайловида ғалаба қилиш эҳтимоли ортиб бормоқда


Владимир Зеленский

Украиналик комик, доим томоғини қириб гапираётгандай туюладиган Владимир Зеленскийни мамлакатда танимайдиган одам йўқ. У смартфонига қараб, Инстаграмдаги 2,7 миллион обуначисидан қуйидаги саволни сўрайди: “Президентнинг дўстларини ва қуролдошларини юқори лавозимларга тайинлаши кимга ёқади? Нега 28 йилдан бери шу ҳол тинмай такрорланади?”

Зеленский саволи ортидан ўзига хос ечим таклиф ҳам қилади: “Келинглар, сизлар орзу қилган командани йиғамиз... Украина бош вазири, бош прокурори, хавфсизлик хизмати раҳбари, ташқи ишлар вазири, мудофаа вазири лавозимларига номзодлар таклиф қилинглар, шу ишни бирга қиламиз”.

Бу гап бир йил олдин Зеленскийнинг навбатдаги таклифи сифатида айтилган эди. Лекин бугун бу кулги учун айтиладиган гап эмас. Қолаверса, шу кундаги сайловолди пойгасида 41 яшар комик етакчилик қилмоқда.

Украина президенти сайлови 31 март куни бўлиб ўтади, унда рекорд даражадаги, яъни 44 номзод иштирок этади. Агар улардан бирор киши биринчи турда оддий кўпчилик овоз ололмаса, энг кўп овоз олган 2 киши сайловнинг 21 апрелда бўлиб ўтадиган иккинчи турида беллашади.

Айни пайтда гап қийин иқтисодий аҳволга тушиб, коррупция ботқоғига ботиб қолган, бу ҳам етмагандай, Россияга орқа қилувчи айирмачилар билан уришаётган мамлакатнинг омон қолиши ҳақида кетмоқда.

Украинада мавжуд меъёрларга кўра, Зеленскийнинг сайловолди кампаниясини ўтказиш услуби ғалати туюлади: у комик актёрлар гуруҳи билан мамлакат бўйлаб сафар қилмоқда, тарафдорларига ижтимоий тармоқларда селфи видеолар орқали мурожаат этмоқда.

Бироқ ислоҳот ўтказиш ваъдасини бажармаган сиёсатчилардан ҳафсаласи пир бўлган украин сайловчилари янги сиёсатчиларни кўришни истайди ва айни истак Зеленскийга ғалаба келтириши мумкин.

Зеленскийнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш стратегияси одамларнинг пир бўлган ҳафсаласини ўз фойдасига ишлатишни кўзлайди. Айни шу йўл Трампнинг АҚШ президенти бўлишига ва “социалист” Александрия Окасио-Кортеснинг эса яқинда АҚШ Конгрессига сайловда ютишига сабаб бўлди.

Зеленскийнинг коррупция деса қони қайнайдиган қаҳрамони Васил Ҳолобородко “Халқ хизматкори” телесериалида – шундай хулқ-атвор эгаси. Асли мамлакат жанубидаги саноат шаҳри Кривой-Рогдан бўлган Зеленский шу йўл билан сайловда ютиб чиқмоқчи.

Афтидан, унинг услуби иш бермоқда.

Жорий ҳафтада Киевдаги Халқаро социология институти ўтказган сўровга кўра, шу кунларда Зеленский учун сайловчилариннг 26 фоизи овоз беришга тайёр.

Ундан амалдаги президент Пётр Порошенко ҳам, собиқ бош вазир Юлия Тимошенко ҳам ортда қолмоқда.

Зеленский номзоди ҳам жанжал ва танқиддан четда қолмади

“Озодлик” радиосининг Украин хизмати билан Украина UA:Pershy телеканалининг қўшма лойиҳаси бўлмиш “Схеми” дастури январь ойида ўтказган суриштирув чоғида Зеленскийнинг Россиянинг 3 та кино- ва телекўрсатувлар тайёрлаш компанияси билан алоқалари борлиги аниқланди.

Ваҳоланки, у олдинроқ Украина ОАВга 2014 йили Москва Украинага тегишли Қрим ярим оролини босиб олганидан сўнг Россия билан барча алоқаларини йиғиштирганман, деб баёнот берган эди.

Танқидчилар унинг сиёсатчи сифатида тажрибаси йўқлигидан келиб чиқиб, президентлиги “фалокат”га айланаб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Аммо бугунги кунда Европа мамлакатлари пойтахтларига бориб, Зеленскийни ташвиқ қилиб юрган маслаҳатчиси Ирина Венедиктова у “кенг фикрли” эканини ва айни шу фазилати муаммоларга “янги ечимлар топишда ёрдам бериши”ни айтмоқда.

Танқидчилар хавотирини уйғотаётган яна бир жиҳат Зеленскийнинг олигарх Игорь Коломойский билан бизнес алоқалари борлигидир. У олигархга қарашли телеканалда намойиш этилаётган “Халқ хизматкори” ва “95-квартал” комик сериалларида роль ўйнамоқда.

Ушбу алоқа шу пайтгача унинг номзодига халал бермади. Лекин сайлов куни яқинлашгани сари шу масалада Зеленский учун ноқулай саволлар чиқиши шабҳасиз. Аммо 31 март куни сайлов натижаси қандай бўлишидан қатъиназар, Зеленскийнинг президент бўлишга у ёки бу даражада ишончи комил.

XS
SM
MD
LG