Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2018, Тошкент вақти: 12:57

АҚШда ташлаб юборилган салфетка ёрдамида 32 йиллик қотиллик жумбоғи ечилди


АҚШнинг Вашингтон штатида 32 йил олдин содир бўлган зўрлаш ва қотиллик жумбоғи улоқтирилган салфетка, ДНК тестлари ҳамда генетик генеалогия ёрдамида ечилди.

Зўрлаш ҳамда қотилликда айбланаётган 66 ёшдаги Гэри Ҳартман суди душанба куни бўлиб ўтади.

1986 йилнинг 26 мартида Вашингтон штатидаги Такома шаҳрининг 12 ёшли турғуни Мишелла Уелч паркда икки синглиси билан ўйнаётиб бедарак йўқолган эди.

2006 йилга келиб полиция ходимлари жиноят содир этилган жойдаги жисмларда қолган ДНКни аниқлашга муваффақ бўлган.

Аммо бу ДНК мамлакатдаги маълум жиноятчилар маълумот базасидаги ДНКларга мос тушмаган.

Орадан 12 йил ўтиб, генетик генеалогия туфайли мазкур ишда илгари силжиш бўлди.

Ҳозирги кунга келиб генетик генеалогия бўйича йирик маълумот базалари ҳамда архивлар яратилган.

Бундай маълумот базаларига 23andMe ҳамда Ancestry.com ширкатлари ёрдамида ўз оиласи тарихи ва генеалогиясини ўрганаётган шахслар ҳам ҳисса қўшиб келади.

Такома полицияси етакчиси Дон Рамсделл генетик генеалогия ҳақида:

- Генетик генеалогия ДНК технологияси ёрдамида номаълум профилларни бирор оила аъзозига солиштирган ҳолда субъектларни аниқлайди, - дейди у. - Бунинг ортидан оммага очиқ сайтлар ёрдамида анъанавий генеалогиядан фойдаланиб оила дарахти тузилади.

Мазкур технология ёрдамида Мишелла иши устида ишлаётган полиция ходимлари икки ака-укани аниқлаган.

Бу шахслар 1986 йилдаги ёши ва яшаш жойи туфайли полиция эътиборига тушган.

Гумонланувчиларни полиция кузата бошлаган ва уларнинг ДНКсини олиш учун қулай фурсат кутган.

Яқинда Гэри Ҳартман Вашингтон штатидаги ресторанлардан бирида овқатланган.

Ҳартман уни қўшни столда кузатиб ўтирган полиция ходимларини пайқамаган.

Полиция ходимлари гумонланувчи ишлатиб бўлиб улоқтирган салфеткани олиб, лабораторияга юборган.

Натижада Ҳартман ДНКси Мишелла Уелч танасида топилган ДНКга мос келиши аниқланган.

Ушбу иш тафсилотлари жамоатчиликка маълум бўлар экан, Пирс округи терговчиси Марк Линдкуист жиноятчиларни огоҳлантирди.

- Ҳозир шундай замонки, жиноят содир этилган жойда ДНКсини қолдирган жиноятчилар ўзларини полицияга топширса бўлади. Уларни барибир қўлга оламиз, - деди у.

Жорий йилнинг апрель ойида генетик генеалогия ёрмдамида 1970-80 йилларда 12 одамни ўлдиришда, 50 одамни зўрлашда ҳамда ўнлаб ўғирликка қўл уришда айбланган ва “Олтин штат қотили” номи билан маълум бўлган қотил эканлиги гумонланган шахс қўлга олинган эди.

XS
SM
MD
LG