Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2019, Тошкент вақти: 17:02

АҚШ Россия бўйлаб ноиммиграцион визалар беришни тўхтатди


Москвадаги АҚШ элчихонаси биноси

Москвадаги АҚШ элчихонаси 23 августдан бошлаб Россия бўйлаб ноиммиграцион визалар бериш тўхтатилишини билдирди. Элчихона буни Россиянинг америкалик дипломатлар сонини камайтиришга қаратилган чорасига жавоб амали сифатида изоҳлади.

Элчихона 21 август куни эълон қилган билдирувда 1 сентябрь куни виза амалиётлари "анча кичрайтирилган кўламда" қайта йўлга қўйилиши, ноиммиграцион визалар учун интервьюлар фақат Москвада ўтказилиши айтилади.

Санкт-Петербург, Екатеринбург ҳамда Владивосток шаҳарларидаги Америка консулликларида виза бериш номаълум муддатга тўхтатилади.

"Россиянинг Қўшма Штатларнинг бу ердаги дипломатик миссиясини қисқартириш қарори Россиянинг алоқаларни яхшилашга жиддий ёндашаётгани ҳақида савол туғдиради", дейилади элчихона билдирувида.

Россиянинг Украинадаги агрессияси, Суриядаги уруш ҳамда Москванинг АҚШ президентлик сайловига аралашгани ҳақидаги иддаолар туфайли Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқалар Совуқ уруш йилларидагидек совуб кетган.

АҚШ Конгресси Россияга қарши санкциялар жорий қилиб, президент Дональд Трамп ушбу санкцияларни осонликча бекор қилишига тўсқинлик қилувчи қонунни қабул олиши ортидан Россия президенти Владимир Путин Москвада 1 сентябргача 455 нафар АҚШ дипломати қолдирилишини, Вашингтонда ҳам айнан шунча рус дипломати ишлаётганини айтди.

Путинга кўра, бу чора АҚШ Конгресси Россияга нисбатан санкцияларни кучайтириш тўғрисида қонун қабул қилганига жавоб ўлароқ қабул қилинииш лозим.

Америка элчихонаси эса Россия ҳукумати талабларига бўйсуниш учун ўз амалиётлари кўлами чекланишини айтди.

Ҳозирда режалаштирилган барча виза интервьюлари бекор қилинмоқда.

Элчихона "халқаро битимлар, дипломатик одатлар ёки одатий халқаро қонунларга амал қилиш учун" энг аввало БМТ расмийлари, АҚШда офиси бўлган халқаро ташкилотлар ҳамда икки тарафлама миссияларга хизмат кўрсатади.

Тиббий ёки оилавий фавқулодда вазиятга тушиб қолганлар ҳужжатлари ҳам биринчилардан бўлиб кўриб чиқилади.

Элчихонага кўра, булар дафн маросимлари, шифохонага ётиш ёки суд ишларини ўз ичига олади.

Москвадаги элчихона ҳамда Санкт-Петербургдаги консуллик яна Беларус фуқароларига виза беришни тўхтатади.

Лавров АҚШнинг мазкур қарори сиёсий сабабларга кўра чиқарилганини таъкидлади.

Янги қарордан Россиядаги АҚШ фуқаролари зиён кўрмайди: Москвадаги элчихона билан Санкт-Петербург, Екатеринбург ҳамда Владивосток шаҳаоларидаги консулликлар Америка фуқароларига тўлиқ хизмат кўрсатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG