Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2021, Тошкент вақти: 10:47

АҚШ санкциялари ортидан рус рубли қулашни давом эттирди


6 апрелда АҚШ россиялик қатор тадбиркорлар ва компанияларга янги санкциялар жорий этиши ортидан рус рубли кескин қулашни давом эттирмоқда. "Қора душанба" ортидан келган "қора сешанба" давомида Россия жамғарма биржаси котировкаси пасайиши натижасида эликка яқин энг бадавлат россиялик олигархлар бойлиги 12 миллиард долларга камайгани қайд этилди.

Сешанба куни 1 доллар 64 рублга чиқди

АҚШ 6 апрелда Россиядаги баъзи ширкатлар ва шахсларга нисбатан янги санкцияларни киритиши ортидан рубль қурби кескин тушиши давом этмоқда.

Сешанба, 10 апрел иш куни охирида евро курси – 76,85 рубл, АҚШ доллари – 63,54 рақамларини кўрсатаётган эди.

Шу кунларда Москва биржаси котировкаси ва РТС индекси 7-9 фоизга, Сбербанк – 11,59, Русал – 24, ВТБ – 9,2, “Газпром” билан “Роснефть” – 7-8 фоизга қулади.

"Қашшоқлашаётган олигархлар"

“Қашшоқлашиб” қолган рус олигархларидан энг кўп зарар “Русал” алюминий компанияси эгаси Олег Дерипаскага етказилгани маълум бўлди: у бошқараётган 8 компания Трамп жазо чораларига учради.

Forbs журнали биргина 9 апрел куни давомида Владимир Путиннинг энг яқин одамларидан саналган Олег Дерипаска мулки 1,6 миллиард долларга камайганини хабар қилди.

Олег Дерипаска – “Базовый элемент”( “Базэл”) компанияси якка бошқарувчисидир.

Унинг қўл остида Россия ва жаҳонда 100га яқин энергетика, тоғ-кон, металлургия, машинасозлик, авиация, молия, қишлоқ хўжалиги ва бошқа турдаги ширкатлар бирлаштирилган.

В.Путин ва О.Дерипаска.
В.Путин ва О.Дерипаска.

9 апрел куни эрталаб Дерипаскага тегишли “РусАл” 3,6 миллиард доллар миқдорида йўқотгани ва ширкат техник дефолт хатари ёқасига келиб қолгани тўғрисида баёнот берилди.

Лондон ва Москвада Дерипасканинг активлари кескин арзонлашиши давом этмоқда.

АҚШ Молия вазирлиги 7 майгача америкалик сармоядорларга Олег Дерипаскага тегишли бўлган акциялардан халос бўлишлари кераклиги, 5 июнгача эса у билан барча шартномаларни бекор қилишларини уқтирди.

АҚШ санкцияларига учраган барча компаниялар ва шахслар билан ҳам худди шундай йўл тутиш кераклиги айтилди.

Кипр ва Россия гражданлигига эга 50 яшар Олег Дерипаска 2001 йилда Борис Елциннинг маъмурий бошқарувчиси Валентин Юмашев қизига уйланган. 2002 йилда Юмашевнинг ўзи Елциннинг қизи Татьяна Дьяченкога уйланган.

Шу даврдан бошлаб биринчи президент оиласига яқин бўлиб қолган Дерипаска 2008 йилда Россиянинг энг бадавлат одамига айланганди.

Санкцияларнинг Башар Асад кучларнинг Сурия мухолиф кучлари бошқараётган ҳудудларда тинч аҳолига нисбатан кимёвий қурол қўллагани учун жорий этилгани ҳам айтилмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп бу ҳужумга алоқадор барча давлатларга “қимматга тушиши”ни билдирганди:

- Президент Путин, Россия ва Эрон Асаддек ҳайвонни қўллаб-қувватлашда жавобгардир, - деди Трамп.

Шу тариқа АҚШ Россия президенти Владимир Путинга яқин экани айтилаётган қатор миллиардерлар ва амалдорлар ҳамда йирик давлат ва нодавлат компанияларига нисбатан кескин чоралар жорий этгани эълон қилинди.

Санкциялар кенгайтирилиши мумкин

Россиядан катта сармоядорлар қочишни бошлаган бир пайтда Вашингтон Россия компаниялари ва бошқарувчиларига нисбатан санкциялар кенгайтирилиши мумкинлиги билан таҳдид қилишни давом этмоқда.

Сурия масаласида юзага келган кескин вазият ҳам геосиёсий хатарларни ошираётгани мутахассислар томонидан инобатга олинмоқда.

Америкаликлар санкциялари жорий этилиши Владимир Путинга яқин бўлгани ишонилган миллиардерлар - Виктор Вексельберг, Роман Абрамович, Сулаймон Керимов, Леонид Михельсон, Геннадий Тимченко, Олег Тиньков, Владимир Лисин, Вагит Алекперов, Алексей Мордашов ва бошқалар бойлигига сезиларли даражада таъсир ўтказди.

Рублнинг бундай қулаши 2014 йилги Украина бўҳронидан буён кузатилмаганини эслатиш жойиз.

Россия Меҳнат вазири Максим Топилин рубл курсининг ўзгариши оддиий россияликлар ва, айниқса, бюджет соҳаси маошларига салбий таъсир ўтказиши мумкинлигини яширмади.

Айни пайтда, Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведев вазирларга АҚШ санкциялари остига тушган рус компанияларига кўмак бериш ва “жавоб қайтариш” бўйича чора-тадбир ишлаб чиқишни буюрди.

- Бу санкциялар остига тушган компаниялар масаласида эса, уларга ёрдам беришни ўйлаб кўришимиз керак: металлургларга ҳам, энегетикларга ҳам, ҳарбий-саноат комплексига ҳам, деди Медведев.

Мутахассислар санкция остига тушган рус компанияларига давлат банклари ва Миллий фаровонлик жамғармаси (ФНБ) ҳисобига кредитлар берилиши мумкинлигини айтмоқда.

Иқтисодчи Владимир Тихомировнинг РБК нашрига берган изоҳига кўра, Россия давлати биргина Дерипаска қарзларидан қутулиш учун бюджетдан 13 миллиард доллар ажратиб беришга мажбур бўлади.

Айни дамда, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШнинг янги санкцияларининг “ноқонунийлигига” жамоатчилик эътиборини қаратди.

- Бу ҳодиса қонунсизлик, ҳамма нарсани оёқ-ости қилиш нуқтайи назаридан чидаб бўлмайдиган даражададир. Шу сабабли буни ҳар томонлама ўрганиб чиқиш лозим, - деди душанба куни Песков.

Сешанба куни эса ҳозирча бўлаётган ҳодисаларга муносабат билдирмаётган Владимир Путин ядро ва атом энергияси тадқиқотлари билан шуғулланувчи Курчатов институтига ташриф буюрди.

Шарҳларни кўринг (8)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG