Линклар

Шошилинч хабар
23 июл 2018, Тошкент вақти: 13:02

Тиллерсон ишдан бўшаши ҳақидаги гап-сўзларга қарамай Европага йўл олмоқда


АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон

Рекс Тиллерсон 4 декабрь куни Европа сари расмий сафарга отланмоқда. Бундан бир неча кун олдин Оқ Уй уни АҚШ давлат котиби лавозимидан четлатмоқчи экани хусусида хабарлар тарқалган эди.

Рекс Тиллерсон 5-7 декабрь кунлари НАТО, ЕИ ва ЕХҲТ мажлисларида қатнашишни, Брюссель ва Венада Бельгия ҳамда Австрия ҳукуматлари вакиллари билан учрашишни режалаштирмоқда. У 8 декабрь куни Франция раҳбарияти билан учрашиш учун Парижда ҳам тўхтаб ўтади.

Австрия пойтахти Вена шаҳрида бўлиб ўтадиган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) мажлиси доирасида унинг Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиши кутилмоқда.

Тиллерсон Европага сафари олдидан Россия “тажовузкор хатти-ҳаракатлари”ни давом эттираётгани сабабли Вашингтон Европа хавфсизлигини таъминлаш борасидаги мажбуриятига содиқ эканини қайд этиб ўтди.

У 28 ноябрь куни Уилсон таҳлил марказидаги маърузасида Россиянинг Грузия ва Украинага ҳарбий интервенцияси ҳамда Европадаги сайловлар ва сиёсатга аралашаётганига тоқат қилиб бўлмаслигини қайд этди.

Орадан икки кун ўтиб эса, унинг ўрнига айни пайтда МРБ директори бўлиб ишлаётган Майк Помпео тайинланиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. АҚШ президенти бу гапларни “сохта хабар”, Тиллерсоннинг ўзи эса “кулгили” деб атади.


Зиддиётли баёнотлар

Президент билан давлат котибининг халқаро масалаларга оид баёнотларида баъзан зиддиятли ҳолатлар учрайди.

Демократлар ва айрим республикачилар Давлат департаментидаги бўш турган юқори лавозимларни тўлдирмаётгани учун Тиллерсонни АҚШ дипломатиясини заифлаштиришда айбламоқда.

Айни пайтда айрим Европа мамлакатлари раҳбарлари Трампнинг “Аввало Америка” қабилидаги гап оҳангидан ҳамда АҚШ амалдорларининг НАТО ва Европа Иттифоқига оид бир-бирига зид баёнотларидан хавотир билдирмоқда.


“Кун тартибига чиқаётган” Украина

Тиллерсон Вена шаҳрида 5-6 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган НАТОга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари мажлисида иштирок этади ҳамда ЕИнинг ташқи сиёсати етакчиси Федерика Могерини ва “АҚШ билан ЕИнинг глобал масалалар бўйича ҳамкорлиги”ни муҳокама қилиш учун ташқи ишлар вазирлари билан учрашади. Бу ҳақда Давлат департаменти хабар тарқатди.

Тиллерсон 7 декабрь куни ЕХҲТга аъзо мамлакатлар Вазирлар кенгаши мажлисининг очилиш маросими ва илк ялпи мажлисларида қатнашади. Вазирлар кенгаши ҳарбий блокнинг асосий қарор қабул қилувчи ва бошқарув органи ҳисобланади.

ЕХҲТ музокаралари чоғида “Украина кун тартибининг марказида” бўлади, деди Давлат департаментининг юқори лавозимли вакили 1 декабрь куни исмини ошқор қилмаслик шарти билан.

Тинчликпарвар кучлар жойлаштириладими?

Жорий йилнинг сентябрь ойидан бери Украина шарқига тинчликпарвар кучларни жойлаштириш ҳақидаги фикрлар авж олиб кетди. Ўшанда Россия Президенти Владамир Путин Украина ҳукумати қўшинлари билан Россия қўллаб-қувватлаётган айирмачиларни ажратиб турувчи фронт чизиғига БМТнинг тинчликпарвар қўшинларини жойлаштириш таклифини ўртага ташлаган эди.

Ушбу режани Украина ҳукумати ҳам, Ғарб мамлакатлари ҳам кескин танқид қилиб чиқди. Уларнинг фикрича, ўша фронт чизиғига қўшинларни жойлаштириш Россиянинг айирмачилар эгаллаб турган ҳудуд устидан назоратини мустаҳкамлайди. Оқибатда Россиянинг ўша ҳудудга жангарилар ва қурол-яроқ жўнатиб туришига ҳеч нарса тўсқинлик қила олмай қолади. Кейинчалик Путин дастлабки таклифига тузатишлар киритилишига рози эканини билдирди, аммо бу борада ҳеч қандай келишувга эришилмади.

Тиллерсон 7 декабрь куни Россия ташқи ишлар вазири Лавров билан Венада учрашмоқчи. Бундан ташқари, у 8 декабрь куни Франция раҳбарлари билан “иккала томонни қизиқтирган масалаларни муҳокама қилгани” Парижга боради. Сурия, Эрон, Ливан ва Шимолий Кореядаги муаммоли вазиятлар ўша масалалар қаторига киради.

XS
SM
MD
LG