Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2019, Тошкент вақти: 03:10

Фермерлар буғдойга ўғит солгани техника тополмаяпти


Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаевнинг буғдойни ўғитлаш учун дори сепувчи тракторлардан иборат отрядлар тузиш ҳақидаги топшириғи Жиззах вилоятининг ҳамма туманларида ҳам бажарилмаяпти. Дори сепишга мўлжалланган махсус техникаси йўқ фермерларнинг айтишларича, улар ўзлари техника излаб топишга ёки дорини қўлда сепишга мажбур бўлмоқдалар.

Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, вазирнинг буғдойга минераль ўғит солишга ихтисослаштирилган техника отрядлари тузиш ҳақидаги топшириғи бажарилмай қолган:

“Вазир Зойир Тойирович бўлиб ўтган селектор йиғилишларида бу йил янги тизимда ишлайсизлар, деб айтганди. Масалан, буғдойга дори сепадиган аппаратлар бир жойга йиғилиб, отрядлар ташкил қилинади ва у фермерларга навбати билан хизмат кўрсатади, деб айтган эди. Бунинг хизмат ҳақи нақд бўлмайди, монитор марказидан фермер перечисление қилиб ўтказади, деган эди. Энди эса, ҳокимлар яна фермерларга ўз аравангни ўзинг торт, ўзларинг техника топиб дори сепинглар деб, айтяпти”, деди фермер.

Унинг айтишича, Зафаробод туманидаги фермерларнинг қарийб 30 фоизида ана шундай дори сепадиган техника бор, холос:

“Селитра сепадиган техникани шу кунларда топиш жуда қийин. Аввалги МТПлар ўлиб бўлган, техникаси қолмаган. Шунақа аппарати бор фермерларга энди ялиниш керак, илтимос қилиш керак. Уларнинг ортидан югуриш керак. Кейин нақд пулда хизмат ҳақи бериш керак. Аксарият фермерларнинг молиявий аҳволи жуда ёмон. Бундай техникани ҳамма ҳам сотиб ололмайди. Дорини қўлда сепиш эса унчалик самара бермайди, чунки селитра ерга бир хил ва текис тушмайди”, деди фермер.

Исми сир қолишини сўраган, Арнасой туманидан бўлган фермер, вазир буюрган отрядларнинг нима учун тузилмай қолгани сабабини шундай изоҳлади:

“Техникаси бор фермерларнинг техникасини бир жойга йиғиш ва ундан ҳамма учун бир хил фойдаланиш сиёсати бизга ёқмади. Нега мен ўзим ишлаб, сотиб олган техникамни бошқаларга текин хизмат қилдиришим керак? Менга запчасть олиб бермаса, тракторчимга ойлик бермаса, нега мен техникамни беришим керак? Илгари ҳам шундай отрядлар ташкил қилиб кўришган. На ойлик берди, на тракторчига тушлик қилиб берди. Шунинг учун техникаси бор фермерлар бу отрядларга бирикмади”, деди фермер.

Унинг айтишича, айни пайтда техникаси йўқ фермерларга келишилган ҳолда дори сепадиган техника билан ёрдам бериляпти.

Жиззах вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими фермерларга хизмат кўрсатиш учун отрядлар тузилганини тасдиқлади:

“Туманларда МТПлар қошида буғдойга дори сепиш учун отрядлар ташкил қилинган. Лекин ҳозир ёмғир ёққани учун трактор ерга киролмаяпти. Шунинг учун вақт ўтиб кетмаслиги учун фермерларга дорини қўлда сепиб туришни тавсия қиляпмиз. Чунки ёмғирда селитра ерга яхши сингади. Ер қуриса отрядлар ишга тушади”, деди мулозим.

Ўзбекистонда ўтган асрнинг 90 йилларида фермер хўжаликларига техник хизмат кўрсатиш учун МТП(машина техника парклари - таҳририят)лар тузилган эди.

Бироқ, Озодлик суҳбатлашган жиззахлик айрим фермерларнинг айтишларича, ўтган 25 йил давомида МТПлардаги техникалар эскириб бузилган ёки сотиб юборилган.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG