Линклар

11 декабр 2017, Тошкент вақти: 20:19

Президент Мирзиёев экспорт масалаларига бағишланган видеоселекторда “Ўзагроэкспорт” раҳбар Жамшид Холмуҳаммедовни ишдан олди. Президент ташкилотни экспорт режасини бажармагани учун танқид қилди. Андижондаги агрофирма раҳбари аслида бу ташкилотнинг тузилиши хато бўлган эди, деб таъкидлади.

Президент Мирзиёев "Ўзагроэкспорт" акционерлик жамияти бошлиғини ишдан олишдан аввал бу ташкилотнинг монополиясини тугатиб, тадбиркорларга мева-сабзавотни тўғридан-тўғри экспорт қилиш ҳаққини қайтарди.

Хорижга мева экспорти билан кўп йиллар шуғулланган Андижондаги агрофирмалардан бирининг раҳбари бу борада Озодликка берган интервьюсида президентнинг бу қарорини олқишлади.

Унинг айтишича, “Ўзагроэкспорт” ташкилоти экспорт жараёнини тезлатиш ўрнига, аксинча, уни сустлаштирган.

- Масалан, ўтган йили мен Россияга юк жўнатдим. “Ўзагроэкспорт”га пул келиб тушди. Бизга пулни ўтказмай, ўн кун қийнади. Энди биз тезроқ маҳсулотни жўнатишимиз керак. Ҳар куни Москвадан телефон бўлади, ҳой қачон жўнатасан, деб. Лекин, бу ёқда қоғозбозлик - Россиядан гарантийний хат келиши керак, биз хат беришимиз керак, ана шуларни тўплаб, кейин секин пул тушириб беради. Ундан аввалги йиллар ҳам шундай проблемалар бўлган, - дейди тадбиркор.

Айни пайтда, тадбиркор, мева-чева экспорти масаласидаги асосий тўсиқларни санаб ўтди:

- Биринчиси, конвертация масаласи. Давлат курси жуда паст. Биз оладиган маҳсулотнинг нархи, йўлкира харажатлари билан бизга фойда қолмайди, дейди тадбиркор.

Унга кўра, иккинчи асосий масала банклардан нақд пул олишнинг имконсизлигидир:

- Масалан, бизга бу йил ҳукумат давлат ҳисобига берадиган валюта тушумини 50 фоиздан 25 фоизга туширди. Катта раҳмат, бу учун. Лекин, ана шу 25 фоиз валютани ҳам банклар давлат курсида сўмга айлантириб, нақд пул қилиб беролмаяпти. Пулимиз тушди, беринг деб борсак, пенсионерларга пул топиб беролмаяпману, сенга қаердан топиб бераман, деб айтади, - дейди агрофирма раҳбарларидан бири.

"Ўзагроэкспорт" ташкилоти ва Ўзбекистонда шу кунгача амалда бўлган мева-сабзавот экспорти схемасини ичидан билган бу раҳбар, айни пайтда, давлат, тадбиркор ҳамда деҳқонга ҳам манфаатли бўлиши мумкин, дея бир қатор таклифларини илгари сурди.

Бу ҳақдаги суҳбатни қуйида тўлиқ тингланг:

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG