Линклар

20 январ 2018, Тошкент вақти: 14:05

Милиция мустақил журналист Сид Янишевни қўйиб юборди

  • Озодлик

Сид Янишев¸ мустақил журналист

12 декабрь туш пайтида Тошкентда милиция ходимлари томонидан ушланган мустақил журналист Сид Янишев кечқурин қўйиб юборилди. Бу ҳақда Янишевнинг ўзи Фейсбук саҳифаси орқали маълум қилди.

"Дўстлар, мен уйдаман, менда ҳаммаси жойида. Мен учун қайғурган барчага миннатдорчилик билдираман", деб ёзди журналист 12 декбарь, кечки пайт Фейсбук саҳифасида.

Озодлик мухбири туш пайти Cид Янишев у билан боғланганида у Тошкент шаҳридаги 61-милиция таянч пунктида ушлаб турилганини билдирганди.

Журналист икки нафар милиция капитани уни Тошкент Сити лойиҳаси доирасида бузиб ташланаётган биноларни суратга олаётган пайтида ушлаганини айтганди:

- Мен биноларнинг бузилаётганини суратга олаётган эдим. Икки милиция капитани келиб, мендан ҳужжатларимни сўради ва бузиш жараёнини суратга олиш тақиқланганини айтди. Мен мустақил журналистман, десам, Ўзбекистонда мустақил журналист деган тушунча йўқ, дея эътироз билдиришди, -деганди милиция таянч пунктида ушлаб турилган пайти Сид Янишев.

Озодлик 61-рақамли милиция таянч пункти билан боғланди, аммо Янишевнинг ушланиши борасида бирор аниқ маълумот ололмади.

Тошкент шаҳар ИИББ дан олинган маълумотга кўра, шаҳарда суратга олиниши тақиқланган объектларни тасвирга олган шахслар ушланиши ва шахсига оид қўшимча маълумотлар аниқланиши учун ИИВ бўлинмаларига олиб кетилиши мумкинлигини маълум қилди. Аммо, мустақил журналист Янишевнинг ушланиши масаласига ойдинлик киритмади.

Бундан ташқари, Тошкент сити қурилаётган ҳудуд суратга олиниши тақиқланган ҳудудми, агар шундай бўлса, бунинг сабаби нимада - бу каби саволлар ҳам ҳозирча очиқ қолмоқда.

Шу кунда тармоқларда баҳсу муноазара билан кузатилаётган Тошкент сити қурилиши учун пойтахтнинг Ислом Каримов проспектида жойлашган кўп қаватли бинолар, Метрополитен бошқармаси ва Киночилар уйи бузилаётгани ҳақда Озодлик хабар қилган.

Айни вақтда Озодлик суҳбатлашган меъмор ва мунаққидлар Киночилар уйидаги монументал деворий расм ва майолика панноларининг бузилишига қарши эканини билдирганлар.

Айнан Киночилар уйи биноси ичида рассом Баҳодир Жалолов тарафидан сграффити техникасида ишланган фреска мавжуд. Рассом Баҳодир Жалоловнинг ўзи 22 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда бу расм вайрон қилиниши юзасидан таассуфини билдирган эди.

Айни кўчада жойлашган ва Гулнора Каримова ташаббуси билан қурилган Фонд-форум биносининг бузилиши ҳақида гапирган санъатшунос Акмал Ризаев ҳам “халқ пулига ачинишини” таъкидлаган эди.

Шу тариқа кейинги кунларда жамоатчилик диққат марказида қолаётган бузилиш ва қурилишлар саҳнасини суратга олган 45 яшар журналист - Сид Янишев тахаллуси остида қатор маҳаллий ва халқаро ахборот агентликлари билан ҳамкорлик қилиб келаётган ўзбекистонлик оз сонли мустақил журналистлардан бири бўлган Саид Абдураҳимовдир.

Бунга қадар ҳам у бир неча бор ҳибсга олинган. Жумладан, 2015 йилнинг 28 июнида журналист Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Жиноят ишлари суди томонидан юз минимал ойлик - 9 миллион 600 минг сўм (қарийб 3 минг АҚш доллари - Таҳр.) миқдорида жаримага тортиб, унинг видео-аудио техникасини ҳам мусодара қилишга қарор қилди.

Бунга эса унинг ўша йили май ойида Fergana.ru сайтида босилган Тошкентдаги уйлар бузилиши ва уй эгаларининг ҳуқуқлари топталиши ҳақидаги мақоласи сабаб қилиб келтирилган эди.

Шу мақола асосида Сид Янишев Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 165-моддаси - "Фаолият билан лицензиясиз ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш" ҳамда 184-моддаси - "Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш мақсадида сақлаш" моддалари асосида айбланган.

Бундан ташқари, 2015 йилда у Тошкентнинг Олой бозоридаги пиëз сотувчиларини суратга олгани учун ҳам тақиқланган объектни суратга олган, деган сабаб билан жаримага тортилган эди.

Озодлик журналист тақдирини кузатишда давом этмоқда, янгиликларни сайтимизда кузатинг.

XS
SM
MD
LG