Самарқандлик тадбиркор Лазиз Қосимов жорий йил ëзда ишга туширган иссиқхонаси қопламасини 1 сентябрь кунги кучли шамол учириб юборди.
Қосимов иссиқхонани “Ҳамкорбанк”дан 350 миллион сўм кредит олиб Пастдарғом туманида сотиб олган эди.
“Agro Eco Invest Export” МЧЖси раҳбари Лазиз Қосимов кредит олиш жараëнида иссиқхонасини гаровга қўйган¸ гаровга қўйилган мулк эса¸ “ALSKOM” суғурта компаниясининг Самарқанд филиалида уч йилга суғурта қилинган.
Суғурта ҳақдаги шартномада “ALSKOM” иссиқхонага табиий офат оқибатида етказилган зарарни қоплаш мажбуриятини олганига қарамай¸ суғуртачи мулкига шамол етказган зиëнни қоплашдан бош тортмоқда.
“ALSKOM” ширкатининг Самарқанд филиали расмийлари¸ Озодлик саволини эшитиб¸ гўшакни илиб қўйди.
Суғурта шартномаси
Лазиз Қосимовнинг Озодликка айтишича¸ жорий йил ëзида “янгича иссиқхона услубида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва уларни чет давлатларга экспорт қилиш ниятида Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманида ишлаб турган иссиқхонани харид қилиб, уни инновацион усулга ўтказган ва “Agro Eco Invest Export” МЧЖ ташкил этиб фаолият бошлаган.
Иссиқхонани модернизация қилиш учун лозим харажатларни қоплаш мақсадида тадбиркор “Хамкорбанк”нинг Боғишамол филиалидан иссиқхонасини гаровга қуйиб¸ 350 миллион сўм кредит олган.
“Гаровга қўйиш вақтида мен АЖ “ALSKOM” суғурта компаниясининг Самарқанд филиали Боғишамол бўлинмасида гаровга қуйилган мол- мулкимни 2018 йил 9 июлдан 2021 йил 12 июлга қадар турли хил хавф-хатарлардан суғурталаб¸ суғурта полисини олган эдим”¸ дейди Озодлик билан 12 ноябрь куни гаплашган тадбиркор.
Тадбиркорга кўра¸ томонлар ўртасида тузилган 9-2/2-2/0051-сонли шартноманинг 3.1. бандида “ALSKOM” суғурта ҳодисаларига довул, бўрон, тўфон, тайфун, шторм ва қуюн ва ҳоказолардан объектга зарар етказилиш сабабли гаровга қўювчига зарарни қоплаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Шамолга дош беролмаган шартнома
“Agro Eco Invest Export” МЧЖсига қарашли иссиқхонада қишки помидор ва бодринг етиштирилаëтган бир пайтда¸ 2018 йилнинг 1 сентябрида юз берган кучли шамол иссиқхона қопланмасини йиртиб ташлаган¸ экилган ниҳолларни пайҳон қилган.
Тадбиркор Қосимов¸ табиий офатнинг иссиқхона устини вайрон қилгани акс этган видеоëзув билан бирга “ALSKOM” суғурта компаниясининг Самарқанд филиали Боғишамол бўлинмасига 1 сентябрнинг ўзидаëқ мурожаат қилган.
Баҳолаш компанияси шамол оқибатида иссиқхона қопламасига етказилган зарар миқдори бозор нархида 50 669 545 сўмни ташкил этиши ҳақида акт тузган ва бу ҳужжат суғурта ширкатига зарарни қоплаш учун тақдим этилган.
- Бироқ, ёзган аризам бўйича суғурта компаниясидан бирорта ҳам вакил келмади ва шу ҳақда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирмаганлиги сабабли, уларнинг офисларига бир неча маротоба борганимдан сўнг, улар менга асоссиз важларни келтириб, товон пули тўлаб бериш рад этилиши ҳақида 2018 йил 18 октябрда жавоб хати юборди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Қосимов.
“ALSKOM” бош директори ўринбосари Ф.Ҳасанов томонидан Қосимовга юборилган раддия хатида¸ 1 сентябрь кунги шамол тезлиги Гидрометереология хизмати томонидан секундига 11 м деб қайд қилингани ва суғурта ширкати фақат тезлиги секундига 16.6 м дан кам бўлган шамолдан етказилган зарарни қопламаслиги айтилган.
Бир-бирига уланган занжир муаммолар
“Agro Eco Invest Export” МЧЖси раҳбари Лазиз Қосимовга кўра¸ суғурта ширкатининг шартномада зиммасига олган мажбуриятни бажаришдан бўйин товлаши¸ тадбиркор ва унинг оиласи табиий офат натижасида тушиб қолган вазиятни янада ëмонлаштирган.
- Мен, оила аъзоларим билан бутун пул маблағларимни жамлаб тадбиркорлик фаолиятини қонун ҳужжатларига риоя этган ҳолда эндигина оёққа туриб, барча хавф-хатарлардан олдиндан суғурталаниб, тижорат бинкидан 350 млн кредит олиб, эндигина фойда олиш мақсадида иш бошлаганимда табиий офат натижасида етказилган зарарни ундиришдан бош тортиши мени банкрот ҳолатига олиб келиб, банкдан олинган кредит пулларни ўз вақтида тўлай олмаслигимга ва хонавайрон бўлишимга сабаб бўлмоқда¸ дейди Озодликка мурожаат қилган самарқандлик тадбиркор.
Суғуртачилар “футболи”
12 ноябрь куни Озодлик мухбири Лазиз Қосимов шикоятига муносабат билдиришни сўраб¸ “ALSKOM” суғурта компаниясининг Самарқанд филиалига қўнғироқ қилди.
Биринчи уланишда гўшакни кўтарган йигит¸ бу масалада гапиришга ваколатли ҳамкасбини чақириб беришни билдирди. Аммо бу ходим кимнидир “Лазизнинг иши бўйича Озодликдан телефон қилишаяпти”¸ деб чақиришидан саноқли секундлар ўтиб-ўтмай¸ гўшак илиб қўйилди.
Иккинчи марта айни номерга боғланганимиздан сўнг¸ “ALSKOM” суғурта компаниясининг Самарқанд филиали бошқа бир ходими¸ саволни эшитиб¸ гўшакни илиб қўйди.
Учинчи марта боғланганда гўшакни кўтарган суғурта ходими¸ иш соати тугагани боис (маҳаллий вақт билан соат 18:10) саволларга жавоб берилмаслигини билдирди ва бу каби саволларга фақат компаниянинг бош офисигина жавоб беришга ваколатли эканини қўшимча қилди.
“ALSKOM” суғурта компанияси матбуот хизмати ва раис қабулхонасига Тошкент вақти билан соат 6 дан кейин қилинган қўнғроқларга ҳеч ким жавоб бермади.
Расмий сайтида устав фонди 15¸1 миллиард сўмни ташкил этиши айтилган “ALSKOM” АЖси акционерлари Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва унинг такибига кирувчи корхоналар¸ шунингдек¸ Ўзбекистондаги айрим тижорат банклари (хусусан¸ Қосимовга 350 миллион сўмлик кредит берган “Ҳамкорбанк) ва оффшорда рўйхатга олинган¸ асл эгаси яширин ширкатлардир.