Линклар

Шошилинч хабар
26 Sentabr 2026, Toshkent vaqti: 02:58

Каспийдаги машқларда 14 ҳарбий ҳалок бўлди: беш мансабдор ушланди, Қозоғистонда мотам эълон қилинди

Учения Военно-морских сил Казахстана на Каспийском море
Учения Военно-морских сил Казахстана на Каспийском море

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида ўтказилган ҳарбий-денгиз машқлари пайтида 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Фожиа юзасидан Мудофаа вазирлигининг беш нафар мансабдори ушланган. Мамлакатда 25 сентябрь умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди.

24 сентябрь куни Қозоғистон Ҳарбий-денгиз кучлари ўқув-жанговар топшириқни бажараётганда об-ҳаво кескин ёмонлашиб, шамол кучайган. Манғистау вилояти ҳокимлиги маълумотига кўра, 17 нафар ҳарбий хизматчини денгизга оқизиб кетган. Уч киши қутқарилган. Бедарак йўқолган сўнгги икки ҳарбийнинг жасади 25 сентябрда топилгач, қидирув ишлари якунлангани эълон қилинди.

Дастлаб Мудофаа вазирлиги 19 киши денгизга оқизиб кетилгани ҳақида хабар берган, кейинроқ бу рақам 17 нафар деб аниқлаштирилган. Қутқарилган ҳарбийлардан бири шифохонага ётқизилган; 24 сентябрь оқшомида маҳаллий соғлиқни сақлаш бошқармаси унинг аҳволини оғир, аммо барқарор деб баҳолаган.

Тергов нимани ўрганмоқда?

Қозоғистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, машқлар учун масъул айрим мансабдорлар об-ҳаво шароитини ҳисобга олган ҳолда етарли назорат ва хавфсизлик чораларини таъминламаган, қутқарув ишларини ҳам лозим даражада ташкил этмаган бўлиши мумкин. Бу тергов версияси; фожианинг аниқ сабаби ҳали белгиланмаган.

Ички ишлар вазирлиги беш нафар мансабдор ушланганини билдирди. Улар — Қуролли кучлар Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондонининг биринчи ўринбосари, яъни штаб бошлиғи, икки ҳарбий қисм қўмондони, денгиз пиёдалари ротаси қўмондони ва катер командири.

Терговчилар машқни ўтказиш ҳақидаги қарорлар қандай қабул қилингани, хавфсизлик талабларига риоя этилгани, гидрометеорологик шароит қандай баҳолангани ва катернинг техник ҳолатини текширмоқда. Хизматга совуққонлик билан қараш ҳамда кемани бошқариш қоидаларини бузиш бўйича икки жиноят иши қўзғатилган. Ушланган мансабдорларнинг айби судда исботлангани ҳақида маълумот йўқ.

Фожиа оқибатларини бартараф этиш ишларини мувофиқлаштириш учун Манғистау вилоятига бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбоев бошчилигидаги ҳукумат комиссияси юборилган. Унинг таркибига мудофаа, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва бошқа идоралар вакиллари кирган.

Мотам ва ҳамдардлик

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, 25 сентябрни умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Ҳукумат уларнинг оилаларига моддий ва психологик ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Тоқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик йўллади. У ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат тилаган. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам фожиа муносабати билан ҳамдардлик билдирган.

Каспийдаги аввалги фожиа

Бу Каспий денгизидаги машқларда ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган биринчи ҳолат эмас. 2015 йилда Ақтау яқинидаги «Марказ — 2015» машқлари чоғида кучли шамолда бронетранспортёрлар чўкиб, тўрт ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Ўша иш бўйича қоидаларга риоя этилмагани, тайёргарлик ва назорат етарли бўлмагани аниқланган.

2016 йилда Ақтау гарнизони ҳарбий суди олти нафар ҳарбий хизматчига ҳукм чиқарган. Уларнинг барчаси 2017 йил февралида амнистия асосида жазони ўташдан озод қилинган.

​
XS
SM
MD
LG