Туркманистоннинг шимолидаги Дашовуз вилоятида ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларда ўзбек SIM-карталаридан фойдаланаётган аҳолини аниқлаш бўйича рейдлар ўтказмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизмати — хабар қилди.
Рейдлар ўзбек мобил алоқа операторлари сигналлари етиб борадиган аҳоли пунктларини қамраб олган. «Азатлик» маълумотига кўра, полиция ўзбек SIM-карталарини мусодара қилмоқда, улар эгалари эса жаримага тортилмоқда.
«Маҳаллий полиция ўзбек интернетидан кимлар фойдаланаётганини аниқламоқда. Уларга 50 минг манатгача жарима (расмий курс бўйича тахминан 14 минг доллар) ёки қамоқ билан таҳдид қилинмоқда», — деган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Унинг айтишича, чегара ҳудудида яшовчилар туркман мобил оператори интернети умуман ишламаслиги ёки жуда сустлиги сабабли ўзбек SIM-карталаридан фойдаланишга мажбур.
«Азатлик» ягона туркман мобил операторидан ушбу ҳудуддаги алоқа хизмати сифати юзасидан расмий изоҳ ола олмаган. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият ва полиция ҳам рейдлар сабаблари бўйича изоҳ бермаган.
Манбаларга кўра, рейдлар шу ой бошида Гўрўғли туманида содир бўлган фожиали воқеадан кейин бошланган. Ўшанда бир эркак олти нафар фарзандини ўлдириб, сўнг ўз жонига қасд қилган эди.
«Фожиа ҳақидаги хабар мустақил интернет нашрларида эълон қилинганидан кейин полиция ва Миллий хавфсизлик вазирлиги ахборот ўзбек SIM-карталари орқали тарқатилган, деган хулосага келган», — деган манба.
Дашовуздаги манбаларнинг билдиришича, полицияда хорижий SIM-карталарни аниқлайдиган махсус ускуналар йўқ. Улар асосан Ўзбекистонга бориб келган қўшнилари ёки танишлари ҳақида хабар берадиган маҳаллий ахборот берувчиларга таянади.
Туркманистонда алоқа хизматлари сифати узоқ йиллардан бери танқид қилиб келинади. Мамлакатда телефон қўнғироқлари узилиши, SMS хабарлар кечикиши ва интернет тезлигининг пастлиги ҳақида тез-тез шикоятлар билдирилади. Кўплаб интернет ресурслари блоклангани боис ижтимоий тармоқларга кириш учун VPN хизматларидан фойдаланишга тўғри келади.