Сирдарё вилоятида суд 18 ёшли жинсий таъқиб қурбонини ёрдам сўраб бақиргани учун жаримага тортди. Қиз собиқ мураббийининг шаҳвоний ҳаракатларидан ўзини ҳимоя қилишга уринган. Бу ҳақда аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашувчи NeMolchi.uz лойиҳаси хабар қилди.
Лойиҳа маълумотига кўра, 17 июль куни маҳаллий спорт мактабининг 26 ёшли мураббийи С. Ҳ боғда собиқ шогирдини учратиб, унга жинсий алоқа қилишни таклиф этган. NeMolchi.uz ёзишича, С. Ҳ қизга нисбатан шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатлар қилган. Бунга жавобан қиз уни тўхтатиш учун бақириб юборган ва улар ўртасида жанжал чиққан.
Суд С. Ҳ ни жинсий таъқиб қилгани учун беш суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Бироқ жабрланувчи ҳам жавобгарликка тортилди. Суд уни майда безориликда, жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини менсимасликда ҳамда фуқаролар тинчлигини бузишда айбдор деб топиб, 1 миллион 236 минг сўм (тахминан 103 доллар) жарима тўлашга мажбур қилди.
«Суд, кўринишидан, бир муҳим саволни умуман кўриб чиқмаган: агар қиз шовқин кўтармаганида, собиқ мураббий қанчалик узоққа бориши мумкин эди? Унинг бақириши анча оғирроқ оқибатларнинг олдини олиш учун мавжуд бўлган ягона чора эди», — дейилади NeMolchi.uz баёнотида.