Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2021, Тошкент вақти: 05:39

Халқаро хабарлар

Вашингтон Россияни АҚШ вакциналари ҳақида “дезинформация” тарқатаётганликда айблади

АҚШ Давлат департаменти расмийси Нед Прайс

Вашингтон COVID-19 га қарши АҚШда ишлаб чиқарилган вакциналарга ишончни сўндиришга қаратилган дезинформация кампанияси олиб бораётган Россияни танқид қилиб чиқди. Қўшма Штатлар бу кампанияга қарши “барча мавжуд воситалар” билан курашишга ваъда берди.

“Россия ўзининг эски найрангларидан фойдаланиб, ҳар куни одамлар ҳаётини сақлаб қолётган вакциналар тўғрисида нотўғри маълумот тарқатиб, кишилар ҳаётини хатар остига қўяётгани очиқ-ошкор кўриниб турибди”, дея билдирди АҚШ Давлат департаменти расмийси Нед Прайс 8 март куни журналистлар қаршисида сўзларкан.

Бу баёнотдан бир кун аввал Wall Street Journal газета Давлат департаментининг бўлинмаси бўлмиш Ўзаро ҳамкорлик глобал маркази хулосаларини ёйинлаган, мақолада мувофиқлаштирилган кампанияда иштирок этаётган тўртта онлайн-платформа ортида Россия разведка хизматлари тургани қайд этилганди. WSJ сайтлар АҚШнинг Pfizer вакцинаси билан боғлиқ хатарлар бўрттириб кўрсатувчи материаллар эълон қилаётгани, шу билан Россиянинг “Спутник V” вакцинаси ишлаб чиқарилишини дастаклашга уринаётгани ҳақида ёзган. Унда айтилишича, сайтлар вакциналарга нисбатан салбий муносабат акс этган халқаро хабарларга эътибор қаратиб, препаратларнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги хусусида маълумот бермаяптилар.

Нед Прайс сайтлар “АҚШ озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари сифатини санитар назорат қилиш бошқармаси томонидан ҳозирги кунда маъқулланган икки вакцина ҳақида” дезинформация тарқатаётганини таъкидлаган.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки брифинг чоғида: “[АҚШ] тасарруфида мавжуд бўлган барча воситалар билан [дезинформацияга қарши] курашади”, дея билдирган.

Кун янгиликлари

АҚШ элчиси: Байден ва Путин Навальнийнинг заҳарланишини муҳокама қилди

Жо Байден  ва Владимир Путин.

АҚШ президенти Жо Байден Владимир Путин билан телефон мулоқотида россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийга қилинган суиқасдни тилга олган. Бу ҳақда АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан 16 апрелдаги баёнотида маълум қилди.

Давлат раҳбарларининг суҳбати бир неча кун олдин бўлиб ўтган эди. Оқ уй ва Кремлнинг расмий хабарларида мулоқотда Навальний муҳокама қилингани ҳақида лом-мим дейилмаган.

Вашингтон мухолифатчини заҳарлашдаги эҳтимолий иштироки учун Россияга қарши санкцияларни кучайтириши кутилмоқда.

Элчи ўз баёнотида Навальний ҳақидаги суҳбат тафсилотларига тўхталмаган. Фақат президент Байден Россиянинг ёмон ният кўзланган хатти-ҳаракатлари, жумладан Навальнийни кимёвий қурол билан заҳарлашидан жиддий ташвишда эканини билдирган.

Шунингдек, баёнотда Вашингтон томонидан яқинда Россияга қарши янги санкциялар жорий этилишига сабаб бўлган бошқа муаммоли масалалар ҳам тилга олинган.

Байден Россия президенти Путин билан 13 апрель куни суҳбатлашди. Кремль хабарига кўра, суҳбат Америка тарафи ташаббуси билан бўлган.

Байден эса кейинроқ махсус мурожаатномасида Путин билан “очиқча гаплашгани” ва, Россия Америка демократиясига дахл қилишда давом этса, янада қатъий чоралар кўришга тайёрлиги ҳақида уни огоҳлантирганини айтганди.

АҚШ кеча Россияга қарши жорий қилган санкциялар сирасига Навальнийга суиқасд қилганлик учун жазо чоралари киритилмаган. Аммо жанговар кимёвий моддаларни қўллаганлик учун жазо чоралари аввал эълон қилинган санкциялар тўпламида қайд этилган.

Америка қонунчилигига кўра, президент ёз фасли бошларида Москвага қарши санкцияларни кенгайтиришга мажбур. Агарда Москва мухолифатчига нисбатан кимёвий қурол қўлланилгани фактини тан олмаса ва вазиятни назорат қилиш учун халқаро инспекторларнинг келишига изн бермаса, чекловлар муқаррар кучайтирилади.

Аммо Россия ҳукумати “Новичок” моддаси қўлланилгани тугул, ушбу заҳарнинг мавжудлигини ҳам инкор этиб келади.

АҚШ: Индианаполисда юз берган отишмада 8 киши ҳалок бўлди

АҚШнинг Индианаполис шаҳрида содир бўлган отишмада саккиз киши ўлган, камида тўрт киши жароҳатланган. Жароҳат олганлардан бирининг аҳволи оғирлиги айтилади.

Отишма шаҳарнинг ғарбий қисмида, FedEx курьерлик ширкати омборхонасида юз берган. Полиция маълумотига кўра, ўқ узган одам ўз жонига қасд қилган. Воқеа сабаблари ўрганилмоқда.

Отишма юз берган FedEx биноси аэропортга яқин жойда жойлашган. Воқеадан сўнг автомагистрал бир оз вақтга ёпиб қўйилган эди. Ҳозирда аэропортга элтувчи барча йўллар очиқ.

Статистикага кўра, жорий йилда АҚШда 12 минг нафардан ортиқ киши ўқотар қуролли ҳужумга йўлиқиб, шулардан қарийб 150 нафари ҳалок бўлган.

Ўтган йили 43 мингдан зиёд киши вафот этган бўлса, шундан 610 нафари қуролли ҳужумлар натижасида оламдан кўз юмган.

Президент Жо Байден ўқотар қуроллар савдосини чеклаш юзасидан чоралар кўрилишини айтган.

Украина Россия тажовузига қарши Ғарбдан қўшимча амалий ёрдам сўради

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 15 апрель куни Киевда ўтказилган матбуот анжуманида

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 15 апрель куни Ғарб мамлакатларини Киевга дастакни кучайтиришга чақирди. Мулозимга кўра, Украина чегаралари яқинида Россия қўшинлари тўпланаётгани ортидан юзага келган таранглик қабатида Ғарб томонидан “сўз билан қўллов етарли эмас”дир.

Болтиқбўйилик ҳамкасблари билан музокаралардан кейин чиқиш қилган Кулеба Эстония, Латвия ва Литва расмийларини Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлган бошқа мамлакатларга ҳам Киевга “амалий ёрдам бериш” таклифи билан мурожаат қилишга чақирди. Кулеба Москвани “Украинага уруш ҳамда давлатчилигини йўқ қилиш билан очиқдан-очиқ таҳдид қилаётганлик”да айблади ҳамда Россияга унинг Украина шарқидаги хатти-ҳаракатлари “жуда оғриқли” оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатиб қўйиш лозимлигини билдирди.

Болтиқбўйи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Украина билан бирдам эканларини билдиришиб, Москвани вазиятни таранглик даражасини пасайтиришга чақиришди.

Украина президенти Владимир Зеленский 16 апрель куни Франция президенти Эммануэль Макрон билан маслаҳатлашув ўтказиши кутилмоқда. Видеоалоқа орқали ўтказилажак суҳбатда Германия канцлери Ангела Меркель ҳам иштирок этиши мумкинлиги айтилмоқда.

Интернетда гувоҳлар томонидан яқинда ёйинланган фото ва видеолар Россия аскарларининг Қримга ҳамда Украина чегарасига кетаётганидан далолат беради.

Туркманистон президенти Халқ Маслаҳати жиловини ҳам ўз қўлига олди

Бердимуҳаммедов бунга қадар президентликдан ташқари Туркманистон бош вазири лавозимини ҳам эгаллаган эди.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов яқиндагина ташкил этилган парламент юқори палатаси - Халқ Маслаҳати раиси лавозимига бир овоздан сайланди.

Бунга қадар у президентликдан ташқари Туркманистон бош вазири лавозимини ҳам эгаллаган эди.

14 апрель куни Туркманистон матбуоти Бердумуҳаммедов “яширин овоз бериш йўли билан мазкур лавозимга сайлангани” ҳақида ёзди.

Халқ Маслаҳатининг биринчи йиғилишида Бердимуҳаммедов шахсан ўзи яна саккизта сенаторни тайинлади. Бу билан сенаторлар сони 56 кишига етди. Қолган 48 сенатор март ойининг охирларида “сайланган” эди.

28 март куни Туркманистонда янги ташкил этилган сенатга биринчи сайловлар бўлиб ўтди. Сайловчилар мамлакат бўйлаб олтита сайлов участкасида овоз беришлари учун бор-йўғи икки соат вақт берилди.

Туркманистон ҳукумати овоз бериш тугаганидан кейин бир неча соат ўтиб, аҳолиси 5,8 миллион мамлакатда сайлов ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг 98,7 фоизи овоз берганини иддао қилди.

Чет эллик кузатувчиларга сайлов участкаларини кузатишга изн берилмаган.

Байден 11 сентябргача АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқарилишини билдирди

Афғонистондаги НАТО ҳарбийлари.

Президент Жо Байден жорий йилнинг 11 сентябригача АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан тўлиқ олиб чиқиб кетилишини билдирди. 2021 йилнинг 11 сентябрида 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қилинган йирик террор ҳужумига 20 йил бўлади.

“Америка олиб бораётган энг узоқ урушга нуқта қўйиш пайти етиб келди. Америка қўшинлари уйларига қайтиши лозим”,-деди 14 апрель куни Оқ уйда қилган чиқишида Байден.

Унга кўра, Афғонистонда қолган 2500 АҚШ ҳарбийсини олиб чиқиш жараёни 1 майдан бошланади.

“Биз қўшинларимизни олиб чиқиб кетишга шошилмаймиз. Бу ишни масъулият ва хавфсизликни ҳис қилган ҳолда иттифоқчиларимиз билан тўлақонли равишда келишган ва мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширамиз”,-деди Байден.

АҚШ президенти Покистон, Ҳиндистон, Хитой, Россия ва Туркияни Афғонистондаги жараёнларда иштирок этишга чақирди.

Байден Афғонистон ҳукуматини ҳарбий соҳадан ташқари барча йўналишларда қўллаб-қувватлашда давом этишини айтди.

Сўнгги бир сутка ичида COVID-19 дан жаҳонда 10 мингдан кўп бемор вафот этди

АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 31 миллионга яқинлашди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, 14 апрель ҳолатига кўра, жаҳонда коронавирус юққанлар сони 136 миллион 996 минг кишидан ошиб кетганини билдирди. Беморлардан 2 миллион 951 мингги вафот этган.

Сўнгги бир сутка ичида дунёдаги 679 003 кишида коронавирус аниқланди, улардан 10 367 нафари ўлди.

Жаҳондаги коронавирус статистикасини олиб бораётга АҚШдаги Жонс Хопкинс университети эса, ўтган йили пандемия бошланганидан то шу йилнинг 15 апрелигача 138 миллион 259 минг киши коронавирусга чалингани, улардан 2 миллион 972 мингдан кўпроғи вафот этгани ҳақида билдирди.

Коронавирус беморлари сони бўйича АҚШ жаҳонда биринчи ўринда турибди. АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 31 миллионга яқинлашди.

Иккинчи ўринда Ҳиндистон (13,873 миллиондан ортиқ), учинчи ўринда Бразилия (13,517 миллиондан ортиқ), тўртинчи ўринда Франция (5,026 миллиондан ортиқ), бешинчи ўринда эса Россия (4,666 миллиондан ортиқ) бормоқда.

ЖССТ маълумотларига кўра, 13 апрель ҳолатига кўра дунё бўйича коронавирусга қарши 733 миллион 287 мингдан ортиқ доза вакцина қўлланилган.

Япония расмийлари 2021 йил ёзида Токиодаги олимпиада бекор қилиниши мумкинлигини истисно қилмаяпти

Япония расмийлари 2021 йил ёзида Токиодаги Олимпия ўйинлари бекор қилиниши эҳтимолдан ҳоли эмас, деган фикрдалар. Бу ҳақда, Reuters хабарига кўра, ҳукмрон Либерал-демократик партия бош котиби Тосихиро Никаи маълум қилган.

Никаи, агар коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашиб, COVID-19 га чалинганлар сони ўсишда давом этса ҳамда Олимпия ўйинларини ўтказиш жуда қийинлашиб кетса, мусобақаларни бекор қилиш мумкин.

Аҳолининг эмланиши учун масъул бўлган вазир Таро Коно “Асахи” телеканали эфири орқали ёзги Олимпия ўйинлари Токиода ҳеч бир томошабинсиз ўтиши мумкинлигини билдирган. Аввалроқ ташкилотчилар мусобақаларни хорижлик ишқибозларсиз ўтказишга оид қарор қабул қилгандилар.

Токиодаги ёзги Олимпиада ўтган йили бўлиб ўтиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли ўйинлар 2021 йил июлига кўчирилган.

Апрель ойида Kyodo агентлиги томонидан ўтказилган сўров натижалари сўралган японияликларнинг 72 фоизи Токиодаги Олимпия ўйинлари пандемия туфайли бекор қилиниши ёки бошқа вақтга қолдирилишини истаётганини кўрсатган.

АҚШ нашрлари Байден Россияга қарши санкция киритишга оид фармон ҳозирлаганини ёзмоқда

АҚШ президент Жо Байден

Қўшма Штатлар президенти Жо Байден маъмурияти 15 апрель куни Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этиш ниятида. Бу ҳақда АҚШ нашрлари Оқ уйдаги ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар тарқатишди.

Президент Жо Байден ҳозирлаган фармонга мувофиқ, АҚШ банкларига Россия банки, Молия вазирлиги ҳамда Миллий фаровонлик жамғармасидан давлат облигацияларини сотиб олиш тақиқлаб қўйилади. Бундан ташқари, АҚШдан 10 нафар россиялик дипломат бадарға қилиниши кутиляпти, улардан айримлари Афғонистондаги америкалик ҳарбийларнинг ўлдирилиши учун мукофот пули тўлашга алоқадорлиги айтилмоқда.

Санкциялар Россиянинг АҚШ сайловларига аралашгани, киберҳужумлар уюштиргани ва Қримни аннексия қилиб олганига жавобан жорий этилади.

Россия Ташқи разведка хизмати АҚШ давлат муассасалари ва мудофаа корпорациялари компьютер тизимларига ноқонуний кирилган ҳамда Solar Winds деб номланган амалиёт учун айбдор экани қайд этилган.

Март ойи ўртасида АҚШ махсус хизматлари Россиянинг АҚШда 2020 йили бўлиб ўтган президент сайловига аралашганига оид ҳисобот ёйинлаганлар. Ўша пайтда ABC News’га берган Байден президент сайловига аралашгани учун Путин “бадал тўлаши”ни билдирганди.

Россия расмийлари бошқа мамлакатлардаги сайловларга аралашувга алоқадорликларини доим инкор қилиб келганлар.

Қозоғистонда бир суткада коронавирусдан 26 киши ўлди

Қозоғистондаги коронавирус марказларидан бири.

Қозоғистонда 13 апрель куни 2 229 та коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Бир кун олди бутун мамлакат бўйлаб 2 016 та вирус юқтириш ҳолати қайд этилганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда ўтган йилнинг март ойида эпидемия бошланганидан бери жами 276 054 та коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолати қайд этилган.

1 августдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб 51 539 та номаълум вирусни юқтириш ҳолати қайд этилган.

Душанба куни 26 та ўлим қайд этилган. Вафот этганларнинг бештаси топширган COVID-19 тести салбий натижа берган.

Аммо салбий тест натижаларига қарамай, уларда касалликнинг клиник кўринишлари мавжуд бўлган. 12 апрель куни тести салбий чиққан 130 беморга «ковидсимон пневмонияси» ташхиси қўйилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 2020 йил мартидан бери коронавирусдан 3 286 киши, «ковидсимон пневмониядан» 736 киши нобуд бўлган.

Қозоғистон бўйлаб COVID-19 ва «пневмониядан» ўлганларнинг умумий сони, расмий маълумотларга кўра, 4022 га етган.

CPJ Қирғизистон референдумини ёритган журналистларга таъқибларни тергов қилишга чақирди

Қирғизистонда 11 апрель куни Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists, CPJ) Қирғизистон ҳукуматини 11 апрель куни мамлакат бўйлаб ўтказилган умуммиллий референдумни ёритган мустақил нашрлар журналистлари таъқиб қилинганини тергов қилишга чорлади.

Оммавий ахборот воситалари эркинлигини кузатиб борувчи ташкилоти 13 апрель куни эълон қилган баёнотда полиция Ўш шаҳрида ва пойтахт Бишкекда овоз бериш жараёнини ёритаётган камида тўрт журналистни ҳибсга олгани эътироф этилди. Шунингдек, Ўшда камида бир журналистга сайловни кузатаётганлар ҳужум қилган.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё дастури координатори Гулноза Саид Қирғизистон ҳукумати полиция журналистларни ҳибсга олганини тергов қилиши ва «барча матбуот аъзолари давлат аҳамиятига эга воқеаларни эркин ва хавфсиз тарзда ёритиб боришини» таъминлаши кераклигини айтди.

«Агар Қирғизистондаги сайловлар эркин, адолатли ва қонуний деб топилиши учун журналистлар уларни эркин ва қамоқ ва таъқиблардан қўрқмаган ҳолда ёрита олиши керак», - деди у.

ХВЖ Туркманистон ҳукумати маълумотларидан фойдаланишдан бош тортди

Ашхабод дўконлари бир ҳил турдаги озиқ-овқат билан тўла.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ўзининг 2020 йилги Жаҳон иқтисодий ўсиш истиқболлари бўйича расмий ҳисоботида Туркманистон ҳукумати берган расмий маълумотлардан фойдаланишдан бош тортди. Бу ҳақда Озодлик радиосининг туркман хизмати хабар қилди.

Ташкилот ҳисоботида Туркманистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 0,8 фоизни ташкил этгани кўрсатилган. Туркманистон ҳукумати маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 5,9 фоизни ташкил этади.

Глазго университети профессори, Марказий Осиё бўйича мутахассис Лука Анчески ХВЖ Туркманистон иқтисодиёти бўйича ўз рақамларини эълон қилганини «бурилиш нуқтаси» деб баҳолади.

Унинг сўзларига кўра, бугунга қадар Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки каби ташкилотлар ўз ҳисоботларида Туркманистон ҳукумати маълумотларига таяниб, мамлакатдаги ҳақиқий ҳолатини акс этмайдиган рақамларни эълон қилиб келади.

Сўнгги бир неча йил давомида Озодлик ва бошқа мустақил нашрлар Туркманистон иқтисодий таназзулга юз тутгани ҳақида хабар бериб келади. Хабарларга кўра, мамлакатда озиқ-овқат тақчиллиги юзага келган, нархлар мунтазам равишда ошиб бормоқда, банкоматлардан нақд пул олишда қийинчиликлар юзага келган.

11 март куни бўлиб ўтган йиғинда авторитар президент Гурбангули Бердимуҳамедов глобал иқтисодиётда беқарорлик юзага келган бўлишига қарамай, Туркманистондаги макроиқтисодий кўрсаткичлар «барқарор» бўлиб қолаётганини таъкидлади.

АҚШда оқ танли полициячи афроамерикаликни ўлдиргани ортидан бошланган норозилик намойишлари тинчимаяпти

АҚШдаги намойишчилардан бири.

АҚШнинг Миннеаполис шаҳрида уч кундан бери норозилик намойишлари тўхтамаяпти. Намойишлар 11 апрелда оқ танли полициячи афроамерикалик 20 ёшли Даунт Райтни отиб қўйгани ортидан бошланиб кетган.

13 апрель куни кеч шаҳар полицияси тартибсизликларга айланиб кетган намойишларни бостириш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни қўлланди.

Полиция маълумотларига кўра, намойишчилар полиция идораси атрофидаги тўсиқни бузмоқчи бўлган. Натижада полиция бир соат ичида намойишчиларни қувиб юборган, матбуот вакилларига ҳам воқеа жойини тарк этишни буюрган.

Бруклин маркази мэри Майк Эллиотт Райтни отиб ўлдирган оқ танли полиция ходими Ким Поттер ҳамда унинг бошлиғи Тим Ганнон истеъфога чиққани, шунинг учун шаҳар тинчланишига умид қилишини айтди.

12 апрель куни Ганнон Поттер адашиб тазери, яъни электрошокери ўрнига қуролини ишлатганига ишонганини айтди.

АҚШ разведкаси бошлиқлари миллий хавфсизликка таҳдидлар тўғрисида кўрсатма беради

Вашингтон. Капитолий биноси.

14 апрель куни АҚШ разведкаси бошлиқлари Сенатнинг Разведка қўмитаси олдида мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдидлар тўғрисида кўрсатма беради. Кун тартибида Россия, Эрон, Хитой ва Шимолий Корея туғдираётган хавфлар бўлиши кутилмоқда.

Разведка қўмитасининг глобал таҳдидлар бўйича эшитишларида Марказий разведка бошқармаси, Федерал қидирув бюроси, Миллий разведка идораси, Миллий хавфсизлик агентлиги ва мудофаа разведкаси агентликлари раҳбарлари қатнашади.

15 апрель куни Намоёндалар палатасида ҳам айни мавзуда эшитиш ўтказилади.

Бу каби эшитишлар давомида АҚШ разведкаси миллий хавфсизлик билан боғлиқ таҳдидлар ва муаммолар ҳақида сўзлаб беради.

Эшитишлар давомида миллий хавфсизликка турли таҳдидлар, жумладан, ўтган йили АҚШдаги давлат ва хусусий компаниялар тармоқларига қилинган хакерлик ҳужуми ҳамда Байден маъмуриятининг Эрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувга АҚШни қайтариш бўйича олиб бораётган музокаралари кўриб чиқилади.

Германия Украина чегарасида қўшин тўплаётган Россияни провокацияда айблади

Украина ҳарбийлари.

Германия Россияни ишғол қилинган Қрим ярим оролида ва Украина билан чегарадош ҳудудда қўшинларини тўплаш орқали провокация келтириб чиқаришга уринишда айблади.

Ижтимоий тармоқларда улашилган бир неча видеода Россиянинг оғир ҳарбий техника ортилган колонналари Украина билан чегарадош ҳудудларга кетаётгани акс этгани айтилмоқда.

14 апрель куни Германия Мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр ARD телеканалига берган интервьюсида:

«Мен олган таассурот шуки, Россия томони реакция қўзғатиш учун барча чораларни синаб кўрмоқда.Украина билан бир қаторда биз бу ўйинга кирмаймиз. Россия ўз ҳаракатларини давом эттириш учун баҳона топиш мақсадида НАТО реакциясини кутмоқда», - деди у.

Шунингдек, Крамп-Карренбауэр Москванинг ушбу ҳарбий ҳаракатлар НАТО солаётган «таҳдидларга» жавоб экани ҳақидаги даъволарига шубҳа билдирди.

«Агар бу Россия томони айтаётган манёвр бўлса, [улар ҳақида] шаффофлик ва ишонч яратиш мумкин бўлган халқаро тартиблар мавжуд», - деди у.

Байден билан Путин ўртасида телефон мулоқоти ўтказилди

АҚШ президенти Жо Байден (ч) ва Россия президенти Владимир Путин (ў).

АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан телефон суҳбати ўтказган. Унда АҚШ ва Россиянинг қуролланиш устидан назорат ва хавфсизлик масалалари соҳасида стратегик барқарорликка оид мулоқотни давом эттириш дохил минтақавий ва глобал масалалар муҳокама қилинган. Суҳбат чоғида стратегик қуролларни қисқартириш тўғрисидаги шартнома муддатини узайтириш масалалари ҳам сўзлашилган. Бу ҳақда Оқ уй сайти маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, президент Байден Россиянинг киберҳужумлар ва сайловларга аралашиш каби хатти-ҳаракатларига жавобан АҚШ ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш учун қатъийлик билан ҳаракат қилишига очиқ ишора қилган.

Президент Байден АҚШ Украина суверенитети ва унинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ғоясига ҳеч оғишмай содиқ қолишини таъкидлаган. У оккупация қилинган Қрим ва Украина чегараси яқинида россиялик ҳарбийлар тўплана бошлаганидан ташвиш изҳор қилиб, Россияни таранглик даражасини пасайтиришга чақирган.

Байден Қўшма Штатларнинг Россия билан АҚШ манфаатларига мос равишда барқарор муносабатлар қуриш истагини тасдиқлаб, яқин ойлар ичида АҚШ ва Россия олдида турган барча масалаларни муҳокама қилиш учун учинчи мамлакат ҳудудида икки мамлакат лидерларининг учрашувини ўтказишни таклиф қилган.

Владимир Путиннинг Жозеф Байден билан телефон орқали сўзлашганига оид маълумот Кремль сайтида ҳам ёйинланган. Унда суҳбат АҚШ томони ташаббусига кўра ўтказилгани қайд этилган. Айни пайтда хабарномада “ суҳбат чоғида Россия-АҚШ муносабатларининг амалдаги ҳолати ҳамда халқаро кун тартибининг айрим долзарб жиҳатлари атрофлича муҳокама қилингани” айтилган.

Хабарномада глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим йўналишлари бўйича мулоқотни давом эттиришга ҳар икки тараф тайёр эканини билдирганига эътибор қаратилган. Москва қайдича, бу фақат Россия ва АҚШ манфаатларигагина эмас, бутун дунё ҳамжамияти манфаатларига ҳам мос бўлиши лозим.

АҚШ қўшинлари Афғонистондан шу йил 11 сентябригача олиб чиқиб кетилади

Кобулдаги савдо расталари жойлашган кўча, 2021 йил 12 апрели

АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондаги америкалик ҳарбийларнинг барчасини 2021 йил 11 сентябрига олиб чиқиб кетилишини эълон қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда АҚШ матбуотига расмий манбалар маълум қилган. Шу тариқа, Вашингтон май ойигача АҚШ аскарларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш бўйича ўтган йили зиммасига олган мажбуриятни бажаролмай қолади. Ҳарбийларни 2021 йил май ойигача олиб чиқиб кетишга оид келишувга ўтган йили Дональд Трамп ҳокимият тепасида бўлган пайтда толиблар билан музокаралар натижасида эришилганди.

Аввалроқ Байден 1 майгача ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш қийин бўлишини эътироф этган. АҚШ ва НАТО вакиллари илгари бир неча бор толиблар Афғонистонда зўравонлик даражасини пасайтириш бўйича ўз ваъдаларини бажармаганини билдирган. Толиблар, агар улар Афғонистондан олиб чиқишга ҳозирлик кўрилаётган пайтда АҚШ қўшинларига ҳужум қилишда давом этсалар, муносиб жавоб зарбаси олишларидан огоҳлантирилганлар.

АҚШ ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш бўйича белгиланган янги муддат 2001 йил 11 сентябрида Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази ҳамда Вашингтондаги Пентагон биносига қилинган террор ҳужумининг 20 йиллигига тўғри келмоқда.

Жо Байден АҚШ аскарларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишнинг янги муддатига оид расмий баёнот билан 14 апрель куни чиқиш қилиши кутиляпти.

Қирғизистон: Сайлов натижаларидан норози коммунистлар очлик акцияси ўтказмоқчи

Бишкекдаги МСК биноси олдида ўтказилган митингдан лавҳа, 2021 йил 12 апрели

Маҳаллий кенгашларга сайлов натижаларидан норози бўлган партиялари вакилларининг очлик акцияси 14 апрель куни бошланади. Бу ҳақда 13 апрель куни Бишкекдаги Марказий сайлов комиссияси биноси олдида ўтказилган митинг чоғида Қирғизистон Коммунистлар партияси раисининг ўринбосари Рисбек Тўйбеков маълум қилди.

“14 апрель куни партиямиз вакиллари бу ерда чодир ўрнатишади, биз очлик эълон қиламиз. Акция 3 кун давом этади. Қулоқ солмаётганларидан кейин биз бундай қадамга боришга мажбурмиз”, дея иқтибос келтирган Тўйбеков сўзларидан Озодликнинг қирғиз хизмати.

Қирғизистон Коммунистлар партияси масъули бошқа партиялар вакилларига ҳам ўз акциясига қўшилишни таклиф қилган.

Ўтган якшанба Бишкек шаҳар кенгаши депутатлигига бўлиб ўтган сайловда 45 та мандат учун 25 партия кураш олиб борган. Дастлабки маълумотларга кўра, қонунду белгиланган 7 фоизлик тўсиқдан бу партияларнинг 6 тасигина ўта олган, холос.

12 апрель куни маҳаллий сайловлар натижасидан норози бўлган партиялар вакиллари МСК биноси олдига келиб, митинг уюштирганлар.

Қирғизистонда 11 апрель куни бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда сайловчилар 448 кенгашга (420 таси қишлоқ кенгаши, 28 таси эса шаҳар кенгаши) депутат сайлаганлар.

Канада Туркияга ҳарбий техника экспорт қилишни тақиқлади

Президент Илҳом Алиев "Қорабоғ Озарбайжондир" деган тарғибот панноси олдида.

Туркиянинг НАТО доирасидаги иттифоқчиси бўлган Канада Тоғли-Қорабоғ урушида Озарбайжон Канадада ишлаб чиқарилган учувчисиз бошқариладиган самолётлардан фойдалангани тергов томонидан тасдиқлангани ортидан Туркияга ҳарбий техника сотишни тақиқлади.

Канада ўтган йилнинг октябрида Туркияга ҳарбий техника сотишни вақтинча тўхтатган эди. Бунга Туркия Канада ҳарбий техникасини Тоғли Қорабоғ урушида Озарбайжонни қўллаб-қувватлаш учун тақдим этгани юзасидан тергов бошлангани сабаб бўлганди.

Канада ташқи ишлар вазири Марк Гарно: “Ҳарбий техниканинг бу тарзда қўлланилиши Канаданинг ташқи сиёсатига ва Туркиянинг ҳарбий техникадан фақат ўзи фойдаланиши юзасидан олган мажбуриятларга зид келади”,-деб айтди.

Қарорга асосан Туркияга 29 турдаги ҳарбий техник воситаларни, жумладан, учувчисиз бошқариладиган самолётлар учун керакли жиҳозлар ва эҳтиёт қисмларни сотиш тақиқланди.

АҚШда “полициячи қўқисдан” афроамерикаликни ўлдиргани ортидан норозилик намойишлари бўлмоқда

Полиция норозиларни тарқатмоқда.

АҚШнинг Миннеаполис шаҳрида икки кундан бери тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари тўхтамаяпти. Намойишлар 11 апрелда полициячи афроамерикалик 20 ёшли Даунт Райтни отиб қўйгани ортидан бошланиб кетди.

Аввалроқ полиция бошлиғи Тим Гэннон полициячи Райтни “англашилмовчилик оқибатида қўқисдан отиб қўйгани” ҳақида билдирган.

Полиция 11 апрелда эълон қилган видеоёзувда полициячи ва Райт ўртасидаги жанжал акс этган. Полициячи автомашинада кетаётган Райтни йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун тўхтатган ва у аввалги қоидабузарлиги учун солинган жаримани тўламаганини ҳам аниқлаган.

Полициячи Райтнинг қўлига кишан солмоқчи бўлганида, Райт полициячини итариб ташлаб, машинасига ўтирмоқчи бўлади. Шунда полициячи “Мен сени қўлга оламан. Электрошокер! Электрошокер” Электрошокер!” деб уч маротаба огоҳлантирган.

“Аммо полициячи электрошокер ўрнига янглишиб тўппончасини чиқарганини билмаган ва қўқисдан отилган ўқдан мистер Райт вафот этган”,-деди Тим Гэннон.

Полиция тартибсизликларга айланиб кетган намойишларни бостириш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни қўлламоқда.

Толибон Туркияда ўтадиган Афғонистон тинчлик конференциясида қатнашишга тайёр эмаслигини билдирди

Толибоннинг Қатардаги сиёсий офиси матбуот котиби Муҳаммад Наим.

Толибон Туркияда 16 апрелда бошланадиган Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларда иштирок этишга тайёр эмаслигини эълон қилди. Толибоннинг Қатардаги сиёсий офиси матбуот котиби Муҳаммад Наим 12 апрель куни Озодлик радиосига ҳаракат бу музокарага кейинроқ қўшилиш эҳтимолини муҳокама қилишини айтди.

Наим Толибон музокараларда иштирок этишдан нега бош тортаётганига изоҳ бермади. Толибоннинг бу қарори АҚШнинг Афғонистонда тинчлик музокараларини ўтказиш урунишига берилган зарба бўлди.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтадиган мазкур конференция АҚШ томонидан уюштирилган эди. Ўн кунлик анжуманда Афғонистон ҳукумати, Толибон, Покистон, Эрон, Ҳиндистон, Хитой ва Россия ҳукумати вакиллари иштирок этиши режалаштирилганди.

Ҳиндистон Россиянинг Sputnik V вакцинасини қўллашга рухсат берди

Sputnik V вакцинасини Сербияга экспорт қилиш пайтида олинган сурат. 22 февраль, 2021 йил.

Ҳиндистон Россиянинг коронавирусга қарши Sputnik V вакцинасини шошилинч қўллашга рухсат берди. Айни пайтда 1,3 миллиард аҳолиси бор бу мамлакатда вакцина етишмовчилиги ва коронавируснинг иккинчи тўлқини авжига чиққан.

Ҳиндистон Россия вакцинасини қўллашга рухсат берган аҳолиси энг кўп мамлакат бўлди. Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасининг билдиришича, шу кунгача Sputnik V вакцинасини умумий аҳолиси сони 3 миллиард бўлган 60та мамлакатда қўллашга рухсат берилди.

Шу кунгача Ҳиндистонда коронавирусга қарши 100 миллион доза Коваксин ва Ковишилд вакциналари ишлаб чиқилди. Бу AstraZeneca вакцинасининг маҳаллийлаштирилган номланишидир.

Москва расмийларининг билдиришича, Россия Ҳиндистоннинг 5та фармацевтика ширкати билан йилига 850 миллион доза Sputnik V вакцинасини ишлаб чиқариш тўғрисидаги шартномага эришган.

АҚШ ҳукумати Кремлни Озодлик радиосининг Қримдаги мухбирини қамоқдан бўшатишга чақирди

Владислав Есипенко "Украина фойдасига жосуслик қилганликда" айбланиб 10 март куни қўлга олинган.

АҚШ Давлат департаменти Кремлни Озод Европа-Озодлик (RFE / RL) радиосининг Россия томонидан босиб олинган Қримдаги мухбирини қамоқдан бўшатишга чақирди.

Давлат департаменти халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларининг мухбир “телевидения орқали айбловни тан олиши учун қийноққа солинган” деган фикрига қўшилади.

“Россиянинг Қримни босиб олган ҳукумати айбловни тан олдириш мақсадида @RFERLнинг жамоатчи мухбири [Владислав] Есипенкога қийноқ қўллагани тўғрисидаги хабарлардан ташвишдамиз. Биз уни озод этишга, Россия ҳукуматини эса Қримда “мустақил овоз”ларни бўғмасликка чақирамиз”,-деб ёзди 13 апрель куни Твиттер саҳифсида Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс.

6 апрель куни Есипенконинг адвокати ўз ҳимоясидаги одам ёпиқ суд жараёнида уни электр токи билан қийнашганини, калтаклашганини ва ўлдириш билан таҳдид қилишганини айтган. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари ундан “Украина фойдасига жосуслик қилганини” тан олишни талаб этишган.

RFE / RL президенти Жейми Флай ҳам Москвани Есипенкони озод этишга ва унинг Украинадаги оиласи билан бирлашишига тўсқинлик қилмасликка чақирган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Есипенкони Украина разведкаси фойдасига жосуслик қилганликда айбламоқда.

ФХХнинг билдиришича, тинтув пайтида Есипенконинг автомашинасидан “портловчи мосламага ўхшаган нарса” топилган. Кейинроқ журналист “ўқ отар қурол ясганлик”да айбланди. Мазкур моддага асосан у 6 йилгача қамалиши мумкин.

Есипенко билан Россиядаги телеканаллардан бирида 18 март куни интервью уюштирилган. Мазкур интервью пайтида Есипенко ўзининг “Украина фойдасига жосуслик қилгани”ни тан олган.

Адвокатнинг айтишича, Есипенкога у гапирадаган гапларни қоғозга ёзиб беришган. Унга савол берган шахслар эса журналист эмас, Есипенкони қўлга олган шахслар бўлган.

Беларусда Euronews телеканали трансляцияси тўхтатилди

Александр Лукашенко Euronews мухбири саволларига жавоб бермоқда (архив сурати)

Беларусда 12 апрелдан Euronews телеканали трансляцияси тўхтатилди. Беларус Ахборот вазирлиги вакиллари РИА “Новости”га ретрансляция реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилгани аниқлангани туфайли тўхтатилганини билдирганлар. Вазирлик сайтидаги хабарномада эса Беларусь ҳудудида сигнал тарқатиш учун Euronews телеканалига берилган рухсатнома муддати тугаганини айтилган.

Айни пайтда 12 апрелдан Беларусда Россияда ишлаб чиқарилиб, Иккинчи жаҳон уруши воқеаларига бағишланган ПОБЕДА (Ғалаба) номли теледастурлар ёйинлана бошлангани айтилмоқда. Дастурлардан совет ҳарбий киноси, Россия фильмлари ва сериаллари, Иккинчи жаҳон урушига оид ҳужжатли фильмлар, фахрийларнинг хотиралари, тарихчилар билан интервьюлар ўрин олган.

Euronews Европанинг туну кун узлуксиз ишлайдиган ахборо телеканали бўлиб, у 13 тилда фаолият юритади. Беларусь Журналистлар ассоциацияси вакиллари Euronews ёйинининг тўхтатилишига сабаб ўлароқ кўрсатилган тартиббузарлик шунчаки баҳона бўлиши мумкинлигини истисно қилмаганлар.

“Афтидан, бу беларус халқини янада ахборот қамалида қолдириш мақсадида амалга оширилди. Расмийлар ёздан бери системали равишда беларус жамияти атрофида “Хитой девори” барпо эта бошлаганлар — журналистларни қатағон қилиб, нашрларни ёпганлар”, дея иқтибос келтиради БелаПАН агентлиги Беларусь Журналистлар ассоциацияси раисининг ўринбосари Борис Горецкий сўзларидан.

Беларусда ўтган йил август ойидан бери президент сайлови расмий натижаларига қарши оммавий норозилик чиқишлари давом этмоқда. Мазкур натижаларга кўра, Александр Лукашенко олтинчи марта давлат раҳбари дея эълон қилинган. Ғарб мамлакатлари уни легитим сайланган президент ўлароқ тан олмаганлар. Шу билан бирга, тинч намойишчилар куч билан тарқатилгани ва инсон ҳуқуқлари бузилгани важидан Лукашенко ва унинг атрофидаги қатор мулозимларга нисбатан санкциялар жорий этилган. Минск Ғарб жамоатчилиги томонидан билдирилган барча айбловларни рад этиб келади. Москва президент сайловидан кейин беларуслик расмийларни дастаклаган.

Россия Туркия билан ҳаво қатновини ёзгача тўхтатиб қўйди

Россия Туркияга авиақатновларни бир ярим ойга - 15 апрелдан 1 июнгача тўхтатиб қўйди. Бунга оид қарор 12 апрель куни Россия ҳудудига COVID-19 коронавирус инфекциясини кириши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тезкор штаб томонидан қабул қилинган. Чекловлар Туркия аэропортларига қатнайдиган Россиядаги йўловчи ташийдиган авиаширкатларга дахлдор.

Мазкур қарор Россия бош вазирининг ўринбосари Татьяна Голикова томонидан очиқланди. Мулозимага кўра, фақат Истанбул-Москва йўналиши бўйлаб ҳафтасига икки марта амалга ошириладиган рейсгина сақлаб қолинади. Шунингдек, Туркияда юрган россиялик туристларни “олиб чиқиш рейслари” ҳам ташкил этилади.

Ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли россияликларнинг кўпи Туркияга боролмай қолган. 2019 йили эса бу мамлакатга Россиядан 7 миллиондан зиёд сайёҳ борган эди.

Туркияда коронавирус билан боғлиқ вазият ўтган жума куни икки мамлакат президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон тарафидан муҳокама этилганди. Ўша куннинг ўзида Россия Туркияга авиапарвозларни тўхтатиши мумкинлигига оид маълумотлар пайдо бўлган.

Шанба куни Украина президенти Владимир Зеленский Истанбулга борган. У билан учрашув чоғида Эрдўғон Туркия Россия томонидан Қримнинг аннексия қилинишини тан олмаслигини билдирган.

Тожикистонда “Мусулмон биродарлар”га алоқадор 100 дан зиёд одам қамалди

Тожикистон Олий суди шу йил 9 апрелида “Мусулмон биродарлар” (Иҳвонул-муслимийн) ташкилотига алоқадорликда айбланган 119 киши устидан ҳукм чиқарган. Бу ҳақда “Азия-Плюс” агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган. Бу хабарни тасдиқлаоган Олий суд маҳкама тафсилотларига оид маълумотларни кейинроқ тақдим этишни ваъда қилган.

Қайд этилишича, суд ҳукми билан 117 нафар киши 5 йилдан 23 йилгача озодликдан маҳрум қилинган, судланувчилардан яна икки нафарига жарима солинган. Суд Тожикистон миллий университетида дарс бериб келган мисрлик Муҳаммад Баюмийга 23 йиллик қамоқ жазоси тайин этган. Тергов тахминига кўра, Баюмий гуруҳ раҳбари бўлган.

Мазкур университетда дарс берган яна бир мисрлик ўқитувчи 7 йилга қамалган. Руҳоний Исмоил Қаҳҳоров 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қолган айбланувчиларга 5 йилдан қамоқ жазоси берилган бўлиб, улар орасида Тожикистон ОТМларининг талабалари ва ўқитувчилар ҳамда қатор давлат идоралари ходимлари бор.

Ўтган йил бошида Тожикистонда “Мусулмон биродарлар” ташкилотига алоқадорликда гумонланганлар ёппасига тутиб кетилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ расмийлар бу маълумотни орадан бир ой ўтганидан кейингина тасдиқлагандилар. Ўша пайтда мамлакат Бош прокуратураси мазкур ташкилотнинг мақсади “ҳокимиятни куч билан ағдариш ва у ёки бу мамлакатда исломий давлат барпо этиш” эканини билдирган.

Мазкур иш бўйича маҳкама жараёни 2020 йил июлида бошланган ва ёпиқ эшиклар ортида ўтган. “Мусулмон биродарлар” ташкилоти Тожикистон Олий судининг 2006 йилдаги қарори билан мамлакатда тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG